Жаҳон | 11:10 / 02.12.2022
6456
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва НАТО Яқин Шарқдаги NASAMS тизимини Украинага кўчирмоқчи

АҚШ ва НАТО бўйича иттифоқчилар NASAMS «ер-ҳаво» синфидаги ракета тизимларини Украинага кўчириш бўйича Яқин Шарқдаги қатор давлатлар билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Politico нашрига Raytheon Co. ишлаб чиқариш компанияси раҳбари Грег Хейс маълум қилди. 

Фото: Getty Images

Унинг сўзларига кўра, вазифа уч-олти ой ичида Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини жўнатиш, сўнгра кейинги 24 ой ичида АҚШ бунинг эвазига Яқин Шарққа янги NASAMS тизимларини юборишидан иборат

Бундан олдин АҚШ Мудофаа вазирлиги Американинг Raytheon Technologies Co мудофаа ва аэрокосмик компанияси билан олтита NASAMS мобил зенит-ракета комплексини (ЗРК) кейинчалик уларни Украинага топшириш учун ишлаб чиқариш бўйича шартнома тузиши хабар берилганди. 

Reuters агентлиги хабарига кўра, унинг мухбири тегишли ҳужжатни кўрган. Унга кўра, шартнома суммаси 1,2 миллиард долларни ташкил қилади.

Шартнома муддати, шунингдек, бошқа тафсилотлар ҳақида хабар берилмаган. Ҳозирча бу масала юзасидан расмийлардан ҳеч қандай изоҳ чиқарилмади.

Қўшма Штатлар аллақачон Киевга бир нечта NASAMS қурилмаларини тақдим этган. 25 сентябр куни президент Зеленский, 7 ноябрда эса мудофаа вазири Резников Америка зенит-ракета комплекслари етказиб берилишини эълон қилди. Иккинчисининг таъкидлашича, бу қурилмалар «Украина армиясини сезиларли даражада мустаҳкамлайди» ва Украина осмонини хавфсизроқ қилади.

Британиялик ҳарбий кузатувчи Тим Рипли ҳам NASAMS ЗРК Украинага ҳаво мудофаасидаги «кўплаб тешикларни ямоқлаш» имконини беради, деб ҳисоблайди. «Бу Украинага кўприклар, заводлар, аэродромлар каби асосий нишонлар устида ҳаво мудофаа соябонларини ўрнатиш ҳамда Россия самолётлари ва қанотли ракеталарининг уларга ҳужум қилишига йўл қўймаслик имконини беради», деди у сентябр ойида DW нашрига.

8 октябр куни Қрим кўпригида содир бўлган портлашдан сўнг Россия Украинанинг фуқаролик инфратузилмасига оммавий зарбаларни бошлади. Натижада 18 ноябрга келиб, расмий Киевга кўра, мамлакат энергетика тизимининг ярми ишдан чиққан.

Мавзуга оид