Жаҳон | 18:52 / 05.11.2024
2398
2 дақиқада ўқилади

Michelin 2025 йилда Франциядаги иккита заводини ёпади

Европа бозорида харидорлар Осиёдан кириб келадиган арзон шиналарга қизиқиш билдирмоқда. Шу боис Шоле ва Ванн шаҳарларида жойлашган корхоналар бир неча йилдан бери жиддий иқтисодий қийинчиликларга дуч келяпти.

Фото: lemde.fr

Автомобил шиналарини ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчилардан бири ҳисобланувчи Compagnie Generale des Etablissements Michelin компанияси 2026 йилгача Франциядаги иккита заводини ёпишини маълум қилди.

Қайд этилишича, Шоле ва Ванн шаҳарларида жойлашган корхоналар бир неча йилдан бери жиддий иқтисодий қийинчиликларга дуч келмоқда. Компания томонидан кўрилган чора-тадбирларга қарамай, заводлар фаолиятини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаяпти.

«Енгил ва юк автомобиллари шиналари бозорининг таркибий ўзгариши, Европада рақобатбардошликнинг ёмонлашуви, хусусан инфляция ва энергия нархининг ошиши иккала заводга ҳам жиддий таъсир кўрсатди. Ушбу қарор барча муқобил вариантлар ҳамда сценарийлар баҳоланиб, таҳлил қилиб чиқилганидан кейин кескин чора сифатида қабул қилинди», — дейилади хабарда.

Сўнгги йилларда Европа бозорида харидорлар Осиёдан кириб келадиган арзон шиналарга қизиқиш билдирмоқда — бу эса Европадаги ишлаб чиқарувчиларга зарба бўлди. Мазкур вазият Michelin’нинг айрим заводларида ортиқча ишлаб чиқарув қувватларининг пайдо бўлишига олиб келди.

Франциядаги иккала заводда жами 1 250 мингдан ортиқ ходим ишлайди. Заводларда ишлаб чиқариш 11 ноябрга қадар тўхтатилган. Ҳозирда ҳар бир ходимга индивидуал ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича раҳбарият ва касаба уюшмалари ўртасида музокаралар кечмоқда.

5 ноябр савдоларига кўра, Michelin акциялари котировкаси 0,6 фоизга қимматлашган. Компания капитализацияси эса жорий йил бошидан бери 3,4 фоизга тушиб кетган (22 миллиард еврогача).

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид