Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ОАВ: Пентагон Украинага NASAMS тизими учун 1,2 млрд доллар ажратади
Пентагон Американинг Raytheon компанияси билан Украина учун олтита NASAMS зенит-ракета комплексини ишлаб чиқариш бўйича шартнома тузади, деб хабар бермоқда Reuters ўз манбасига таяниб. Шартнома суммаси 1,2 миллиард долларни ташкил қилади.
АҚШ Мудофаа вазирлиги Американинг Raytheon Technologies Co мудофаа ва аэрокосмик компанияси билан олтита NASAMS мобил зенит-ракета комплексини (ЗРК) кейинчалик уларни Украинага топшириш учун ишлаб чиқариш бўйича шартнома тузади. Бу ҳақда 30 ноябрь, чоршанба куни Reuters агентлиги Вашингтондаги хабардор манбасига таяниб хабар берди.
Агентлик хабарига кўра, унинг мухбири ҳам тегишли ҳужжатни кўрган. Унга кўра, шартнома суммаси 1,2 миллиард долларни ташкил қилади.
Шартнома муддати, шунингдек, бошқа тафсилотлар ҳақида хабар берилмаган. Ҳозирча бу масала юзасидан расмийлардан ҳеч қандай изоҳ чиқарилмади.
Қўшма Штатлар аллақачон Киевга бир нечта NASAMS қурилмаларини тақдим этган. 25 сентябр куни президент Зеленский, 7 ноябрда эса мудофаа вазири Резников Америка зенит-ракета комплекслари етказиб берилишини эълон қилди. Иккинчисининг таъкидлашича, бу қурилмалар «Украина армиясини сезиларли даражада мустаҳкамлайди» ва Украина осмонини хавфсизроқ қилади.
Британиялик ҳарбий кузатувчи Тим Рипли ҳам NASAMS ЗРК Украинага ҳаво мудофаасидаги «кўплаб тешикларни ямоқлаш» имконини беради, деб ҳисоблайди. «Бу Украинага кўприклар, заводлар, аэродромлар каби асосий нишонлар устида ҳаво мудофаа соябонларини ўрнатиш ҳамда Россия самолётлари ва қанотли ракеталарининг уларга ҳужум қилишига йўл қўймаслик имконини беради», деди у сентябр ойида DW нашрига.
8 октябр куни Қрим кўпригида содир бўлган портлашдан сўнг Россия Украинанинг фуқаролик инфратузилмасига оммавий зарбаларни бошлади. Натижада 18 ноябрга келиб, расмий Киевга кўра, мамлакат энергетика тизимининг ярми ишдан чиққан.