Жамият | 15:26 / 13.12.2022
44709
6 дақиқада ўқилади

«Мактаблар совуқ, ўқувчилар касал бўлиб қоляпти». Нега ёзги таътил қишга кўчирилмайди? 

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон бўйлаб кўплаб мактабларда газ йўқлиги, электр токи тез-тез ўчиши сабаб синф хоналари совуқ ва қоронғи. Ҳатто айрим мактабларда шам ёруғида дарс ўтиляпти.

«Хоразмда – 16 даража совуқ. Шунда ҳам ўқувчилар келяпти. Мактаб иссиқ бўлса чидаса бўлади, лекин ток кўп ўчиб, хоналар ҳам совиб қоляпти», дейди хоразмлик ўқитувчи Аззатжон Азимова.

Бундай вақтда барчадан турлича таклифлар чиқади. Кимдир дарсларни онлайн режимга ўтказиш керак деса, яна кимдир эрта таътил бериш кераклигини айтади. Онлайн дарсларга қарши бўлган ўқитувчилар ҳам талайгина. Қолаверса, онлайн дарс ўтиш учун ҳам электр токи керак бўлади.

Уч ойлик таътилни иссиқ ёзда эмас, қишда бериш кераклигини маъқуллайдиганлар сони ҳам кам эмас. Ҳар ҳолда ёзда ток ва электр энергияси бўлмаса ҳам синф хоналари иссиқ ва ёруғ бўлади. Хўш, ўзи нега ўқув йилидаги энг узун таътил ёз ойларига тўғри келади?

Ўзбекистоннинг аксар мактабларида қиш ойларида ўқувчилар курткаларда ўтиришига тўғри келади. Фото: Kun.uz

Америкалик ёзувчи ва муҳаррир Жулиет Лапидос 2007 йилда ўзининг Explainer асарида ўқувчиларга ёзда нега бундай узоқ таътил берилишини шундай тушунтиради:

«Илгари шаҳар мактаблари йил давомида чораклар оралиғида қисқа танаффуслар билан ишлаган. Аммо 1870-йилларгача кўпгина штатларда таълим мажбурий бўлмагани учун давомат кам эди. Мисол учун, Бруклин мактаби расмийлари 1850 йилда уларнинг ярмидан кўпи йилига атиги олти ой ўқишга келганини хабар қилишди.

Агар кўпчилик болалар дарсларга мунтазам бормаса, нега мактабларни йил давомида очиқ тутиш керак? Ўша пайтда кўплаб шифокорлар ўқувчиларнинг йил давомида дарсларга қатнаши ақлан ва жисмонан чарчашга олиб келишини айтишган.

Шаҳар мактаблари раҳбарлари аср бошларида ўқув йилини тахминан 60 кунга қисқартиришди ва ёзги чоракни йўқ қилишди. Таътил қишда ёки баҳорда эмас, айнан ёзда берилишининг сабаблари:

1. Иссиқ фаслларда ўқувчи гавжум бўлган жойларда касалликлар тез тарқалиши;

2. У даврларда кондиционерлар бўлмагани сабаб синф хоналари иссиқ ҳавода дим бўлиб, нафас олиш қийинлашиб қолиши;

3. Бадавлат оилалар ёзда шаҳар ҳавосига чидай олмай, дам олишга қишлоқларга кетишлари.

Айни пайтда, шаҳар ташқарисидаги мактаблар бутунлай бошқача академик календарларга эга эди. XIX асрда қишлоқ болалари мактабда бор-йўғи беш-олти ой: ёзда икки-уч ой, қишда эса худди шу ойни мактабда ўтказган, қолган қисмида эса фермаларда ишлашган.

XX аср бошларига келиб, кўпгина фермер штатларида давлат мактаблари мутасаддилари ўқув йилини узайтириб, аграр туманларни шаҳар туманларига мослаштириш учун ёзги таътилни жорий қилишди».

Ўзбекистондаги жорий шароитдан келиб чиқиб, таътилни қишга алиштириш мумкинми?

«Бугунги кунда иссиқдан кўра совуқ об-ҳаво ўқув тарбия ишларини қийинлаштиряпти. Электр ва иситиш тизимидаги қийинчиликлар болаларимизнинг дарс жараёнларига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Аксарият мактабларимизнинг иситиш тизими электр билан ишлаши сабабли тизимдаги узилишлар оқибатида мактабларимиз совуқ. Ўқувчилар дарс қолдиришмоқда ёки бораётганлари ҳам шамоллаб қолмоқда.

Демак, таътилларни қайта кўриб чиқиш керак ва ўқиш учун энг қулай вақтларни аниқлаб олиш лозим. Балки кузги ва баҳорги таътилларни ҳам қишда бериш керакдир. Анъанавийликдан қочган ҳолда ўқув йили 20 августдан бошланса ва кузги таътил ва баҳорги таътил ҳисобидан қишнинг энг аёзли бир ойига таътил бериш тўғрисида ўйлаб кўриш керак.

Ёзги таътил жойида қолаверади, чунки иссиқ об-ҳаво ўқувчиларни лоҳас қилади ва билимни қабул қилиш даражаси пасаяди ва ўқитувчиларнинг берган билими зое кетади», дейди олий тоифали инглиз тили ўқитувчиси Шоира Бозорова.

Иссиқ ҳаво ўқувчини лоҳас қилиш билан биргаликда, мия фаолиятига ҳам таъсир қилади. Гап шундаки, ҳаво ҳарорати кўтарилиши билан когнитив самарадорлик пасаяди. Когнитив самарадорлик бу – миямиз қанчалик яхши ишлашининг ўлчовидир. Бунга эътибор, хотира, реакция вақти, муаммоларни ҳал қилиш қобилияти ва бошқалар киради.

«Цельсий бўйича 30 даража иссиқ ҳароратда кўп ақлий куч талаб қиладиган ҳар қандай вазифани бажариш анча қийин бўла бошлайди.

Миянинг ахборотни қабул қилиши чекланмаган. У барча ахборотни чексиз қабул қила олади. Аммо ички ва ташқи омиллар сабаб бу жараён сустлашиши мумкин.

Жумладан, иссиқ ҳавода организмнинг энергия алмашинув жараёни тез кечади. Натижада кислород босими камайиб ва мия озуқаси бўлган кислород етишмай қолади. Мия ахборотни қабул қилмай қўяди. Одамда уйқучанлик кучаяди. Мия яхши ишлаши учун мўътадил ҳарорат бўлгани мақсадга мувофиқ», – дейди тиббиёт фанлари доктори, невропатолог Зоҳиджон Исмоилов.

Деярли ҳар қандай иш когнитив компонентга эга, шунинг учун очиқ ҳавода ёки кондиционерсиз хоналарда ўқувчи ўзлаштириш самарадорлиги тушиб кетади. Шунингдек, бу ўқитувчининг иш унумдорлигига ҳам таъсир қилади.

Чарос Маннонова, журналист 

Мавзуга оид