Жаҳон | 15:31 / 14.11.2024
1161
3 дақиқада ўқилади

COP29: иқлимни муҳофаза қилиш учун йилига 1,3 трлн доллар

Иқлимни молиялаштириш бўйича халқаро битимнинг биринчи лойиҳаси ривожланаётган мамлакатлар томонидан рад этилди. Янги вариант ушбу мақсадлар учун йилига камида 1,3 триллион доллар ажратишни назарда тутади.

Фото: Холли Адамс / Bloomberg / Getty Images

БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP29) 29-сессияси доирасида дунёнинг қашшоқ мамлакатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган иқлим дастурларини молиялаштириш бўйича янги келишув лойиҳаси йилига камида 1,3 триллион доллар ажратишни назарда тутади. 13 ноябр, чоршанба куни Бокуда чоп этилган 34 саҳифали ҳужжатда маблағларни таъминлашнинг аниқ вариантлари кўрсатилган, бироқ баъзи мунозарали масалалар ҳал этилмаган, деб таъкидлади AFP ахборот агентлиги.

Иқтисодий жиҳатдан энг кам ривожланган давлатлар - асосан Африкадагилар - камида 220 миллиард доллар ажратилишига эришмоқчи. Денгиз сатҳининг кўтарилишидан айниқса жабр кўраётган кичик орол давлатлари 39 миллиард доллар талаб қилмоқда.

COP29'да CO2'га сертификатларни сотиш қоидалари келишиб олинди

11 ноябр куни Озарбойжон пойтахти Бокуда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси иштирокчилари томонидан CO2 ташламаларига сертификатларнинг глобал савдоси бўйича асосий қоидалар тўплами келишиб олинди.

Бу қадам 2015 йилда иқлим бўйича Париж келишуви тузилганидан бери кутилаётган муҳим механизм ишга туширилишини англатади, деб хабар беради AFP. Озарбойжон экология ва табиий ресурслар вазири Мухтор Бобоев эришилган натижаларни «мисли кўрилмаган ютуқ» деб атади ва шу билан бирга, эмиссион сертификатлар савдосини тартибга солиш бўйича қўшимча ҳаракатлар зарурлигини таъкидлади.

Иқлим ҳимоясини молиялаштириш масаласи

Озарбойжондаги форумда муҳокама қилинаётган муҳим мавзулардан бири иқлимни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни келгусида молиялаштириш масаласидир. Мутахассислар бу борадаги чора-тадбирларни молиялаштириш заруратини йилига камида бир триллион АҚШ доллари (конвертация қилинганда: 0,94 триллион евро) деб ҳисобламоқда. Айрим кузатувчилар бу кўрсаткични 2,4 триллион доллар (2,2 триллион евро) деб айтишган. Ушбу ҳисоб-китоблар нафақат давлат, балки иқлимни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларга хусусий сармояларни, хусусан, кредитларни тўлаш учун зарур бўлган маблағларни ҳам ҳисобга олади.

2025 йилгача иқлимни молиялаштириш бой, саноати ривожланган мамлакатларнинг йилига камида 100 миллиард доллар (93,29 миллиард евро) сарфлаш мажбурияти орқали таъминланади.

Германия ва бошқа бир қатор саноати ривожланган давлатларнинг позицияси шундан иборатки, Хитой ва Форс кўрфази давлатлари каби ўтиш давридаги иқтисодиётга эга бўлган бой давлатлар келажакда иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришда иштирок этишлари керак.

БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси 22 ноябрга қадар давом этади. Кузатувчилар унинг режадан ташқари узайтирилишини истисно қилишмаяпти.

Мавзуга оид