Танлов йўқ сайлов. Қозоғистондаги президентлик сайлови қандай ўтди ва у қанчалик аҳамиятли?
Қозоғистонда 21 ноябрда бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловларида амалдаги давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев ғалаба қозонди. У кучсиз ва машҳур бўлмаган номзодлар билан рақобатда 81 фоиз овозни қўлга киритди.
Мустақил кузатувчилар сайловчиларнинг 70 фоизи сайловда қатнашгани ҳақдаги маълумотни шубҳа остида олди. Сайловдаги бу натижа, албатта, жиддий норозиликларга сабаб бўлмади. Чунки Қозоғистонда январ ойида юз берган оммавий норозилик намойишларида инсонлар ҳалок бўлди, қозоғистонликлар феврал ойидан бери Россиянинг Украинадаги урушини кузатмоқда ва улар янги тартибсизликларни хоҳламайди.
Участка сайлов комиссияси раиси ва комиссия жойлашган мактаб директори Ойгул Нурадилова йиғилган журналистларга президент сайловига байрамдек муносабатда бўлишини айтади. Унинг сайлов участкасидаги сайлов комиссиясининг барча аъзолари миллий либос кийган ва биринчи келган сайловчиларни бўғирсоқлар билан кутиб олган.
«Овоз бериш ҳар бир қозоғистонликнинг фуқаролик бурчидир. Ва умид қиламанки, кўпчилик овоз билан амалдаги президентни сайлаймиз, чунки биз бир халқ ва бир миллатмиз, бизни ягона келажак кутмоқда», — деган Нурадилова очиқчасига.
Президент ва массовка
Бу картина, умуман олганда, сайлов қандай атмосферада ўтганини ифодалайди. Ушбу президентлик сайловлари муддатидан олдин бўлиб ўтди: Тўқаев президентлик сайлови ўтказилишини, президент эндиликда фақат бир марта, аммо етти йиллик муддатга сайланиши белгиланган конституциявий ислоҳотлардан сўнг эълон қилди.
Тўқаев сайловда 81 фоиздан кўпроқ овоз олди, иккинчи ўринни эса «барча номзодларга қарши» рукни эгаллади. 6 фоиз сайловчилар номзодларнинг барчасига қарши бўлди.
Учинчи ўринни «Овул» партиясидан номзод Жигули Даирабоев эгаллади. Сайловчиларнинг 3,33 фоизи уни қўллаб овоз берди – бу Марказий сайлов комиссиясидан (МСК) мажбурий гаров пулини қайтариб олиш учун ҳам етарли фоиз эмас (бунинг учун 5 фоиз овоз йиғилиши керак эди).
Қолган тўрт номзод жиддий тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бормади. Улар асосан бир-бирини танқид қилди ва ўз чиқишларида Тўқаевни умуман тилга олмасликни афзал кўрди. Амалдаги президент, собиқ СССР мамлакатларида 1990-йиллардан бери мавжуд бўлган анъанага кўра, ҳатто теледебатларда ҳам иштирок этмади.
Расмий маълумотларга кўра, сайловда 8,1 миллионга яқин фуқаро, яъни сайловчиларнинг деярли 70 фоизи иштирок этди. Қозоғистонда сайловларни мустақил кузатиш институти унчалик ривожланмаган, бироқ мустақил кузатувчилар бўлган сайлов участкаларида сайловчиларнинг иштироки расман эълон қилинганидан сезиларли даражада кам бўлган.
Масалан, Қозоғистон ғарбидаги Каспий денгизи бўйида жойлашган Атирау шаҳридаги сайлов участкаларида кузатувчилар сайловчиларнинг 18 фоизи овоз бериш жараёнида қатнашганини маълум қилган.
Мамлакатнинг энг йирик шаҳри Олмаотада, ҳатто расмий маълумотларга кўра, сайловчиларнинг иштироки тахминан 28,7 фоизни, пойтахт Остонада эса 48,6 фоизни ташкил этган.
Европада ҳамкорлик ва хавфсизлик ташкилоти (ЕҲХТ) миссиясининг 300 нафар кузатувчиси Қозоғистондаги президентлик сайловини жиддий танқид қилди. Улар бюллетенлар ва сайловчилар овози ҳисобланишида шаффофлик ҳамда энг асосийси, сайловда ҳақиқий рақобат йўқлигини таъкидлаган.
«Амалдаги президент барча парламент партияларидан биргаликдаги номзод сифатида қатнашди ва аслида у кам имкониятли рақибларининг ҳеч қандай қаршилигига учрамади», деди ЕҲХТ миссияси раҳбари Урсула Гацек.
«Қозоғистонда МСК тўғридан тўғри ҳукуматга бўйсунади. Шунинг учун тушуниш керакки, ҳукуматда кўплаб назорат ричаглари бор ва улар сайловчилар иштироки ёки овозлар ҳақидаги маълумотларни манипуляция қилишга тўлиқ имкон беради», дейди қозоғистонлик сиёсатчи Димаш Алжанов.
«Адолатли сайловларгача яшай оламизми?»
Агар бундай натижа билан тугаган сайловлар кимдадир норозилик уйғотган бўлса, булар фақат ёш ва фаол сайловчиларнинг кичик бир қисми бўлди.
19 ёшли Қирмизининг BBC нашрига айтишича, унинг ўзи овоз беришда қатнаша олмаган. Чунки у Олмаотада яшайди, лекин доимий яшаш жойи сифатида бошқа вилоятда рўйхатдан ўтган.
У ва унинг «Уйғон Қозоғистон» (демократик ислоҳотларни тарғиб қилувчи ва инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилувчи уюшма) ҳаракатидан бўлган дўстлари Олмаота шаҳри бош майдонида намойиш ўтказишга уринади.
Улар қозоқ тилида «Адолатли сайловларгача яшай оламизми?» ёзуви туширилган плакатларни кўтарган заҳоти милиция уларни ушлаб, олиб кетади. Намойишчилар уч соатдан кейин қўйиб юборилади.
Алоҳида митинглар «Қозоғистоннинг демократик танлови» ҳаракати тарафдорлари томонидан ҳам ўтказилади (ҳаракат радикал ислоҳотлар тарафдори ва мамлакатда экстремистик тузилма деб тан олинган). Улар ҳам ҳибсга олинади. Умумий ҳисобда, сайлов куни ўттизга яқин киши полиция томонидан қўлга олинган.
Ўнлаб инсонлар иштирокидаги шунга ўхшаш норозилик намойишлари Қозоғистоннинг Европа мамлакатларидаги, масалан, Нидерландиядаги элчихонаси ёнида бўлиб ўтди.
Таққослаш учун, 2019 йилги сайловлар давомида сайловларнинг адолатли ўтиши учун намойишларда 5000 га яқин одам қатнашган ва улардан 2000 нафари ҳибсга олинганди.
Ҳозирда муҳими барқарорлик, сиёсат — келажакда
«Тўқаевнинг сайловдаги рақиблари маргинал ва унча машҳур бўлмаган сиёсатчилар эди. Қолаверса, улар пафосли ва беъмани баёнотлар билан чиқди. Тўқаев ҳеч бўлмаганда хотиржам ва барқарор, у мамлакатда январ воқеаларининг такрорланишига йўл қўймайди», дейди олмаоталик 52 ёшли Давлат Анорбоев BBC нашри билан суҳбатда.
Instagram ва TikTok'да Тўқаев номзодини илгари сурган ёш блогерлар ҳам тахминан шундай хулосага келган. Улар ўзларининг миллионлаб марта кўриладиган видеоларида амалдаги президентни барқарорлик кафолати сифатида кўрсатган. Унинг рақибларини эса фақатгина улар устидан мем ясашга лойиқ инсонлар деб аташган.
Экспертлар ҳозирги сиёсий вазиятда овоз беришнинг бундай натижасини мантиқий дея ҳисобламоқда. Тўқаев КХШТ қўшинларининг бевосита ёрдами билан бўлса-да, январ ойидаги намойишларни бостиришга муваффақ бўлди. Ўшанда одамлар газ нархи кескин ошишига норозилик билдириб кўчага чиққанди.
Кейинроқ Тўқаев унинг мамлакати ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР»ни тан олмаслигини баланд овозда айтган биринчи Марказий Осиё етакчисига айланди. Шунингдек, у санкциялар туфайли Россияни тарк этишга мажбур бўлган компаниялар ва Қозоғистонга кўчиб келган россияликларга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
«Тўқаев учун Ғарб билан қўл бериб кўришишда давом этиш ва Путиндан узоқроқ бўлиш — санкциялардан қочиш ва ўзининг машҳурлиги учун жуда муҳим», дея тушунтиради сиёсатшунос Димаш Алжанов.
Тўқаев бир неча бор чексиз ҳокимиятни самарали деб билмаслигини айтган. У собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг обрўсидан қутулиш учун ҳамма нарсани қиляпти: мамлакат пойтахти Нурсултондан яна Остона номига ўзгартирилди, собиқ президентнинг қариндошлари ҳокимият ва йирик компаниялардаги мавқейини йўқотди, Элбошининг номи билан аталган кўчалар номи ўзгартирилди.
«Жамиятда ижтимоий барқарорликка талаб жуда катта. Биз январ воқеаларини бошдан ўтказдик, одамларимиз Россия-Украина урушини кўрмоқда. Ҳокимият ҳам, мухолифат ҳам сиёсий кураш бу босқичга чиқишини хоҳламайди. Инсонлар барқарорлик ва келажагини кўришни истайди», дейди Қозоғистон халқаро муносабатлар университетининг Амалий сиёсатшунослик маркази раҳбари Айдар Амребаев.
Сиёсий кураш борасида эса Амребаев катта авлод мухолифати ўз кучини тугатгани, эндиликда ёш мухолифат ўсиб келаётганини таъкидлаган. «Кўрамиз улар (ёш мухолифат) ўзини қандай кўрсатади», деган сиёсатшунос.
Димаш Алжанов ҳам агар келажакда президентлик сайловида ҳақиқий рақиблар ва ҳокимият учун ҳақиқий сиёсий кураш пайдо бўлса, ўшанда адолатли сайловлар ҳақида гапириш мумкин бўлишини айтади.
«Тўқаев ҳозир, 2022 йилда чексиз ва мутлақ ҳокимиятга эга бўлиш нима эканлигини тушунди. Унинг 2019 йилда олган 70 фоизига нисбатан бу йил 81 фоизлик натижага эришиши буни яққол кўрсатиб турибди. Назарбоев ҳам бошида пастроқ фоизлар билан ғалаба қилган ва охиргисида 95,5 фоиз овоз олганди», дейди Алжанов.
Мавзуга оид
21:23 / 13.11.2024
Дунёдаги зарарли чиқиндиларнинг бор-йўғи 1 фоизи Марказий Осиё мамлакатларига тўғри келади – Тўқаев
21:02 / 17.10.2024
Россияни ҳарбий жиҳатдан енгиб бўлмайди — Тўқаев
20:51 / 16.10.2024
Қозоғистон BRICS аъзоси бўлишдан бош тортди
17:06 / 06.10.2024