Жаҳон | 19:16 / 17.12.2022
5923
2 дақиқада ўқилади

Дунё аҳолисининг 99 фоизи ифлосланган ҳаводан нафас олмоқда - БМТ

Бу инсон саломатлигига жиддий хавф туғдиряпти.

Фото: AP

Дунё мамлакатлари ҳаво ифлосланишининг узоқ муддатли оқибатларига дуч келмоқда. Шошилинч чоралар кўрилмаса, ҳаводаги хавфли заррачалар концентрацияси инсон саломатлиги, экотизимлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва иқлим ўзгаришига салбий таъсир қилишда давом этади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги ҳисоботи муаллифлари огоҳлантиришича, дунё аҳолисининг 99 фоизи Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан белгиланган меъёрлардан ошиб кетадиган ва инсон саломатлигига хавф туғдирувчи ифлос ҳаводан нафас олади. Ҳаво сифати мониторинги ҳозирда 117 мамлакатнинг 6 мингдан ортиқ шаҳарларида амалга оширилмоқда.

Ҳаводаги микрозарралар ўпка орқали қон айланиш тизимига кириб, юрак-қон томир ва нафас олиш тизимларига салбий таъсир қилиши мумкин. Ҳаводаги азот диоксидининг концентрацияси нафас олиш касалликларини, хусусан, астмани келтириб чиқаради.

Олимлар фикрига кўра, иқтисодиётнинг барча тармоқлари, жумладан, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт соҳаларида атмосферага зарарли чиқиндиларни камайтириш зарур.

Ҳисобот муаллифлари, шунингдек, 2000-2018 йилларда озоннинг ўртача йиллик фон концентрацияси ўсишини қайд этишади. Бу нафақат аҳоли саломатлигига, балки қишлоқ хўжалигига ҳам таъсир кўрсатди. Мисол учун, 2015 йилда Европада озон туфайли буғдой ишлаб чиқаришнинг умумий йўқотилиши 23,8 миллион тоннани ташкил этди, бу Украинадаги йиллик ишлаб чиқаришдан (21,8 миллион тонна) ошади.

Ҳисобот муаллифларининг огоҳлантиришича, 2050 йилга бориб Европа аҳолисининг атиги учдан бир қисми ЖССТ тавсияларига жавоб берадиган сифатли ҳаво билан нафас олади.

Мавзуга оид