Статистикага кўра, ҳар куни ўртача 4,7 млрд дона, бир ойда эса 143 млрд дона сурат олинади. Ҳар бир фойдаланувчининг гаджетида ўртача 2,1 мингтача сурат сақланади.
Суратга тушиш шунчалик қулай ва чексиз бўлиб кетганки, энди олдингидай алоҳида фотоалбомлар қилиш ҳам урфдан қоляпти. Одамлар бунинг ўрнига расмларини шунчаки электрон сақлашни афзал кўряпти. Сураткашлик ҳамманинг ўзига қолиб, албомлар ҳам тайёрланмаяпти.
Қоғоз албомлар керакми?
“Суратларни электрон сақлаш қулайми ёки қоғоз вариантда албомларга жойлаб сақлашни ҳам ёдингиздан чиқармайсизми?” деган мазмунда берган саволимизга айримлар суратларни фақат электрон сақлаётганини ва бу қулай эканини, айримлар эса ҳали ҳам албом тутиш одатидан воз кечмаганини билдирди.
“Мен туғилган кун ёки тўйлардаги суратлардан ҳеч бўлмаса биттасини ишлатиб албомга солиб қўяман. Қолгани электрон турса ҳам, ҳеч бўлмаса битта расмни чоп этиш одатим бор”.
“Албомлар керак. Мен ўзим албомга бундан 9 йил олдин расм солгандим охирги марта. Лекин ўша фотоалбомни ҳар сафар очганимда бошқача ҳисларни сезаман. Телефондаги расмларга кам қарайман. Албом архив бўлиб қолади ва ундаги суратлар гаджетдагиларига нисбатан йўқолиш хавфи камроқ”.
“Битта зўр расмим бор эди. Компютеримда сақлардим. Компютерим бузилиб қолганда устага тузатишга берганимда ичидаги бор-будини ўчириб юборган. Шунда суратларни чиқариб қўйиш керак экан деган фикрга келганман”.
“Фотоалбомлар керакмас. Биринчидан, ортиқча харажат, иккинчидан, албомлар чанг босиб туради қайсидир жойда. Қурилмаларни эса ўзингиз билан олиб юришингиз ва исталган пайти расмларни очиб томоша қилишингиз мумкин”.
“Ҳеч бўлмаса, хотираларни эслаб маза қилиш учун ҳам оилавий фотоалбомларни сақлаб қолиш керак. Технология ичидаги суратлар бу кайфиятни бермайди”.
Жавоблардан аксар одам фотоалбомлар йўқ бўлиб кетмаслигини хоҳлашини, лекин ўзлари камдан кам суратларни чоп этиб албомда сақлашларини тушуниш мумкин.
Илк фотоалбомлар қачондан пайдо бўлган?
Дастлабки фотоалбомлар шунчаки расмлар коллекцияси эмас, тадқиқот объекти бўлган. 1830-40-йилларда ихтирочилар ўзларининг кундаликларини юритишади ва уларга ўтказган тажрибалари суратларини ҳам жойлаб боришган. Бундай кундаликларни ҳам дастлабки албомлар сифатида аташ мумкин. Лекин бундай албомлар ошкор қилинмаган, сабаби махфий маълумот ҳисобланган.

























