Ҳаётда шундай инсонлар борки, қисқа умр кечирганига қарамасдан ўз номини тарих зарварақларига олтин ҳарфларда ёзиб кетган. Канадалик Терри Фокс ҳам ана шундай инсонлардан бири эди.

Терри бор-йўғи 23 йил яшаган ва саратон хасталигидан вафот этган. Ўлимидан бир йил аввал у ўз номида хайрия фонди очади. Сўнг фондни оммалаштириш ва шу йўл билан саратонга чалинган инсонларга ёрдам бериш учун жуда катта қаҳрамонлик кўрсатади.

Терри Фокснинг орзулари ва саратон хасталиги

Тўлиқ исм-шарифи Терренс Стэнли Фокс (Terrance Stanley «Terry» Fox) бўлган Терри 1958 йил 28 июн куни Канаданинг Виннипег шаҳрида туғилади. У ёшлигида футбол, бейсбол, регби ва баскетбол каби спорт турлари билан шуғулланади.

Терри мактабни тугатгач маҳаллий баскетбол жамоасига қўшилмоқчи бўлади. Аммо мураббий унинг бўйи баскетбол ўйнаш учун пастлик қилишини айтиб енгил атлетика билан шуғулланишини маслаҳат беради.

Шундан сўнг Терри югуриш билан шуғуллана бошлайди ва университетга кириш учун ҳужжатларини топширади. Унинг мақсади спорт мураббийи бўлиш эди. Аммо Терри ўқишга киришга улгурмайди. Унда саратон касали аниқланади.

Терри Фокс ота-онаси билан

1977 йил, Терри 19 ёшда эканида кутилмаганда чап оёғи тиззасида кучли оғриқ, сўнг шиш пайдо бўлади. Текшириб кўрилганда Террида саратон касаллигининг оғир ҳолати аниқланади.

Врачлар Террини даволашга кеч бўлганини, оёқни тизза юқорисидан кесиш лозимлигини, акс ҳолда саратон бутун танага тарқаб кетиши мумкинлигини айтишади.

Террининг оёғи кесилади ва у бир оёқ билан қолади. Бироқ, кейинги текширувларда хавфли ўсимта тананинг бошқа қисмларида ҳам аста-секинлик билан ривожланаётгани маълум бўлади.

Врачлар Террининг яшаб кетишини элликка эллик тарзида баҳолашади. Шунда у 1-2 йилдан кейин яшаб қолиш имконияти 10-15 фоизга тушишини, шу сабабли нимадир қилишга улгуриши кераклигини англаб етади.

Операциядан сўнг Терри кесилган оёғига ясама оёқ қўяди ва аста-секин юришни машқ қила бошлайди.

Ўшанда Терри кетма-кет 16 ой давомида кимётерапия олади. Ясама оёққа бироз мослашгач спорт билан ҳам шуғуллана бошлайди. Врачлар буни соғайиш аломати деб ҳисоблашади. Аммо аслида ундай эмасди. Саратон Террининг танаси бўйлаб тарқалаётган эди.