Жаҳон | 10:15 / 13.12.2022
5027
2 дақиқада ўқилади

Европа кенгаши Россияни ИҲЕС қарорларини бажаришга чақирди

Европа кенгаши бош котиби Пейчинович-Бурич Россия ташқи ишлар вазири Лавровга йўллаган мактубида Навалний ва айрим ташкилотлар ҳуқуқлари бузилганини эслатиб, Россияни Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарорларига риоя қилишга чақирди.

Мария Пейчинович-Бурич / Фото: Getty Images

Европа кенгаши (ЕК) бош котиби Мария Пейчинович-Бурич Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга мактуб йўллаб, Россияни Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) қарорларини эътиборсиз қолдирмасликка чақирди. Бу ҳақда 12 декабрь, душанба куни Европа кенгаши матбуот хизмати маълум қилди. 3 мартдан бери Европа кенгаши Россиядан ИҲЕС қарорларининг бажарилиши бўйича ҳеч қандай маълумот олмади.

16 март куни Россия Украинага қуролли тажовуз қилгани учун Европа кенгашидан чиқариб юборилди. Бироқ, 16 сентябргача ИҲЕС Россияни Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясини имзолаган мамлакат деб ҳисоблашда давом этди. Шунга кўра, Европа кенгаши нуқтайи назаридан, Россия ИҲЕСнинг ушбу санадан олдин чиқарилган қарорларини бажаришга мажбурдир.

Пейчинович-Бурич ИҲЕСнинг Россия амал қилмаётган айрим шов-шувли қарорларини эслади. Хусусан, 2017 йилда Европа суди Алексей Навалнийга нисбатан чиқарилган ҳукмни асоссиз деб топди, унга кўра, мухолифатчи ҳозирда жазони колонияда ўтамоқда. 2021 йилда ИҲЕС Грузиянинг Россияга нисбатан Жанубий Осетиядаги уруш билан боғлиқ даъвосини қисман қаноатлантирди ва бу йил Россияда айрим ташкилотлар фаолиятига қўйилган тақиқни ноқонуний деб тан олди.

Умуман олганда, Москва, Европа кенгаши маълумотларига кўра, 2227 та халқаро суд қарорини қисман ёки тўлиқ бажармаган. 1874 ҳолатда ушбу қарорлар жабрланувчиларга пул компенсациясини назарда тутади, товоннинг умумий миқдори 2 миллиард евродан ошади. Жумладан, 1,87 миллиард евро 2007 йилда тугатилган ЮКОС нефть-газ компанияси акциядорларига берилиши керак.

Европа кенгаши Россия ҳукумати расмий жавоби йўқлиги сабабли, россияликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ноҳукумат ташкилотлар билан кўпроқ ҳамкорлик қилмоқчи, деб қайд этишди Страсбургда. Бундан ташқари, Европа кенгаши Россия аъзолигича қолаётган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича ҳужжатларидан фойдаланмоқчи.

Мавзуга оид