27 йилдан бери анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган БМТнинг иқлим бўйича йиғилиши – COP27 бу йил 6–18 ноябр кунлари Мисрнинг Шарм ал-Шайх шаҳрида ўтказилди.

Саммитдан асосий кутимлар ривожланаётган давлатлар учун товон пули тўлашни тезлаштириш, АҚШ, Европа Иттифоқи, Хитой, Ҳиндистон, Бразилия, Индонезия ва Жанубий Африкадан иссиқхона газини камайтириш бўйича аниқ режа талаб қилиш эди.

Хўш, бу йилги йиғилиш мақсадига эришдими, ундан иқлимшуносларнинг кўнгли тўлдими?

Саммитнинг асосий ютуғи

COP27 катта тортишув ва баҳсларга бой ўтди. 48 соатлик музокаралардан кейин ва ниҳоят ривожланган давлатлар иқлим ўзгариши натижасида камбағал давлатлар бошига келган офатлар учун товон тўлайдиган бўлди. Бу “Йўқотишлар ва зарарлар учун жамғарма” деб номланиб, иқлимшунослар уни “тарихий битим” деб аташган. Чунки иқлим ўзгариши салбий таъсиридан ривожланаётган давлатлар 30 йилдан бери азият чекиб келяпти. Қолаверса, ривожланган давлатлар товон пули тўлашдан ўзини олиб қочиб юрганди.

Иқлим ўзгариши ўта жиддий хавф соладиган ҳудудлар раҳбарлари саммит бошида қатъий нутқлар қилиб, товон пули ундириш мақсадидан воз кечмасликларини айтишганди. Чунки иқлим ўзгариши ҳар йили саноқсиз қурбонларга сабаб бўляпти. Жумладан, 2022 йил ёзида тошқинлар сабаб Покистонда 1700 одам вафот этган, зарар эса 40 миллиард долларга тушган. Иқлимшуносларнинг айтишича, айнан шу рақамлар саммитда ривожланган давлатларни сергаклантиришга сабаб бўлган.

Қўлдан бой берилган имконият

Товон пули масаласи саммитнинг энг катта ютуғи бўлди. Бироқ бу саммит мақсадига эришганини англатмайди. Нега? Чунки Буюк Британия, Европа Иттифоқи давлатлари ва Янги Зеландия каби ривожланган мамлакатлар иқлимни энг ифлослайдиган маҳсулотдан – кўмирдан фойдаланишни қисқартириш масаласини эътиборсиз қолдирди.

Якуний келишувда ҳам давлатлар қазиб олинадиган ёнилғилардан фойдаланишни камайтириш мажбуриятини қабул қилмади.

Маълумотларга кўра, бунга тўсқинлик қилган асосий куч G20 давлатлари бўлган. Унинг ўрнига бу йил саммит матнида “ифлосланиш даражасини пасайтириш ва қайта тикланадиган энергия” деган пункт қўшилган. Буни иқлимшунослар “бу йил ҳам бой берилган имконият” деб аташмоқда.