Ришарлисоннинг голи —  олтин коллекция учун шедевр. Серблар бир соат қаршилик кўрсатишди, аммо бразилиялик сеҳргарларни тўхтата олишмади.

ЖЧ-2022. 1-тур. G гуруҳи
Бразилия — Сербия 2:0
Голлар: Ришарлисон (62, 73).
Бразилия – Алиссон, Данило, Силва, Маркиньос, Сандро, Каземиро, Пакета (Фред, 75), Неймар (Антони, 80), Ришарлисон (Жезус, 79), Рафинья (Мартинелли, 87), Винисиус (Родриго, 76). 
Сербия – Милинкович-Савич, Велькович, Миленкович, Павлович, Младенович (Влаҳович, 66), Гудел (Илич, 57), Милинкович-Савич, Лукич (Лазович, 66), Живкович (Радонич, 57), Тадич, Митрович (Максимович, 83).
Огоҳлантиришлар: Павлович (7), Гудел (49), Лукич (64).

Фаворитлардан охирги бўлиб турнирга қўшилгани Бразилия бўлди. Айтиш мумкинки, улар ўзига ҳаддан юқори ишонч қурбони бўлган бошқа топ-терма жамоаларнинг хатоларидан сабоқ чиқариш имконига эга эди. Фақат немислар ва аргентиналикларни оқламаган ҳолда уларнинг ўйинга ўта хотиржамлик билан қараганини тушуниш мумкин: рақиблар олдиндан гуруҳ аутсайдерлари мақомида эди. Бразилларни эса биринчи турда анча мустаҳкам Сербия кутаётганди ва бу ўринда қандайдир менсимаслик ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди.

Умуман олганда, фақат биринчи ўринни олишни ўз олдига мақсад қилган жамоа ҳеч қайси ўйинда хотиржамликка берилмаслиги керак. Аммо, масалан, Неймарнинг шортигида олтита чемпионлик юлдузи акс этган фото такаббурлик сифатида баҳоланди. Бунга жавоб қайтарган Ришарлисон эса шунчаки бу ҳақда ёзган немис журналистини ҳақоратлади ва шундай деди: «Биз олтинчи юлдуз ҳақида орзу қиляпмиз ва уни қўлга киритамиз». Айтиш керакки, бу тасодифий ҳолат эмас, балки тизимлидир.

Аргентиналиклар ҳам Месси учун соврин ютиб беришни орзу қилаётган бўлса-да, ўз чиқишларида анчагина камтарлик қилишмоқда, уларнинг абадий рақиблари эса тийилиб ўтирмаяпти. Масалан, тиним билмас Дани Алвес Жаҳон кубогини қўлга киритиш хаёли билан ухлаши ва уйғонганида ҳам фақат шуни ўйлашини тан олди. Неймар эса жаҳон чемпионатидаги ғалабани энг ардоқли орзуси деб атади ва Мессига финалда уни енгиб, совринни қўлга киритишни ваъда қилиб ҳазиллашганини айтиб берди.

Бу ўзига ҳаддан ташқари юқори ишончми? Бўлиши мумкин, лекин булар бразиллар. Уларнинг барчаси шунақа — футболчилар, мухлислар ва ҳатто мамлакатнинг янги сайланган президенти Лула да Силва, у ҳам 20 йил ўтгач яна чемпион бўлиш вақти келгани ҳақида гапирди. Турнир якунида бош мураббийликни тарк этадиган Тите эса унинг мамлакатидаги футбол маданияти ва босим ҳақида гапирганда айнан шуни назарда тутганди.