Интернет асрида вояга етаётган болалар ҳали гўдаклигидан атрофдагиларнинг турли гаджетлардан фойдаланаётганини кўриб улғайишмоқда.

Табиийки, салгина улғайишгач уларни қизиқтирадиган энг асосий ўйинчоқ ҳам мана шу гаджетлар бўлади. Яқин қариндошимнинг бир ёшга тўлган қизалоғи телевизордан мултфильм қўйиб беришса, кўришни хоҳламасдан хархаша қилиб, телефондан қўйиб беришини талаб қилади. “Ҳозирги болалар туғилганданоқ телефонни тушуниб туғилишади” деган гаплар ҳам қулоққа чалинади. Лекин ҳали ақлини танимаган боланинг виртуалликка реал нарсалардан ҳам кўпроқ қизиқиши нормалми?

Фото: Shutterstock

2 ёшдан сўнг рухсат

“Болалар 2 ёшдан ошганларидан сўнг уларга экран вақти белгилаб, теливизор, You Tubeʼдан видеолар қўйиб бериш мумкин. Бундан олдинроқ экранга ўргатиш боланинг нутқи ва психологик ривожланишига салбий таъсир қилади. Бунда боланинг тили кеч чиқиши мумкин, у ўзининг “ўзи эканлигини” англаши қийин бўлади. Экрандаги суҳбатдош ундан жавоб беришни талаб қилмайди. Шу сабаб болалар “рақамли аутизм” касаллигига чалиниб қолиши ҳам мумкин. Бу – одамлар билан аралашиш, нутқ ва ўзини ҳис қилишда муаммолар билан намоён бўлади”, дейди психолог Розалия Габдулҳақова.

Хорижий нашрлар болага камида18 ойлик (1,5 ёш) бўлмагунча видео кўришга рухсат бермаслик лозимлигини ёзишади. Йўқса, болада хотира, тил чиқиши ва кейинчалик ўқишни ўрганишида муаммолар бўлиши мумкин. Лекин ҳозир 2 ёшгача ҳам болани виртуал оламдан узоқ тутиш осон эмас.

Рақамли аутизм

Бу атама, айниқса, пандемиядан кейин кўп ишлатила бошланди. Рақамли аутизм 4 ёшгача бўлган болаларнинг экран олдида кўп вақт сарфлаши сабаб уларда аутизмга ўхшаш аломатлар юзага кела бошлаши билан намоён бўлади. Аутист болаларга ташқи дунёга бефарқлик, ўзи билан ўзи гаплашиш, ижтимоийлаша олмаслик, ҳисларни ажрата олмаслик каби ҳолатлар хос.

Фото: Shutterstock

Болани кунига 2 соатдан кўп экран олдида қолдириш меъёрдан ортиқ ҳисобланади. Агар шундай қилинса, унинг ривожланишида хавфлар пайдо бўлиши мумкин: когнитив қобилиятида сусткашлик, социал ҳаётга мослашишда қийинчиликлар, нутқда муаммолар.