Жамият | 16:16 / 15.12.2022
44083
16 дақиқада ўқилади

Французларда аёлнинг жамиятдаги ўрни, келин ва қайнона образи: Францияга келин бўлган хоразмлик тикувчи қиз ҳикояси

Бугунги қаҳрамонимиз ўзбек жамиятида ҳам, Францияда ҳам ўз ўрнига эга аёллардан. Навбаҳор Ханиязова Францияда «Баҳор» брендига асос солган. Муҳожирларга ёрдам бериб, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишига кўмаклашади.

Навбаҳор опа билан француз ва ўзбек жамиятида аёлларга бўлган муносабат, икки миллатда келинлик, қайноналик позициясидаги фарқ ва ўхшашликлар ҳақида суҳбатлашдик. Шунингдек, хотин-қизларнинг шахс сифатида ривожланишида жамиятнинг тутган ўрни ҳақида фикрлашдик.

— Навбаҳор опа, Францияга боришингиз, «Баҳор» брендининг ҳақиқий брендга айлангунга қадар босиб ўтган йўлингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Хоразмда оддий оилада дунёга келганман. Балиқчи ва тикувчининг қизиман. Ёшлигимдан тил ўрганишга қизиқардим. Мактабда бизга француз тилини ўқитишарди. Пахта даласида, шолипояларида Франция мадҳиясини ёдлаб, акаларимга айтиб юрардим.

Шу қизиқиш сабаб Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига француз тили йўналиши бўйича ўқишга топширдим. Конрактга ўқишга кирдим, лекин билардимки, ўша вақтда мени ўқитишга ота-онамнинг имкони етмасди.

Онамдан дизайнерлик курсига боришга рухсат беришлари ва келгуси йил яна ўқишга топшириш учун рухсат сўрадим. Ўзлари кўп қийналганликлари учунми, онам мени қўллаб-қувватладилар. Бир йил давомида бир нечта жойда ишлаб, тикувчиликни ўргандим. Келгуси йил яна контрактга ўқишга кирдим.

Онам нима қилиб бўлса ҳам ўқишимга пул топишларини, отамни ўзлари кўндиришларини фақат юзларини ерга қаратмаслигим кераклигини айтиб, мени ўқишга жўнатдилар.

Ўқиш давомида ҳам кўп жойларда ишладим. Лекин барибир энг кўп кучимни яхши ўқишга қаратардим. Чунки менинг баҳо олиш учун пора беришга имконим йўқ эди. Жамиятда ўз ўрнимни тополмаганим ва ишга жойлашиш учун таниш-билишларим йўқлиги сабаб кетишга қарор қилдим.

2007 йилда маданий алмашинув дастури бўйича Францияга кетдим. Вақт ўтгани сари тушуниб етдимки, мен онамнинг касбини — тикувчиликни ривожлантиришим керак. Қарз кўтариб, тикув машинаси сотиб олдим. Аста-секин ҳунарим ортидан пул топа бошладим.

2009 йилда Николя билан танишдим. У Ўзбекистонга келди. Уч ҳафта газсиз, сувсиз қишлоқ ҳаётида яшади. Мен чидолмаса керак, аниқ қочиб кетади, деб ўйлаган эдим. Лекин у чидади. Уйдагиларимнинг синовидан ўтганидан сўнг, биз оила қурдик.

Фарзандли бўлдик. Ҳаётимиз яхши эди, лекин доим миямда нимадир қилиш керак, деган фикр айланарди. Қаердадир иш бошласам, кўнглим тўлмасди. Ўзбекистондан шунинг учун келганмидинг, сен яхшироқ нимадир қилишинг керак, деган фикр тинчлик бермасди.

Тикадиган либосларимга пахта гули белгиси билан «Баҳор» деб ёзиб эмблема қўядиган бўлдим. Шу менинг брендим бўлади, дедим. Тикяпман, нарсалар сотиляпти, кетяпти, лекин «ваув» дейдиган нарса бўлмаяпти. Демак, ҳали ишлаб чиқараётган маҳсулотларим бренд даражасига етмади, деганман. Бренд бўлиш учун нималар қилиш кераклигини у пайтда билмасдим.

Франциянинг айрим жойларида чет элликларнинг концентрацияси бор. Улар билан гаплашиб кўрсангиз ҳаётни фақат қора рангларда кўради. Чунки уйи ва бозордан бошқа жойни кўрмаган. Жамиятга аралашмаган. Тил билмайди, қўлида ҳунари йўқ.

Бир куни турмуш ўртоғим Николя айтиб қолди: «Сен шу аёллар билан нимадир қилсанг бўлади-ку, сен тикишни биласан, уларга ҳунарингни ўргатишинг мумкин, тил биласан, тил ўргатишинг мумкин». Қандай қиламан, дедим. Ўша пайтда 2014-2015 йилларда ассоциацияларни билмасдим. Ҳокимиятга бориб нима қилмоқчилигимни тушунтирдим.

Улар ғоямга қизиқиб қолишди. Қаерга боришни тушунтиришди. Ўша пайтда халқаро мактабга гранд ютиб олдим. 6 ой давомида бизнес режа қандай қилинади, лойиҳанинг ижтимоий, экологик ва иқтисодий жиҳатларини ривожлантиришни батафсил тушунтириб беришди.

— Лойиҳангизнинг ижтимоий ва экологик аҳамияти нимада?

— Онам тикувчи эди. Қишлоқда барча қийналган аёллар онамнинг олдига келарди. Эридан калтак еганми, моддий жиҳатдан қийналадими, ҳаммаси онамнинг олдига келарди. Онам шу аёллар учун керакли жойларга бориб ёрдам берарди.

Олти ойлик ўқишни тамомлаганимда ўзимга айтдимки, «Баҳор» бренди мана шу бўлади, жамиятда қийналган аёлларга ёрдам беради. Ҳақиқий кадрлар тайёрлайди, аёлларнинг ўз ўрнини топишига ёрдам беради.

Олдимга бир неча вазифалар қўйдим: биринчидан, нафақат иш бериш, аёлларни ичдан ривожлантириш. Аёлларга биринчи навбатда тил ўргатиш. Кут-култура, дейилади чет элда. Тил билмаганидан кейин французлар билан алоқа йўқ. Алоқа бўлмаганидан сўнг жамиятда ўрнини топишга қийналади.

Тил ва маданиятини ўргатиб, кейин тикиш-бичиш соҳасида уларни профессионал қилиш. Шундан сўнг уларни ишга жойлашга ёрдам бериш ёки тадбиркорлик билан шуғулланаман деса, кузатиб бориш. Бирдан уларни ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмайди. Чунки тадбиркорликнинг боши ҳамиша қийин бўлади. Шунинг учун уларнинг ёнида туриш, бир-икки йил муаммосини ечишга ёрдам бериш керак.

Сиз қилиб бермайсиз, йўл-йўриқ кўрсатасиз, ўзи қилади. Шу орқали тажриба орттиради. Бу — ижтимоий тарафи.

Экологик томони бу, биласизки, текстил соҳаси дунёда экологияни ифлослаш жиҳатидан нефт соҳасидан кейин иккинчи ўринда туради. Табиатга зарари катта, бўёқлар, яна сув сарфининг кўплиги жиҳатидан. Айниқса, Францияда люкс соҳани ушлаб турганидан кейин уларда чиқинди кўпроқ.

Чиқиндиларни ташлашади ёки ёқиб юборишади. Мен бориб ўша чиқиндиларни олиб, ўшалардан кийим яратаман, дедим. Шу жиҳатидан ҳам «Баҳор» бренди экологик масъулиятли бренд ҳисобланади.

— Матонинг чиқиндиси деганда одатда ҳеч нарсага ярамайдиган майда қийқимлар тушунилади. Сиз айтаётган чиқинди қандай?

— Чиқинди деганим учун Францияда ҳам бошида жуда ёмон қабул қилишган, омма томонидан. Аслида, кўпчилик корхоналар люксга ишлагани учун матонинг таркибида битта ҳам тола узилмаган бўлиши керак. Битта тола узилган бўлса ҳам у чиқиндига ташланади. Биз ўшаларни таннархида сотиб оламиз. Бу унча-мунча давлатларникидан сифатли бўлади.

— Француз ва ўзбек жамиятининг аёлга бўлган қарашларида қандай фарқ бор?

— Францияда аёл анча қадрланади ва аёлнинг хоҳиши ҳурмат қилинади. Ўзбекистонда ҳам ташқаридан қаралганда бунга сиёсий хоҳиш билиняпти. Лекин ҳали қилинадиган ишларимиз анча кўп. Айниқса, тарбияга эътибор қиладиган бўлсак, қизларни ёшлигидан уй ишларини қиладиган одам эмас, балки улардан кадр, инженер чиқаришга ҳаракат қилсак, албатта ҳаёти чиройли бўлади. Қиз болага ҳам, ўғил болага ҳам бир хил ишонч билдиришимиз керак. Ҳозирча ўзгаришнинг бошланиши сезиляпти.

— Француз ва ўзбек аёлларининг дунёқарашида фарқ сезасизми?

— Албатта сезилади. Чунки француз аёллари кўпроқ мустақил фикрлайди. Қўшним гапиради, одамлар нима деркин, демайди. Ўзи хоҳлаганини қилади ва бунинг учун афсусланмайди.

Бизда кўпроқ аёлларимиз ота-онам нима дейди, одамлар нима дейди, деб ўзини жамият қурбонига айлантиради. Бировни истагини бажариш учун ўзи бахтли бўлмайди. Кўпчилик қизларда, айниқса вилоятларда сезилади. Бу мен учун ачинарли ҳол.

Бахт деганда мен фақат оила, фарзанд кўришни тушунмайман. Оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрнини топиш мен учун муҳимроқ. Мана шу муаммоларда ишларимиз кўпроқ.

— Жамиятнинг қурбонига айланади, деб айтиб ўтдингиз. Сўнгги пайтда суицид даражаси кўпайиб кетди. Бунинг кўп қисми оилали аёлларга тўғри келмоқда. Сабаб қилиб, эри ёки қайнонаси томонидан босимга учраши кўрсатилмоқда. Францияда қандай?

— Аёлларга зўравонлик бутун дунёда мавжуд иллат. Францияда ҳам бор. Ҳар бир миллат вакиллари орасида бор бу нарса. Лекин Ўзбекистонга нисбатан анча кам. Чунки у ёқда ҳақиқий ассоциациялар, давлат идоралари уларга ҳеч қачон бефарқ қарашмайди. Кичкинагина муаммо бўлдими, бу тезда инобатга олинади. Айниқса, фарзандли аёлларга.

Бу Ўзбекистонда қанчалик кучга кирган мен билмайман. Боя айтганимдек ёшлигидан таълимни қурол қилиш, қизларда ўзига ишончни шакллантириш керак. Айримларда эшитаман, уйга қайтиб келма, юзимни қора қиласан, дейишади.

Шундайларга қизим, сен ҳунар ўргангин, қизим сен ўқигин, шу вазиятдан чиқиб кетасан, деб тайёрласа, бундай вазиятлар анча камаяди. Кейинги авлод ҳам онасига қараб ҳаракат қилади. Минг афсус, баъзилар жуда консерватив оилаларга тушиб қолгач, келиннинг суянадигани йўқ, эри балки ишлагани чет давлатга кетгандир, балки хотини билан иши йўқдир, балки улар иллюзияда турмуш қургандир.

Ҳақиқий муҳаббат бу ич-ичидан бир-бирини тушуниш, ҳурмат қилиш мен учун. Қандай бўлса, шундайлигича, камчилиги билан қабул қилиш. Севги — бу снапчатда юракчалар қўйиш эмас. Бир-бирини тушуниш, ёрдам бериш. Уруш ёки, ҳақоратлаш эмас.

Мен ҳеч қачон биров менинг ҳаётимни ҳал қилишини истамаганман. Ўзингиз жавобгарсиз ҳаётингиз учун. Уни чиройли қилиш, тушган вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қилиш ҳам ўз қўлингизда.

— Айтганингиздек, аксар оилаларда келиннинг суянчиғи йўқ. Келинга паст назар билан қараш бор. Ўзбек қайнонаси деганда зуғумкор аёл кўз олдига келади кўпроқ. Францияда келин, қайнона образи қандай?

— Мана олти ойдан буён Ўзбекистонда ишлаяпман. Ҳақиқатан ҳам қайнона деса, айрим келинлар титраб кетади. Кобра эсланади. Албатта, қайноналарнинг ҳаммаси ҳам ундай эмас.

Францияда бу табиий қабул қилинади. Муносабатлар ўзаро ҳурмат билан қурилган. Ўз ҳаётим мисолида гапирадиган бўлсам, биз қайнона билан бирга яшамаймиз. 18–20 ёшдан болалар мустақил яшашга ўргатилади. Шу вақтгача кўрмадим, бир том остида яшаган қайнона-келинни.

Албатта, кўришиб турамиз. Жамият, муаммолар, ишлар ҳақида гаплашамиз. Қайнонам набираларини кўрганидан хурсанд бўлади. Тотувлик, ҳамжиҳатлик бор орамизда. Қайнонам мен учун, мен қайнонам учун хизмат қилишимиз мумкин. Бунга табиий қаралади. Келин шахс сифатида қабул қилинади.

Авторитар қайноналар ҳам бор. Лекин анча кам.

— Урф-одатлар, тўй маросимлари, қуда-андачилик муносабатлари қандай?

— Турмуш қураётганда аввало йигит билан қиз қарор қабул қилишади. Ҳамма шароитидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилади. Харажатлар учун келин ва куёв ҳам бирдек ҳисса қўшишади. У жамиятда ҳамма ишлайди. Тўй учун ҳеч ким қарз олмайди.

Шундан сўнг ҳеч қандай урф-одатлар, чорлади, бешик тўй кабилар йўқ. Туғилган кунларда, бирлаштирадиган байрамларда йиғилишамиз, бўлди. Қўй сўйгин, у қил, бу қил деган нарсалар йўқ.

— Аёл кишининг шахс сифатида ривожланиши учун қайси омиллар рол ўйнайди?

— “Ботқоқ”қа тушиб қолган аёл икки кунда ўзига келмайди. Бу жудаям узун процедура. Йиллар кетади бунга. Шунинг учун психологлардан, бошқалардан диагнозини олиб, ҳаёти хавф остида турибдими, муаммоларини дарҳол ҳал қилиш керак.

Ҳаёти хавф остида турибдими, аввало аниқлашади, у учун нима муҳим? Нима қилишни хоҳлайди, қаерга йўналтириш керак, балки унга ҳақиқий психологик ёрдам керакдир. Ана шуларни ҳисобга олган ҳолда аста-секинлик билан аёлни жамиятга қайтаради.

Аёл ўзини тиклаб олганидан кейин, энди у тайёр ишлашга ёки тадбиркорликка. Бу аёлнинг ўзига боғлиқ жараён. У ўзини ботқоққа ташлаб, бўлди, мен тамом бўлдим, энди ўламан, деса ҳеч нарса қилолмайсиз. Чунки ичида хоҳиш йўқ.

Кўпчилик аёллар фарзанди учун ҳаракат қилишади. Лекин аслида аввало ўзи учун, кейин фарзанди учун ҳаракат қилиши керак.

— Муҳожир аёлларнинг тилини, маданиятини билмаган давлатга боришга нима мажбур қилган?

— Элликка яқин аёллар билан суҳбатлашганимда, барчасидан сўраганман, нимага, нимага, нимага? Кимдир турмушга чиққан, кимдир кимгадир ишониб келиб қолган. Жамиятда соатига 10 евро топаман деб ишга берилиб кетади-да, тил қолиб кетади. Ёки ишини йўқотиб қўяди-да, тил билмагани учун бошқа иш тополмайди.

Чунки у жамиятга кириш учун француз тилини билиш керак. Коммуникация бу энг керакли нарса. Коммуникация бўлмаса биз алоқа қилолмаймиз. Жамиятда ўз ўрнини топиш учун, иш топиш учун тилни билиш керак.

Нега келдинг, қандай келиб қолдинг, деб сўраганимда баъзилари мен қайтиб кетишни хоҳлардим, дейди. Францияда аёлнинг хоҳиши ҳурмат қилингани учун ҳам у қайтиб кетишга ҳақли, лекин унинг фарзанди бор, у мажбур бўлади ўша ерда қолишга.

Муаммолар ҳар хил, бир хил эмас. Ечими ҳам турлича. Калтак еган, зўравонлик, муаммолар ўхшаш бўлиши мумкин, лекин сабаблар ҳар хил.

Шу муаммолар ичига ўзини ташлаб юборганлар ҳам бор. Мен бир ўзим бу муаммони ечолмасдим. Бошқалардан ёрдам сўрайман. Қандай қилсак бўлади, нима қилсак ҳаётга қайтароламиз, деб.

— Франциядаги «Баҳор» брендининг ишини Ўзбекистонда ҳам ташкил қилиш ниятингиз борлигини айтган эдингиз. Олти ойдан буён Хивада иш олиб бораётган экансиз. Нималар қилдингиз?

— Айнан тикиш-бичиш билан боғлиқ бўлмади-ю, туризм соҳаси билан боғлиқ иш очдик. Хивадан бир ресторан олишга муваффақ бўлдик. У ерда айнан темир дафтарга киритилган, жамиятдан четга чиқиб кетган аёллар билан ишлашга ҳаракат қиляпман.

Чунки фақат маблағ томонидан эмас, бу аввало инсоний масъулият. Бир-биримизга ёрдам беришимиз керак. Ҳаракат қиляпман, шундай аёлларга кўпроқ ёрдам беришга.

— «Аёллар дафтари», «Темир дафтар» дедингиз. Демак, Ўзбекистонда олиб борилаётган ишлардан хабарингиз бор. Францияда ҳам шундай «дафтар»лар борми?

— Айнан бундай дафтарлар йўқ, лекин ассоциациялар бор. Ўта оғир аҳволдаги аёллар бўлиши мумкин, жисмоний томондан зўравонликка учраган ёки ташлаб кетилган аёллар билан ишлайдиган ассоциациялар бор. Ҳужжатсиз юрган аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилотлар бор.

Иқтисодий, иш орқали йўлини топишга кўмаклашадиган ташкилотлар бор. Улардан ўтиб кейин менга келишади. Шундай бўлак-бўлакларга бўлинганмиз-у, лекин бирга ишлаймиз.

— Тил билмай туриб чет давлатга ишлагани кетаётган аёлларга нима деган бўлардингиз?

— Бир сирни айтайми? Ҳозир Ўзбекистонда иш кўп. Ривожлантирилмаган, эгалланмаган соҳалар талайгина. Ўйлашадики, 500 доллар кўпроқ топаман, уй оламан, машина оламан, деб. Бу миллий менталитетга айланиб қолган.

Мен учун энг ачинарли ҳол, бу фарзандларни ташлаб кетиш аслида. Чунки ёшлигимда онам кўп касал бўлиб, даволанишга кетгани сабаб шу қўрқув билан катта бўлдим. Ҳозир айниқса, фарзандлар учун бу муҳим. Айниқса, телефон, интернет бор. Хавф қўлимизда юрибди бундай олиб қараганда. Ҳар хил оқимга кириб кетиши мумкин.

Онанинг ёки отанинг борлиги фарзанд учун таянч аслида.

Ишонасизми, бизни ҳеч ким у ерда кутиб тургани йўқ. Ўз жойимизни ўзимиз қилишимиз керак. Сиз тайёрмисиз шу нарсага? Ҳар томонлама бу психологик томондан, жисмоний томондан, иқтисодий томондан? Фундаментни Ўзбекистонда бошлаб, кейин борса бўлади.  

Чарос Маннонова суҳбатлашди.
Оператор ва монтаж устаси Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид