Россия дронларнинг янги ҳужумлари ҳақида хабар берди
Курск аэродроми ҳудудида дрон ҳужуми нефть омборида ёнғин келтириб чиқарди. Брянск вилоятида дронлар ёнилғи бакларидан бир неча метр узоқликда қулади.
Россиянинг икки вилоятида 6 декабрь, сешанба куни учувчисиз учиш аппаратлари (УУА) томонидан янги ҳужумлар содир этилгани хабар қилинди. Курск вилояти губернатори Роман Старовойтнинг маълум қилишича, дрон ҳужуми натижасида Курск аэродроми ҳудудида нефть сақлаш танкери ёниб кетган. У гап қайси аэродром ҳақида кетаётгани ва ҳужум натижасида қандай зарар кўрилганга аниқлик киритмаган. «Жабрланганлар йўқ. Ёнғин бартараф этилмоқда. Воқеа жойида барча махсус хизматлар ишламоқда», деб ёзди Старовойт ўзининг Telegram-каналида.
Курск губернаторининг сўзларига кўра, ёнғин туфайли яқин атрофдаги иккита мактабда дарсларни тўхтатишга қарор қилинган. Mash Telegram-канали ёнғин акс этган видеони эълон қилди, унинг муаллифи ёнғин Курск аэропортида содир бўлганини даъво қилмоқда. 24 февралдан буён ушбу аэропорт Украинадаги уруш туфайли Федерал ҳаво транспорти агентлиги буйруғи билан ёпилган.
Ўз навбатида, Baza Telegram-канали Брянск вилоятида дронлар Россия ва Украина чегарасидан 80 километр узоқликдаги «Слава» комбинатига ҳужум қилгани ҳақида хабар берди. Улар ёнилғи бакларидан бир неча метр узоқликда қулаган, жиддий ёнғин келиб чиқмаган.
Бир кун аввал Россия ОАВ Саратов вилоятининг Энгелс шаҳридаги аэродромнинг учиш-қўниш йўлагига учувчисиз учоқ қулагани ҳақида хабар берган эди. Оқибатда иккита Ту-95 бомбардимончи самолётига зарар етгани, икки нафар ҳарбий хизматчи касалхонага ётқизилгани хабар қилинган. Шу билан бирга, Рязан вилоятидаги аэродромда ёнилғи ташувчи автомашинанинг портлаши оқибатида уч киши ҳалок бўлгани ҳақида маълумот келди.
Россия Мудофаа вазирлиги Саратов вилоятидаги Энгелс ва Рязан вилоятидаги Дягилево аэродромларига уюштирилган ҳужумлар ортида Украина турганини айтди. Ҳарбий идора Украина учувчисиз учоқлари тутиб олинганини, бироқ ҳодисалар натижасида иккита самолётга зарар етказилганини билдирди. Бундан ташқари, уч нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлган, яна тўрт нафари яраланган.
5 декабрь куни Россия қўшинлари Украинага йирик ракета ҳужумларини уюштирди. Бутун мамлакат бўйлаб ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди. Украинанинг кўплаб вилоятларида фавқулодда электр таъминотида узилишлар бошланди.
Мавзуга оид
21:03
Россияда доллар йил бошидан бери биринчи марта 100 рублдан ошди
18:44
Украина ATACMS ракеталари билан Россия ҳудудига биринчи зарбани берди
16:48
Россияда ядровий портлашдан ҳимояловчи мобил бошпаналарни серияли ишлаб чиқариш бошланди
13:31