Бир неча кун олдин дунё олимлари томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳақида ёзилган бешта китоб ҳақида маълумот бериб ўтган эдик. Бугун ўнталик рўйхатнинг иккинчи қисмига киритилган илмий асарлар билан таништирамиз.

1-қисм: Сўнгги 2 йилда дунё олимлари Ўзбекистон ҳақида ёзган 10та китоб

6. Хитой Халқ Республикасининг Марказий Осиё минтақасига алоҳида эътибори ҳеч кимга сир эмас. Айни шу масалани Веикинг Сонг «Хитойнинг Марказий Осиёга ёндашуви: Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти» китобида ёритишга ҳаракат қилган.

"China's approach to Central Asia. The Shanghai Cooperation Organisation" by Weiqing Song
Routledge, 2018.

Китобда Хитой, Россия, Ҳиндистон, Покистон ва Марказий Осиёнинг тўрт давлатидан иборат минтақавий ташкилот – ШҲТ батафсил кўриб чиқилган. Муаллиф 1996 йилда Шанхай бешлиги ташкил этилишидан бошлаб, 2001 йилда ташкилотга айланиши ва ҳозирги кунга қадар ривожланишини кўрсатиб беради.

Муаллиф Хитой ва бошқа аъзо давлатларнинг ташқи сиёсатини таҳлил қилиб, аъзо давлатларнинг манфаати ва кучи ташкилотнинг институтларини, функционал ривожланиши ва аъзо бўлмаганлар билан муносабатларини қандай белгилашини очиб беради. Профессор Сонг, шунингдек, ШҲТ доирасидаги сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, энергетика, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ўрганиб, ташкилотнинг келгусида қандай ривожланишига оид фикрларини келтириб ўтган.

Китоб ШҲТни Хитойнинг Марказий Осиёга нисбатан умумий стратегияси нуқтайи назаридан кўриб чиққан. Ушбу асар, шубҳасиз, Хитойнинг Марказий Осиё билан алоқаси ва «Бир камар, бир йўл» ташаббусига қизиқувчилар учун фойдали монографиядир.

Муаллиф ҳақида: Веикинг Сонг – Хитойнинг Макао университети сиёсий фанлар кафедраси профессори.

7. Китоблар орасида таҳлилий мақолалар жамланмалари ҳам бор. Шулардан бири – америкалик тадқиқотчилар Дэниель Бургарт ва Тереза Сабонис-ҳелф таҳрири остида чоп этилган