Ўзбекистон | 20:09
2548
2 дақиқада ўқилади

Россиялик актёр ва режиссёр Ўзбекистоннинг «Дўстлик» ордени билан тақдирланди

Сергей Безруков ва Андрис Лиепа Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик, иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириш, халқларнинг анъанавий дўстлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасидаги катта хизматлари учун тақдирланди.

Сергей Безруков

Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан Россия халқ артисти, Москва драма театри бадиий раҳбари, театр ва кино актёри Безруков Сергей Витальевич ва Россия халқ артисти, балет артисти, режиссёр Лиепа Андрис Марисович «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.

Фармонда қайд этилишича, улар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик, иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириш, халқларнинг анъанавий дўстлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасидаги катта хизматлари, ёрқин ва бетакрор истеъдоди, хусусан, кино ва театр йўналишидаги сермаҳсул ижодий фаолияти билан маданият ва санъат соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, маънавий қадриятларни асраб-авайлаш ва бойитишга қўшаётган муносиб ҳиссаси учун тақдирланган.

Сергей Витальевич Безруков 1973 йилда туғилган, рус театри, кино, телевидениеси, овозли ва дубляж актёри, театр режиссёри, сценарийлар муаллифи, продюсер, қўшиқчи, пародист, гитарачи, рок мусиқачиси. 2008 йилда Россия халқ артисти унвонини олган. «Единая Россия» сиёсий партияси Олий Кенгаши аъзоси. 2014 йилдан - Москва губернияси театрининг бадиий раҳбари. 2024 йилда Россия президентлигига номзод Владимир Путиннинг ишончли вакили бўлган. Ўзбекистонлик томошабинларга «Бригада», «Бой с тенью», «Высоцкий. Спасибо, что живой» каби сериаллардаги роллари билан танилган.

Андрис Марисович Лиепа 1962 йилда туғилган, совет ва рус балет солисти, театр режиссёри ва продюсери, Россия халқ артисти. 2019 – 2022 йилларда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театрининг бадиий раҳбари ва бош бареографи бўлган.

Мавзуга оид