Ноқулай об-ҳаво шароити бир қанча аэропортлар фаолиятини чеклаб қўйди
Қалин туман туфайли кўриш ёмонлашиши Тошкент ва Наманган халқаро аэропортларида самолётларни қабул қилиш ва жўнатишни вақтинча чеклаб қўйди.
Uzbekistan Airports хабарига кўра, қалин туман Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY614 (Москва — Тошкент) рейси Бухоро муқобил аэродромига жўнатилишига сабаб бўлди. Бортида 214 йўловчи бўлган самолёт маҳаллий вақт билан 03:23 да Бухорога келиб қўнди. Шунингдек, HY426 (Деҳли — Тошкент) рейси ҳам Бухоро аэропортига йўналтирилди. Кўриш яхшиланганидан кейин иккала самолёт ҳам Тошкентга қайтиб учиб кетган.
Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY23/24 (Тошкент — Бухоро — Тошкент) рейси бироз кечиктирилди. HY23 рейси маҳаллий вақт билан 10:52 да Бухорога келиб қўнган ва 11:53 да Тошкентга жўнаб кетган.
Бундан ташқари, Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY9662 (Екатеринбург — Тошкент), HY3196 (Сеул — Тошкент), HY274 (Истанбул — Тошкент), HY708 (Владивосток — Тошкент), HY9646 (Москва — Тошкент) йўналишларидаги рейслари Навоийдаги муқобил аэродромга йўналтирилган. Шунингдек, Россиянинг «Аэрофлот» авиакомпанияси Минералние Води — Тошкент йўналиши бўйича AFL1870 рейси Навоийга жўнатилди.
Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY18 (Нукус — Тошкент) ва HY336 (Жидда — Тошкент), Озарбойжон «Азал» авиаташувчисининг AHY5031 (Боку — Тошкент), Fort Aero’нинг FRX513 чартер рейси Самарқандга муқобил аэродромга жўнаб кетган.
Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Перм — Наманган йўналиши бўйича HY9802 рейси Фарғона аэропортига йўналтирилган ва маҳаллий вақт билан соат 01:51 да Фарғонага келиб қўнган.
HY9620/9619 (Москва — Наманган — Москва) рейси учиш вақти 18 декабрдан 19 декабрга ўзгартирилган. Самолёт белгиланган аэропортга маҳаллий вақт билан 16:10 да жўнайди.
19 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 16:40 га белгиланган HY9619 (Наманган — Москва) рейси 20 декабрга кўчирилди. Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY9805 (Наманган — Самара) ва HY9806/9829 (Самара — Наманган — Екатеринбург) рейслари ҳам кечиктирилган.
S7 авиакомпаниясининг SBI5567/5568 (Новосибирск — Наманган — Новосибирск) рейси, Air Arabia авиакомпаниясининг G785 (Наманган — Шаржа) ва G785 (Шаржа — Наманган — Шаржа) рейслари, Red Wings авиакомпаниясининг WZ4483/4484 рейслари (Москва — Наманган — Москва), шунингдек, Jazeera Airways’нинг J9645 рейси (Кувайт — Наманган — Кувайт) Наманганда об-ҳаво шароити яхшиланмагунча кечиктирилган.
Наманган аэропортида ҳаво кемаларини қабул қилиш ва жўнатиш учун чекловлар ҳамон амалда.