Жаҳон | 07:58 / 02.12.2022
5541
4 дақиқада ўқилади

Зеленский Россия билан боғлиқ диний ташкилотларни тақиқлашга рози бўлди

Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашида «Украинанинг айрим диний доиралари ва босқинчи давлат ўртасидаги алоқаларнинг кўплаб фактлари»га бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Фото: president.gov.ua

Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (МХМК) Украина ҳукуматига Олий радага мамлакатда диний ташкилотларнинг «Россиядаги таъсир марказлари билан боғлиқ» фаолиятининг тақиқланиши тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этишни топширди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский 1 декабрь, пайшанба куни ватандошларга қилган кечки мурожаатида Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг ўша куни бўлиб ўтган «Украина ва тажовузкор давлатнинг алоҳида диний доиралари ўртасидаги алоқалар кўплаб фактларига» бағишланган йиғилиши якунларини изоҳлар экан, маълум қилди.

Зеленскийнинг қўшимча қилишича, Этносиёсат ва виждон эркинлиги бўйича давлат хизматига Украина православ черкови (УПЧ) бошқаруви тўғрисидаги низомни Москва патриархати билан черков-каноник алоқаси борлиги ва зарурат туғилганда «қонунда назарда тутилган чораларни кўриш» учун диний экспертизадан ўтказиш топширилган.

Украина президентининг сўзларига кўра, шунингдек, Киев-Печерск миллий тарихий-маданий қўриқхонаси ҳудудида жойлашган мулкдан диний ташкилотлар фойдаланишининг қонуний асослари ва шартларига риоя этилишини текширишни таъминлашга қарор қилинди.

Миллий хавфсизликни таъминлаш билан шуғулланувчи барча органларга Россия махсус хизматларининг Украинадаги диний муҳитдаги қўпорувчилик фаолиятини аниқлаш ва бундай ҳаракатларга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш топширилди, дейилади Зеленскийнинг кечки нутқида.

«Биз давлатимиз учун мустақилликнинг тўлақонли бўлишини таъминлаймиз. Хусусан, маънавий мустақиллик. Биз ҳеч қачон ҳеч кимга Украина қалби тубида империя қуришига йўл қўймаймиз», - деди Украина президенти.

Шу билан бирга, у «украиналиклар ва давлатнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳақиқатда ҳимоя қилиш имконини берадиган» Этносиёсат ва виждон эркинлиги бўйича давлат хизматини ислоҳ қилишга ваъда берди.

Кеча, 1 декабрь куни эрталаб Украина Хавфсизлик хизмати ("СБУ") Карпатортидаги УПЧ МП Мукачево епархиясининг Муқаддас Кирилло- Мефодий аёллар монастири ҳудудида россияпараст материалларни аниқлагани ҳақида хабар берган эди.

Ноябрь ойининг охирида "СБУ" Почаев диний семинарияси ва Украина православ черковининг Ивано-Франкивск епархияси ҳудудида ҳам кўплаб Украинага қарши материалларни аниқлади. Хусусан, украин халқи ва унинг тили мавжудлигини, шунингдек, Украинанинг давлатчилик ҳуқуқини инкор этувчи адабиётлар топилган.

23 ноябрь куни "СБУ" ходимлари учта православ монастирида: Киев-Печерск лаврасида, Корецкий муқаддас Троицк монастирида ва Ровен вилоятидаги Украина православ черковининг Сарненско-Полесск епархияси биноларида тинтув ўтказди. Украина махсус хизмати маълумотларига кўра, ушбу чора-тадбирларнинг мақсади «ибодатхоналардан "рус дунёси" марказлари сифатида фойдаланишнинг олдини олиш» бўлган.

Украина Хавфсизлик хизмати томонидан Украина православ черковига қарши иш очилишига сабаб ижтимоий тармоқларда Киев-Печерск лаврасида хизматлардан бирида рус тилидаги - «қўнғироқ Россия узра сузиб юрибди, она Рус уйғоняпти» сўзлари бўлган қўшиқ қандай янграётгани тасвирланган видео бўлди. Киев-Печерск лаврасида воқеа кейинчалик ташриф буюрувчиларнинг ўз хоҳиши билан изоҳланди. Шу билан бирга, хизматни ўтказган руҳоний ишдан олиб ташланди.

Мавзуга оид