Жаҳон | 10:44 / 02.12.2022
19891
8 дақиқада ўқилади

Украина Қуролли кучлари таркибида Россия бўлинмалари борлиги маълум бўлди

Турли манбаларга кўра, бир неча юзлаб Россия фуқаролари Украина томонида Россия Федерациясига қарши жанг қилаётган бўлишлари мумкин. DW улар ҳақидаги маълумотлар билан ўртоқлашди.

Фото: Twitter / Acnivacia

Россияга қарши ҳозир нафақат украиналиклар, балки русларнинг ўзлари ҳам Киев томонида курашмоқда. Айни пайтда Украина Қуролли кучлари сафларида фақат Россия Федерацияси фуқароларидан тузилган иккита бўлинма жанг қилаётгани маълум - улар «Россия озодлиги» легиони ва «Россия кўнгиллилар корпуси».

Уларнинг иккаласида ҳам сиёсий вакиллар бор - мос равишда Россия Давлат думаси собиқ депутати Иля Пономарев ва «Фуқаролик кенгаши» янги ташкилоти. DW Россия фуқаролари орасида юқоридаги бўлинмаларга қўшилиш учун қандай тарғибот олиб борилаётгани, улар бир-биридан қандай фарқ қилиши ва жангчилари нимадан руҳланаётганини маълум қилди.

«Россия озодлиги» легионининг мавжудлиги март ойининг охирларида - апрель ойи бошида маълум бўлди. У Украина томонига ўтишга қарор қилган асирга олинган рус аскарлари ва Россия паспортига эга кўнгиллилар томонидан Россия Федерациясига қарши курашда иштирок этади. 

Давлат думасининг собиқ депутати, ушбу бўлинмага вакиллик қилаётган Иля Пономаревнинг DW нашрига айтишича, унда беш юзга яқин одам жанг қилмоқда. Бу маълумот расман тасдиқланмаган. Ярим йил давомида баъзи жангчилар ўз исмларини ошкор қилишди. «Газпромбанк» собиқ вице-президенти Игор Волобуев бу ҳақда: «Орзулар ушалди! Мен ҳозир «Россия озодлиги» легионидаман» деган сўзлар билан маълум қилди. Легионнинг Telegram-каналида гўёки Украина томонига ўтиб кетган бошқа россиялик ҳарбийлар ҳақидаги маълумотлар ҳам эълон қилинди. 

Иккинчи уюшма - «Россия кўнгиллилар корпуси» (РКК). DW билан суҳбатлашган унинг асосчиларига кўра, бўлинма расмий равишда август ойида шаклланган, аммо ғоя Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин дарҳол пайдо бўлган. 

РКК ҳаммуассиси, ўнг қанот радикал муҳитда машҳур бўлган тадбиркор Денис Капустин (у Денис Никитин тахаллусидан фойдаланади) бўлинма Украина Қуролли кучлари таркибида бир ойдан кўпроқ вақт давомида жанг қилганини даъво қилмоқда. Жангчилар сони сир сақланади, аммо улардан бири, «Кардинал» чақирув белгисига эга бўлган шахс (DW унинг ҳарбий гувоҳномаси билан танишган) DW’ни РКК рота даражасидаги вазифаларни бажариши мумкинлигига ишонтирди (рота 30-150 нафар жангчиларга эга бўлади). 

Ўзининг ижтимоий тармоқларида «Россия кўнгиллилар корпуси» барча аъзоларининг ўнг қанот консерватив қарашлари ҳақида хабар беради. «Саккиз йиллик уруш давомида Россия Федерациясининг этник рус бўлган фуқароларидан иборат бўлинма пайдо бўлмади», деб таъкидлайди «Кардинал». 

У Россиянинг келажагини руслар учун давлат сифатида кўради: «Биз Украина, Беларус ва қўшни давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳисобга олган ҳолда, аввало рус бўлган ҳудудларда русларнинг чинакам миллий давлати бўлишини истаймиз, - деб тушунтиради «Кардинал». - Биз атрофдаги барча халқлар билан тинч-тотув яшашни истаган руслар учун давлат қурмоқчимиз».

Айни пайтда, «Россия озодлиги» аъзолари ўзларининг сиёсий қарашларини ошкора эълон қилишмайди. Иля Пономаревнинг таъкидлашича, бўлинмада устун мафкура йўқ ва бу Россия бўлажак армиясининг прототипи. Унинг афзаллиги шундаки, у на чап, на ўнг, на либерал, на консерватив, балки фақат тажовузга қарши кураш ғояси билан бирлаштирилган, деди Пономарев.

«Россия кўнгиллилар корпуси» ҳам, «Россия озодлиги» ҳам сиёсий вакилликка эга. РКК «Фуқаролик кенгаши» (ФК) деб номланган ташкилотга кирди. Бу янги ташкилот бўлиб, унинг халқаро котиби Анастасия Сергеева яқин вақтгача Полшадаги «Эркин Россия» жамғармасини бошқарган. «Фуқаролик кенгаши»да РКК вакили бўлган «Кардинал» бу иккала ташкилотни ҳам «бир жумбоқнинг иккита қисми» деб атайди.

Сергееванинг DW нашрига айтишича, ФК таркибига Россия миллий республикалари халқларининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини қўллаб-қувватловчи фаоллари киради. ФК YouTube каналида чеченистонлик Сайхан Музаев ва черкес Иброҳим Ягановнинг мурожаатлари эълон қилинди. Улар видеомурожаатларида чеченлар ва черкесларни Украина учун курашишга ва ўз республикалари мустақиллигини ҳимоя қилишга чақирадилар. Анастасия Сергеева хусусий ҳомийлардан ФК иши, янги жангчиларни ёллаш ва ўқитиш учун маблағ олишни режалаштирмоқда. 

Ўз навбатида, «Россия озодлиги»нинг сиёсий вакили Иля Пономарев ҳисобланади. Пономарев DW’га тушунтирганидек, у турли мамлакатлар вакиллари билан сиёсий музокаралар олиб бориш ва легион манфаатлари йўлида оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш билан банд. Ҳудудларни Россиядан ажратишга рухсат берувчи РККдан фарқли ўлароқ, «Россия озодлиги» ўзининг мақсадини «1991 йил чегараларида бирлашган ва бўлинмас Россияни сақлаб қолиш» деб эълон қилган, бу эса минтақаларга кенг ваколатларни ўтказиш ва миллий республикаларнинг ўзига хослигини сақлаб қолишни англатади.

«Фуқаролик кенгаши» билан ҳамкорлик бошланишидан олдин РКК ўз сафига фақат чет элда бўлган русларни қабул қилди. Уларнинг кўплари, ўз сўзларига кўра, 2014 йилдан кейин «Азов» кўнгиллилар полки таркибида Украина томонидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган. Энди ФК ёллаш маркази вазифасини ўз зиммасига олади - ҳозир Россияда бўлганлар ҳам ёлланиши мумкин, дейди Сергеева.

Кенгаш веб-сайтида потенциал кўнгиллиларга Google формасида сўровномани тўлдириш ёки шифрланган Proton Mail почта қутисига ёзиш таклиф этилади. «Бундан ташқари, биз фойдаланишни таклиф қилаётган хавфсиз тизимлар орқали алоқа аллақачон амалга оширилмоқда», - дея қўшимча қилди Сергеева тафсилотларни очиқламасдан. 

Аввалига, президент Зеленский девони раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестовичнинг сўзларига кўра, «Россия озодлиги»га қарашларини ўзгартирган россиялик ҳарбий асирлар рўйхатга олинган. Энди бўлинма Россия ҳудудида жойлашганларни қабул қиляпти. Биринчи алоқа давомида улар Proton Mail’га нафақат баъзи биографик маълумотларни, шу жумладан ҳарбий тажриба ва давлат сирларига кириш ҳуқуқини, балки бутун ҳужжатлар тўпламининг фотосуратини - Россия фуқаросининг паспорти, хорижий паспорт, “СНИЛС” ва “ИНН”ни юборишлари керак. Кейинги босқичларда номзодлар гўёки полиграфия, психологик ва аттестация комиссияларидан ўтадилар, дея хабар берди легион вакиллари апрель ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида. 

Август ойида сиёсий бирлашишга бўлган муваффақиятсиз уринишдан сўнг, РКК ва «Россия озодлиги» энди бир-бирини танқид қилмоқда. РКК Пономаревнинг раҳбарлик амбицияларига ишончсизлик билан қарайди. Пономарев сўл қарашларга эга бўлиб, рамзларидан РКК жангчилари фойдаланадиган генерал Власовнинг «Россия озодлик армияси» (РОА)га салбий муносабатда эканини тан олди. Бироқ, иккала ташкилот ҳам бир-бирини омма олдида танқид қилишдан тийиляпти. 

Мавзуга оид