Норвегия Исроилни аямади, Роналду пеналтидан гол уролмади. Кун ўйинлари
|16:32 / 12.10.202517 14714 мин
Туркия сафарда 6 та гол урди, Италия яна мундиалдан қолиб кетиши мумкин. ЖЧ-2026 саралаши доирасида Европада шанба оқшомида ўтказилган ўйинлар ва гуруҳлардаги вазият.
Ослодаги ўйинда, кутилганидек, трибуналарда Фаластиннинг ҳам кўплаб байроқлари кўтарилди. Ўйиннинг ўзи эса Ҳоланд пеналтини аниқ ижро эта олмаслиги билан бошланди, ҳолбуки унда иккита уриниш бўлганди (биринчи уринишда дарвозабон ўрнидан вақтлироқ қимирлаб қўйгани учун). У тўпни турли бурчакларга йўналтирганига қарамай, Даниэл Перец унинг икки зарбасини ҳам қайтарди. 18-дақиқада эса исроилликлар яримҳимоячиси Халаили ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Эрлингнинг ўзи биринчи бўлим ўрталарида барибир ўз голини урди ва терма жамоадаги голли сериясини тўққиз ўйинга етказди. Бир дақиқа ўтиб энди исроилликлар ҳимоячиси Ҳоланднинг босими остида ҳаракатланиб, дарвозабондан қайтган тўпни ўз дарвозасига киритиб юборди. У оқшомнинг энг омадсиз футболчисига айланди ва бир неча дақиқа ўтиб жароҳат туфайли майдонни тарк этди.
Иккинчи бўлимда Эрлинг яна икки гол урди ва миллий жамоа сафидаги 46-ўйинида голлари сонини 51 тага етказиб қўйди. Шундан 13 таси ҳозирги саралаш циклига тўғри келади у олти ўйинда шунча гол уришга улгурди. Норвегия эса олти ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди. Эндиликда Стол Солбаккен шогирдлари ўзи учун камида плей-офф масаласини ҳал қилди, Исроил учун эса кейинги турда Италияга қарши ўйин ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
Италия учун Таллиндаги ўйин омадли бошланганди. Аммо тезкор гол урган Мойзе Кин (у жаҳон чемпионатига саралаш босқичида қаторасига тўрт ўйинда гол уриб, Луиджи Рива, Роберто Беттеги ва Филиппо Индзагининг натижасини такрорлаганди) 15-дақиқадаёқ жароҳат туфайли майдонни тарк этди.
Шу билан бирга, унинг ўрнига тушган Пио Эспозито иккинчи бўлимда терма жамоадаги илк голини уриб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Унгача эса жамоанинг яна бир ҳужумчиси Ретеги ҳам мезбонлар дарвозасини ишғол этганди, унда шу куни дубл бўлиши мумкин эди, аммо пеналтидан фойдалана олмади. Ўйин охирларида Доннарумма қўпол хатога йўл қўйиб, тўпни мезбонлар ҳужумчиси Саппиненнинг оёқларига ташлаб берди ва «Скуадра адзурра» йирик ҳисобни сақлаб қола олмади. Лекин бу ғалаба Женнаро Гаттузо шогирдларининг вазиятини яхшилай олмайди.
Катта эҳтимол билан, гуруҳда норвеглар биринчи ўринни эгаллайди, саралаш босқичи якунига икки тур қолганида Норвегия ва Италия орасидаги фарқ олти очкони ташкил этмоқда. Норвегия кейинги турда ўз уйида Эстонияни мағлуб этиш орқали амалда мундиал йўлланмасини нишонлаши мумкин, вазиятни ўзгартириш учун Италия қолган уч ўйинида ҳам ғалаба қозониши ва охирги турда тўплар нисбатини яхшилаш учун Норвегияни (айни вақтда скандинавларда +26, италянларда +7) ўта йирик ҳисобда мағлуб этиши керак бўлади.
Амалда Италиянинг гуруҳдаги рақобатчиси Норвегия эмас, балки Исроилдир. Италия иккинчи ўрин билан плей-оффга ўтган тақдирда ҳам осон бўлмайди, йўлланмага эга чиқиш учун иккита ўйин ўтказиш керак бўлади ва бу босқичда Чехия, Словакия, Туркия, Сербия, Украина каби кучли рақиблардан иккитасига қарши ўйнашга тўғри келади.
14 октябр. Эстония – Молдава, Италия – Исроил.
13 ноябр. Норвегия – Эстония, Молдава – Италия.
16 ноябр. Исроил – Молдавия, Италия – Норвегия.
Испания бу ўйинда Ямал бошлиқ қатор етакчи футболчиларини тушира олмади, Гуржистонда эса оптимал таркибни тушириш имкони бор эди, Кварацхелия жароҳатидан тузалишга улгурганди. Аммо шундай ҳолатда ҳам меҳмонлар ўйинни асосан ҳимояланиш билан ўтказишига тўғри келди ва жамоада энг кўп ишни Мамардашвили бажарди – у дарвоза соҳасига тўғри йўлланган бешта зарбани қайтарди. «Валенсия»даги фаолияти давомида испан футболчилар билан яхши таниш бўлгани унга қўл келди дейиш ҳам мумкин, у Ойярсабал билан яккама-якка вазиятда устун келди, шунингдек Ферран Торреснинг пеналтисини қайтарди. Аммо Педрининг ажойиб узатмаси ва Ле Норман дарвозабон ҳудудида турган Йереми Пинога тўпни қулай қилиб ташлаб беришидан кейин ожиз қолди.
«Қизил фурия» ҳужумкорликни давом эттирди, лекин ҳадеганда иккинчи голни ура олмади. Масалан, Торрес бўш бурчакни аниқ нишонга ололмади, Педро Порро ва Ойярсабал эса бир ҳужумнинг ўзида икки бор устун ва тўсинни нишонга олишди. «Реал Соседад»форварди бир неча вазиятда қулай вазиятни йўққа чиқариб, бошини ушлаб қолди, аммо у якунда барибир майдонни голсиз тарк этмайдиган бўлди. 64-дақиқада у жарима зарбасидан тўпни тўсин остига михлади. Ойярсабал терма жамоада 2025 йил бошидан буён урган голлари сонини 10 тага етказди ва бу борада фақат Ҳоланддан ортда (15). Испания гуруҳнинг яккапешқадамига айланди, Гуржистон эса Туркия билан иккинчи ўрин учун кураш олиб боради.
Болгариядаги ўйиннинг биринчи бўлимида Туркия тўпга эгалик қилиш бўйича 79 фоиз устунликка эга бўлди, аммо жамоалар танаффусга 1:1 ҳисобида йўл олишди. Иккинчи бўлимда эса барчаси жой жойига тушди: туркиялик вундеркиндликлар барчасини ҳал қилишди. Гулер 1+2 қайд этди, Йилдиз дублни расмийлаштирди. Яна бир вазиятда болгариялик Виктор Попов ўз дарвозасини ишғол этиб, рақибнинг устунлигини мустаҳкамлади. Якунда турклар 6:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва биринчи ўрин учун курашда қолди.
Табиийки, шанба оқшомида Криштиану Роналдудан навбатдаги рекорд кутилганди – у жаҳон чемпионатлари саралаш босқичларидаги 40-голини уриши мумкин эди. Аммо унинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган кучли зарбасидан кейин тўп устунга тегди, қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Бернарду Силванинг эса яқин масофадан туриб тўпни бўш бурчакка киритиб юбора олмади.
Ва бу ҳали ҳаммаси эмасди. Роналду иккинчи бўлим ўрталарида жарима майдони марказида туриб яхши зарба беролмади, кейин эса пеналтидан ҳам гол уролмади. О'Ши жарима майдони ичида тўпни қўли билан ўйнаганидан кейин арбитр нуқтани кўрсатганида, «Жозе Алваладе» ўйингоҳига йиғилганлар тарихий голга тайёрланиб, ҳайқиришди. Аммо сўнгги ҳафталарда Мбаппе ва Бруну Фернандеш ижросидаги 11 метрлик жарима зарбаларини ҳам бартараф этган Келлеҳер бу сафар Криштианунинг марказга йўллаган зарбасини оёқлари билан тўсиб қолди.
Шунинг ўзи ҳам ўзига хос юбилейга айланди – Криш терма жамоа ўйинларида ўнинчи бор пеналтидан фойдалана олмади. Келлеҳер эса ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда антиқаҳрамонга айланди, у Тринкаунинг узатмасига чиқишда хатога йўл қўйди ва Рубен Невеш бўш қолган дарвозани ишғол этди. Португалия уч учрашувда уч ғалабага эришган ҳолда гуруҳ пешқадамлигини давом эттирди, Ирландия эса гуруҳнинг сўнгги ўрнида қолмоқда ва кейинги турда Арманистон билан ўйинда британларга ғалаба сув ва ҳаводек зарур бўлади.
Егише Меликян ирландларга қарши ўйинда иш берган схемани такрорлади — футболчилар яна 3-4-3 бўйича жойлашди. Аммо бу сафар ғалаба қозонишнинг имкони бўлмади: Болла рақиб ҳимоя чизиғини битта пас билан кесиб ўтди ва Лукачни дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқариб юборди. Арманистонда ўйин охиригача ҳисобни мағлубиятдан қутулиш учун имконият сақланиб қолди, аммо қўшимча дақиқаларда қарши ҳужумдан иккинчи голни ўтказиб юборди. Энди арманлар кейинги турда Ирландияда ҳам ютқазадиган бўлса, иккинчи ўрин учун курашни ҳам тарк этиши мумкин.
Сербларни бу саралаш босқичида умуман тушуниб бўлмаяпти: жамоа ўз уйида ғалаба қозониб, иккинчи ўринга чиқиб олиши мумкин эди, аммо албанларга ютқазди. Ғалаба голи биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Рей Манай томонидан урилди, мезбонлар ҳужум чизиғидаги Влаҳович, Митрович, Самаржич ва бошқалар эса ҳеч нарса ўйлаб топа олишмади. Энди жамоа иккинчи ўриндаги Албаниядан тўрт очкога ортда қолмоқда. Бу сафар жаҳон чемпионати сербларсиз ўтадиган кўринмоқда. Азалий рақибга қарши ўйиндаги мағлубиятдан кейин жамоа бош мураббийи Драган Стойкович истеъфо берди.
Андорра ЖЧ саралаш босқичларидаги илк очкосини ишлаб олди. Қолаверса футбол карликлари қаторидаги бу жамоа икки йил ичида илк голини урди. Бир ўйиннинг ўзида икки марта. Латвияликларнинг омади келмади: улар ҳамон иккинчи ўрин учун курашаётганди, аммо бу ўйин натижасидан кейин вазифа максимал даражада оғирлашди.