Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Британия мудофаа вазирлиги: Россия урушда қанотли ракеталарнинг ядровий каллакларини олиб ташлаб фойдаланмоқда
Буюк Британия мудофаа вазирлиги Россия эскираётган қанотли ракеталардан ядровий каллаклар олиб ташланиб, пахтавон каллаклар ишлатилаётганига эътибор қаратди.
Россия Украинадаги нишонларга ядровий каллаклари бўлмаган Х-55 русумли қанотли ракеталарини учирмоқда. Буюк Британия разведкасига кўра, совет иттифоқи даврида ишлаб чиқарилган бундай эски ракеталардан Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини чалғитиш ва ҳолдан тойдириш мақсадида фойдаланилаётган бўлиши мумкин.
Очиқ манбаларда 1980-йилларда ишлаб чиқарилган ва ядровий каллак ташиш воситаси сифатида мўлжалланган, Украинада уриб туширилган Х-55 ракеталари парчалари намойиш этилган. Жанговар каллаклар, катта эҳтимол билан пахтавон каллакка алмаштирилган.
Буюк Британия мудофаа вазирлиги қайд этишича, бундай ракета гарчи ўз кинетик энергияси ва ёнилғи қолдиқлари билан зарар келтира олса-да, нишонга жиддий шикаст етказа олмайди. Ўз-ўзидан, бундан мақсад украинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини чалғитиш ва ҳолдан тойдириш бўлиши мумкин.
Россиянинг мақсади қандай бўлишидан қатъи назар, бундай «импровизация» Россиянинг узоқ масофаларга учиш қобилиятига эга ракеталарининг «таги кўриниб қолгани»дан ҳам далолат беради.
17 ноябр куни Украинадаги нишонлар бўйлаб йўлланган ракеталар орасида ядро каллаги билан ишлатиш учун мўлжалланган Х-55 ракеталари ҳам бўлгани ҳақида 18 ноябр куни хабар қилинганди. Бу хабарларда ядро каллаги ўрнида бўш «болванка» (металл қуймаси) бўлгани айтилган.
Россия бошқа кунларда ҳам шундай ракета учиргани ҳақида аниқ маълумот йўқ.