Спорт | 20:37 / 08.12.2022
28153
2 дақиқада ўқилади

«Югуриб кетаётган» мундиал — гуруҳ босқичи, 1/8 финал якунлари ва ҳал қилувчи ўйинлар ҳақида

Подкастимизнинг навбатдаги сонида жаҳон чемпионати баҳсларини шарҳлаб бораётган журналистлар меҳмон бўлишди. Мурод Ризаев турнир қишда ўтаётганининг ёмон томони, Испания рақиб танлагани, Аргентина потенциалини кўрсата олмаётгани ҳақида фикр юритди. Даврон Файзиев эса турнирнинг яширин фаворити, Месси ва Роналдунинг жамоаларига таъсири, Мбаппе ва Гризманн Францияни тортаётгани тўғрисида мулоҳазаларини билдирди.

Қатарда ўтаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатида нимчоракфинал баҳслари якунланди. Жуда тез ўтаётган турнирда 8та жамоа ва 8та ўйин қолди.

Бу мундиал шуни кўрсатдики, фаворит ва аутсайдерлар ўртасидаги фарқ анча қисқарган. Гуруҳ босқичида аввалгидек навбатчи ўйинлар кўп бўлмади. 3-турдаги параллел баҳслар сўнгги сонияларгача ҳаяжонда ушлаб турди. Осиё ва Африка жамоалари кучли рақибларга жиддий қаршилик кўрсатишди. Илк бор ОФКнинг 3 жамоаси (Япония, Жанубий Корея, Австралия) гуруҳдан чиқишни уддалади. Марокаш гуруҳда Бельгия, нимчоракфиналда Испанияни мағлуб этиб кўпчиликнинг эътиборига тушди. Европа вакилларидан — Сербия, Дания, Бельгия каби жамоалар кутилган натижани кўрсата олишмади. 

Аввалроқ мундиал арафасида подкаст қилгандик, унда шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов ва журналист Жамолиддин Бобожонов ўз прогнозларини айтишганди.

Бу сафар гуруҳ босқичи якунлари, 1/8 финал баҳслари ва олдинда турган 1/4 финал ўйинлари фонида йиғилдик. Жаҳон чемпионати беллашувларини шарҳлаб бораётган Даврон Файзиев ва Мурод Ризаев кўрсатув меҳмони бўлишди.

Мурод Ризаев турнир қишда ўтаётганининг салбий томонлари, Испания рақиб танлаб тўғри қилгани, Аргентина ҳали потенциалини кўрсата олмагани, финалда қайси жамоалар ўйнаши мумкинлиги ҳақида фикр юритди. Даврон Файзиев эса Англия турнир давомида яширин фаворит бўлиб келгани, Месси ва Роналдунинг жамоаларига таъсири, топлар плей-оффдан бошлаб ўзига ўхшаётгани, Мбаппе ва Гризманн Францияни тортаётгани тўғрисида мулоҳазаларини билдирди.

Мавзуга оид