Йирик мукофот ва эътирофлар

Ёзма асарлар учун халқаро даражадаги мукофотлардан бири «Booker Prize» ҳисобланади. Илк марта 1969 йил ўтказилган бу танловда инглиз тилида ёзилган ва Буюк Британияда босилган китоблар иштирок этиши мумкин. Ғолибга 61 минг доллар мукофот пули берилади. Бундан ташқари ёзувчи китоблари глобал миқёсда тарғиб қилиниш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, Американинг National Book Foundation ташкилоти ҳам 1950 йилдан бери ҳар йил якунида 25 китобни танлаб National Book Award танловини ўтказади. Бунда бадиий, илмий, шеърий, таржима адабиёт, ёшлар адабиёти бўйича финалчилар ва ғолиблар эълон қилинади. Якунда 5 нафар иштирокчи асосий ғолиб деб топилади. Финалчиларга 1000 доллар ва медаль, ғолибларга эса 10 минг доллар ва бронза ҳайкалча берилади.

Мукофотлардан ташқари муаллифлар учун New York Times, Financial Times ва Times каби нуфузли халқаро нашрлар эътирофи ҳам муҳим ҳисобланади. Нашрлар ҳар йил сўнгида энг кўп ўқилган, сотилган ва эътироф этилган китоблар 10талиги, 100талиги ва уларга ёзилган қисқа тақризларни эълон қилиб боради.

«Маали Алмеиданинг 7 ойи»

The Booker Prize мукофотига 2022 йил Шри Ланкалик ёзувчи Шеҳан Карунатилаканинг «Маали Алмеиданинг 7 ойи» (The Seven Moons of Maali Almeida) бадиий йўналишида ёзилган китоби ғолиб деб топилган. Китобда 1980 йиллардаги Шри-Ланка ҳаёти ҳақида муаллиф томонидан ҳикоя қилинади. Асосий қаҳрамон Маали Алмеида вафот этган сураткаш бўлиб, унга ўз ўлими сирини топиш учун 1 ҳафта муҳлат берилади. Шу вақт оралиғида Маали нариги дунё ва бу дунё ўртасида саёҳат қила олади. Саёҳат давомида у кровати остида сақланган суратлари тўпламини топиб, улар орқали дўстларини Шри-Ланкадаги фуқаролар уруши ваҳшийликларидан хабардор қилиши керак бўлади.

Китобга тақриз ёзганлар унда «қисман арвоҳ ҳикояси, қисман номаълум одам, қисман сиёсий сатира, Шри-Ланка, дўстлик, қайғу ва кейинги дунё ҳақида ажойиб китоб, оригинал, тасаввурга бой, ҳис-туйғули, сиёсий, сирли, романтик ва ҳайратланарли даражада кулгили» каби таърифларни беришган.