Жаҳон | 08:20 / 05.12.2022
7899
2 дақиқада ўқилади

Бахмут яқинидаги жангларда грузиялик беш нафар кўнгилли ҳалок бўлди

3 декабрь куни Донецк вилоятининг Бахмут шаҳри яқинидаги жангларда Украина Қуролли кучлари сафида жанг қилган беш нафар грузиялик кўнгилли ҳалок бўлди. Бу ҳақда Украинанинг Грузиядаги элчихонаси Facebook'даги саҳифасида хабар берди. 

Элчихона ҳалок бўлганларнинг исмларини келтирган: бу - Авто Руруа, Роланд Кварацхелия, Ромео Пичхая, Мераб Аладашвили ва Бадри Маркелия.

Бундан олдин Донбасснинг марказий қисмидаги Бахмут шаҳри сўнгги ҳафталар давомида Украинадаги фронтнинг энг қайноқ нуқтаси бўлиб қолмоқда. 

Ҳар куни бу ердан шиддатли жанглар кечаётгани ва икки томон ҳам йўқотишларга учраётгани ҳақида хабарлар келиб турибди, Россия қўшини Днепрнинг чап соҳилига чекинганидан кейин бошқа участкаларда нисбатан тинчлик ҳукм сураётгани фонида бу айниқса сезиларли бўлмоқда. 

«Бахмутдан жанубда Россия қўшини Озаряновка ва Андреевкага ҳужум қилди. Шу тариқа, улар Украина қуролли кучларининг Курдюмовкадаги гарнизонини икки томондан ўраб олиб, бу ҳудуддаги темирйўл линиясини узиб қўйишга ҳаракат қилмоқда. «Вагнер» Клешчеевкага юриш қилмоқда. Бахмутдан жануби-шарқда шиддатли жанглар кетмоқда», дея ёзади россиялик ҳарбий мухбир Семён Пегов WarGonzo телеграм-каналида.

Мавзуга оид