Спорт | 21:41 / 16.12.2022
24018
8 дақиқада ўқилади

Роналду, Нойер, Лукаку ва бошқалар. Қатарда ишончни оқламаганлар жамоаси

Мухлислар бу 11 футболчидан кўпроқ нарса кутганди.

Мануэл Нойер, Германия

Мануэл Нойер ва Томас Мюллер учун бу сўнгги мундиал бўлиб қолади
ФОТО: ALEXANDER HASSENSTEIN/GETTY IMAGES

Бу турнирда топ-дарвозабонларга етарлича саволлар туғилди: масалан, Куртуа, Менди ва Шмейҳел ўз даражасидаги ўйинни намойиш этмади, аммо Нойер улардан ҳам ёмонроқ кўринди. Немислар жамоаси посбони Япония ва Коста-Рикага қарши ўйинларда тўртта гол ўтказиб юборди, ҳолбуки турнирдан олдин кўпчилик бу ўйинларда жамоа дарвоза дахлсиз қолишини кутганди. Бундан ташқари, бу эпизодларнинг ҳар бирида Нойернинг ҳам айби бор эди, костарикаликларнинг биринчи голида эса — юз фоизга у айбдор эди. Гуруҳдаги уч ўйинда Мануэл ўз дарвозасидан беш бор гол олиб чиқди, ҳолбуки рақибларнинг xG бўйича биргаликдаги кўрсаткичи (кутилган гол) 3,4 голни ташкил этганди. Нойернинг ёмон ўйини унинг жамоадаги мақомига салбий таъсирни кучайтиради — терма жамоалар муваффақиятсизлигида ҳамиша сардорлар ҳам айбдор қилинади. Қатарга Нойер 36 ёшида келди, кейинги жаҳон чемпионатига эса Германия бошқа дарвозабон билан боради.

Йоаким Меле, Дания

Фото: AFP

Данияликларни ҳам, немислар каби, барча жаҳон чемпионати плей-оффида кутганди. «Аталанта»нинг тезкор қанот ҳимоячиси Йоаким Меледан эса Евро-2020 турнирида бўлгани каби ёрқин шоу кутишганди: ўшанда у икки гол уриб, бир голга узатма берган ва фантастик даражадаги фойдали ўйини билан бутун Европани ўзига лол қилганди. Аммо у бу сафар нурсиз ўйин кўрсатган Дания жамоасида ҳам ажралиб турмади.

Ян Вертонген, Белгия

Фото: AFP

Белгия миллий жамоаси тўлиқ таркиб билан ЖЧ-2022 турнирида ҳафсалани пир қилган жамоалардан бири бўлди. Аммо 35 ёшли Вертонген шундай жамоада ҳам ўзининг секин ҳаракатлари ва позицион хатолари билан ажралиб турди. Миш-мишларга кўра, «Андерлеҳт» ҳимоячиси Марокашдан учралган мағлубиятдан кейин кийим алмаштириш хонасида жамоадошлари билан муштлашиб кетган. Агар бу тўғри бўлса, Вертонген янада кўпроқ ҳафсалани пир қилади — ахир фахрий футболчилар шусиз ҳам ёмон муҳитни ёмонлаштирмасдан, жамоанинг бошқа аъзоларини тинчлантириши керак эди. 35 ёшли ҳимоячи учун бу фаолиятидаги сўнгги жаҳон чемпионати бўлиб қолди.

Жоау Канселу, Португалия

Фото: AFP

Дунёнинг энг кучли қанот ҳимоячиларидан бири саналадиган бу футболчи формал жиҳатдан Португалия билан чоракфиналгача борди, аммо у плей-офф ўйинлари арафасида бошланғич таркибдан тушиб қолди. Канселу гуруҳ босқичи ўйинларида нурсиз ўйин кўрсатди ва рақибларга «Манчестер Сити»да ундан келадиган хавфнинг ўндан бирини ҳам ярата олмади. Португалиянинг бошқа қанот ҳимоячилари Диогу Далот ва Рафаэл Геррейру эса турнир давомида самаралироқ ҳаракат қилишиб, ўз ҳисобига гол ва паслар ёзиб қўйишди.

Гарет Бэйл, Уэлс

Фото: Global Look Press

Уэлс термаси Эрон, АҚШ ва Англия билан бир гуруҳда яққол аутсайдер бўлиб кўринмаётганди, аммо жамоа жуда иложсиз ҳолатда қолди. Уэлсликларнинг ягона голини Бэйл пенальтидан урди ва бу билан фахрланиб бўлмайди. Жамоа сардори рақиблар дарвозалари томон деярли таҳдид сололмади, Англия билан ўйин танаффусида эса суст ҳаракатлари ва фойдасиз ўйини туфайли алмаштириб юборилди. Юлдуз футболчи учун бу фаолиятидаги биринчи ва сўнгги жаҳон чемпионати бўлиб қолди - лекин у ўзининг энг яхши спорт формасида эди.

Федерико Валверде, Уругвай

Фото: AFP

Валверде — жаҳон футболининг тўлақонли юлдузи, май ойидаги Чемпионлар лигаси финалида голли узатма муаллифи. Transfermarkt уругвайлик футболчининг трансфер қийматини 100 миллион еврога баҳолаган, аммо Қатарда Валверде юқори баҳо ололмади. Гап унинг жойлашуви жуда орқада бўлганида ёки Уругвай термасидаги футболчилар «Реал» даражасида эмаслигида бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам Валвердедан кўпроқ нарса кутилганди, у эса Уругвайни нисбатан осон гуруҳдан плей-оффга олиб чиқа олмади.

Томас Мюллер, Германия

Фото: AFP

Жаҳон чемпионатида немислар жамоаси ҳужум чизиғи ҳимоя вакилларидан яхшироқ иштирок этди. Мусиала, Сане, Ҳаверц ёки Гнабрини ҳафсалани пир қилганлар қаторига қўшиш қийин, аммо Мюллер жамоа учун кўп иш қилиб бера олмади. У гуруҳдаги уч ўйинда ҳам бошланғич таркибда майдонга тушди, аммо Япония ва Испания билан ўйинларда дарвоза сари бирорта зарба бера олмади. Мюллер чалғитувчи маёқ ролини ҳам бажара олмади, Германия эса гуруҳда қолиб кетди. У ҳали 33 ёшда бўлишига қарамай, терма жамоадаги фаолиятини якунлади.

Кевин Де Брюйне, Белгия

Фото: Reuters

«Манчестер Сити» яримҳимоячиси одатдагидек меҳнатсевар эди ва жамоадошлари учун вазиятлар яратди. У Белгия термасидаги ишончни оқламаган футболчилардан эмасди, аммо бу энг ёмон футболчилар эмас, ишончни оқлай     олмаган жамоа. Бу ерда эса иккита асосий аргумент унга қарши: гол ҳам, голли узатма ҳам йўқ.

Дарвин Нуньес, Уругвай

Фото: Reuters

«Ливерпул» форварди ўтган кузни тезроқ унутишни истайдиган футболчилардан бири. У янги клубида мослашишда жуда қийналди ва жаҳон чемпионатида муваффақиятсизликка учради. Кавани ва Суарес кексайиб қолди, шу туфайли Уругвайнинг умидлари айнан Нуньесга тикилганди. Аммо гуруҳдаги учта ўйинда Дарвин фақат бир бор протоколда қайд этилди, аммо гол урганида эмас, Гана билан учрашув бошида сариқ карточка олганида.

Ромелу Лукаку, Белгия

Фото: Reuters

Агар Белгия термасининг ишлари яхши кечганида Лукаку гуруҳ босқичида майдонга тушмасди. «Интер» форварди узоқ вақтдан буён жароҳатини даволаётганди ва у жамоаси гол уришга уринишларини захира ўриндиғидан кузатди. Роберто Мартинес Лукакуни Марокаш билан ўйин охирида туширди, шунингдек Хорватия билан ўйинда иккинчи бўлимда имконият берди. Аммо 45 дақиқа давомида Ромелу тўртта голли вазиятни йўққа чиқарди, ҳолбуки Белгия битта гол урса ҳам гуруҳдан чиқарди. У формасини тиклашга улгурмаганди, аммо бу кўп нарсани ҳал қилмайди: ҳатто ярадор Лукакуга ҳам талаб оддий форварддагига қараганда юқори бўлади.

Криштиану Роналду, Португалия

Фото: Reuters

Жаҳон чемпионати арафасида Роналду шов-шувли интервью бериб, Португалия билан соврин қўлга киритмоқчи эканини айтди. Криштиану атрофидаги шовқин жамоага қандай таъсир кўрсатишини ҳеч ким тушунмаганди. Энди эса хулоса қилиш мумкинки, кўпроқ салбий таъсир кўрсатган.

Роналду жаҳон чемпионати вақтида ҳам эътиборни ўзига қаратишда давом этди, масалан ФИФАни Бруну Фернандеш Уругвай дарвозасига гол урган вазиятда тўп ўзининг бошига тегиб кирганига ишонтиришга уринди. Бундай ҳаракатлари билан сардор жамоага ижобий таъсир кўрсатиши қийин эди.

Спорт нуқтайи назаридан Роналду ҳам ишончни оқламади: Ганага қарши биринчи ўйинда пенальтидан урилган гол унинг учун ягоналигича қолди, гуруҳ босқичидан кейин эса Криштиану ҳақли равишда захира футболчисига айланди. Португалиялик ўзининг жаҳон чемпионатларидаги финиши шундай кечишини хаёл қилмагани аниқ.

Мавзуга оид