Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда куйинди ҳидининг пайдо бўлишига об-ҳаво шароитининг ўзгариши сабаб бўлгани айтилди
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълумотига кўра, Тошкент шаҳри ҳокимлиги тасарруфидаги Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган «Махсустранс» қаттиқ маиший чиқиндилар полигонида табиий ёнғин юз берган.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Тошкентнинг турли ҳудудларида куйган ҳид ва тутун кузатилгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар бўйича расмий муносабат берди.
Аҳолининг маълумотларига кўра, ҳид Яшнобод, Бектемир, Яккасарой, Шайхонтоҳур туманларида, шунингдек, пойтахтнинг марказий қисмида сезилган.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълумотига кўра, Тошкент шаҳри ҳокимлиги тасарруфидаги Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган «Махсустранс» қаттиқ маиший чиқиндилар полигонида табиий ёнғин юз берган.
“Ҳозирда вазият тўлиқ назорат остида, ёнғин бартараф этилган. Полигонда рекултивация ҳамда тупроқ билан қоплаш ишлари олиб борилмоқда”, дейилади муносабатда.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси мутахассисларининг маълумотига кўра, Тошкентда куйинди ҳидининг пайдо бўлишига об-ҳаво шароитининг ўзгариши сабаб бўлган. Кун давомида полигонда очиқ алангалар ўчирилган бўлса-да, чиқиндиларнинг айрим қисмларида ички туташ (чўғланиш) давом этган. Натижада ҳавога тутун ва майда заррачалар ажралишда давом этган.
Кечга қадар шаҳарда деярли шамол бўлмаган. Бироқ соат тахминан 19:00 дан кейин шамол кескин кучайиб, жануби-шарқ томондан — полигон жойлашган ҳудуддан пойтахт томон эса бошлаган.
Айнан шу вақтда ҳаво сифати мониторинги станциялари PM2.5 ва PM10 майда дисперс заррачалари концентрацияси ошганини қайд этган. Шаҳарнинг турли туманларида яшовчи фуқаролар эса тутун ва куйинди ҳидини сезганликларини маълум қилишган.