Жаҳон | 07:11 / 24.11.2022
4004
2 дақиқада ўқилади

Зеленский жаҳон ҳамжамиятидан ҳаво ҳужумига қарши энг янги мудофаа тизимларини сўради

Володимир Зеленский жаҳон ҳамжамиятини Украинани ҳаво ҳужумидан мудофаа энг янги тизимлари билан таъминлашга ва «террорчи давлат» сифатидаги Россияни халқаро ташкилотларда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилишга чақирди. 

Фото: president.gov.ua

Бундан ташқари, Украина президенти БМТ Хавфсизлик кенгашининг Россия томонидан ўз мамлакатининг муҳим инфратузилмасига ҳужумлари муносабати билан чақирилган фавқулодда йиғилишида сўзга чиқиб, Москва билан тинчлик музокаралари ўтказиш чақириқларини танқид қилди

«Бизнинг тинчлик формуламизга жавобан Россия террор формуласини таклиф қилмоқда», деб таъкидлади Зеленский ва Россия Федерацияси фақат «террор, беқарорлик ва дезинформация» тарқатишини қўшимча қилди.

Бундан олдин 23 ноябр куни Россия қўшинлари Украина ҳудудлари бўйлаб ёппасига ракета зарбалари йўллади. Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенко россиялик ҳарбийлар «Украина энергия таъминот объектларини йўқ қилишга уринаётгани»ни айтди. 

Украина расмийларига кўра, янги ракета зарбалари оқибатида уч регион тўлиғича электр таъминотисиз қолган: Киев, Одесса ва Черниҳив областлари. «Укрэнерго» хабарига кўра, отишмалар туфайли Украинанинг барча ҳудудларида электр энергияси авариявий ўчирилиши мумкин. Бутун мамлакат бўйлаб интернет фаолиятида узилишлар кузатилмоқда. 

«Энергетик террор давом этмоқда», — деди Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак. Мамлакат президенти Володимир Зеленский Украина бўйлаб жами 67 ракета учирилганини хабар қилган. Полиция маълумотига кўра, сўнгги ҳужумлар оқибатида жами олти киши ҳалок бўлиб, 36 киши жароҳатланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид