Ўзбекистон | 19:53 / 30.11.2022
17551
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура ҳиндистонлик инвесторнинг Ортиқхўжаев ҳақидаги иддаолари текширилаётганини маълум қилди

Аввалроқ ҳинд инвестори Мурари Лал Жалан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни шантажда айблаганди.

Фото: MJ Developers

Мурари Лал Жалан инвестор Kun.uz'га берган интервьюсида пойтахтнинг Янгиҳаёт тумани ҳудудида барпо этилаётган Minerva City'га ажратилган ер прокурор аризаси ва суд қарори билан тортиб олингани, ернинг олиб қўйилиши Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг талабини бажармагани билан боғлиқлигини айтганди.

“2021 йил март ойида Тошкент шаҳар ҳокими мени чақириб, қўпол муомала қилди. Менга 2 та йўл қолдиришди: ё лойиҳаларимдан бирини, масалан, “Lake City”ни амалга оширишдан расман воз кечишим, ё 100 миллион долларни банкка жойлашим керак эди (депозит сифатида – таҳр.). Мен ҳокимга келишувдан ташқари ҳеч ким янги талаблар қўймаслигини, тадбиркор сифатида 7 йил ичида сарфланиши керак бўлган пулни кимнингдир ҳожати учун олдиндан жойлаштириш қийинлигини тушунтирдим.

Аммо ҳоким агар ўз хоҳишим билан шу ишдан бирини қилмасам, “Minerva city” ва қолган барча лойиҳаларим ҳам олиб қўйилишини, Ўзбекистонда кун кечиришим қийин бўлишини айтди. Бошида шартномани имзолаётганимизда, барча келишувга амал қилиниши ва мажбуриятлар бажарилишини ваъда қилганди, энди эса ҳоким бу мамлакатда шартномалар ҳеч қандай рол ўйнамаслигини таъкидламоқда”, деганди инвестор ўз интервьюсида.

Ўзбекистон бош прокуратураси Minerva World of Knowledge компанияси раҳбари ҳиндистонлик тадбиркорнинг баёнотини текширишни бошлаган. Бу ҳақда Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов маълум қилди.

“Кеча, 29 ноябрь куни кечқурун Тошкент шаҳар хокими номидан хат келиб тушди, шу бўйича ўрганиш ишлари амалга оширилмокда. Натижаси ҳақида хабар берилади”, дейди Ҳаёт Шамсуддинов Kun.uz сўровига жавобан.

Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги Мурари Лал Жаланнинг сўзларига муносабат билдириб, инвесторнинг иддаоларини давлат хизматчисини обрўсизлантириш деб ҳисоблаши ва Бош прокуратурага мурожаат қилинишини маълум қилганди.

Мавзуга оид