Жаҳон | 21:09 / 25.11.2022
13092
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон парламентида Бишкекни дерусификация қилиш таклиф этилди 

Қирғизистон парламенти спикери Шакиев Бишкекдаги туманларнинг русча номларини ўзгартиришга чақирди. 

Фото: Akipress

Бишкек ҳокимияти зудлик билан шаҳар туманлари номини давлат тилига мос равишда ўзгартириб, дерусификация қилиши керак. Бундай чақириқни Қирғизистон парламенти спикери Нурланбек Шакиев умуммиллий қурултойдаги чиқиши чоғида айтди. 

Сиёсатчининг фикрича, мамлакат раҳбарияти қирғиз тилини ривожлантириш бўйича режаларни тўлиқ амалга ошира олмади ва таклиф этилаётган чора бу йўлда биринчи қадам бўлиши мумкин. «Қирғизистондаги баъзи аҳоли пунктлари ҳамон бошқа тилларда номланади», - деб эътироз билдирди Шакиев. 

Қирғизистон парламентининг айрим депутатлари ҳам худди шундай ташаббус билан чиқишди. 

Масалан, Бишкек таркибида Первомайский, Октябрский, Ленинский ва Свердловский номли туманлар бор.  

«Биз соф қирғизча номларни беришимиз керак», деди депутат Ойбек Олтинбеков. 

Қирғизистонда сўнгги парламент сайловлари 2021 йилнинг ноябрида бўлиб ўтди. Натижалар тасдиқланганидан кейин маълум бўлишича, мамлакат тарихида биринчи марта рус миллатига мансуб номзодлардан ҳеч ким қонун чиқарувчи органга сайлана олмаган. Бошқа миллий озчиликлар орасида дунганлардан уч, ўзбек ва тожиклардан эса бир нафар депутат бор. 

Мавзуга оид