Ўзбекистон | 11:27 / 20.12.2022
2509
2 дақиқада ўқилади

Конституция ислоҳоти борасида 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушди

Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига мурожаатномаси бўлиб ўтяпти. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Унда мамлакат тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамият ҳам ўзгариши кераклиги таъкидланди.

Шу боис, “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғояни Конституция ва қонунларга ҳам, кундалик ҳаётга ҳам чуқур сингдириш кераклиги қайд этилди.

Ҳозирги кундаги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қодир бўлган миллий давлатчилик асосларини мустаҳкамлаш зарур. 

Шуларни эътиборга олган ҳолда, асосий қонунни такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда. 

"Ушбу ислоҳотдан халқимиз катта ўзгаришлар кутяпти. Бугунги кунга қадар бу борада 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани ҳам, бунинг яққол далилидир", - деди давлат раҳбари. 

Шавкат Мирзиёев “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойили асосида барча масалалар бўйича халқ билан бамаслаҳат иш тутилишини таъкидлади.

Умуман, мазмуни “инсон қадрини улуғлаш” руҳи билан бойитилган, келажак авлодларга муносиб хизмат қиладиган, Янги Ўзбекистонга мос бўлган Конституцияни ҳар томонлама ўйлаб, шошилмасдан ишлаб чиқиш кераклиги айтилди.
 
Фуқаролар билдирган барча таклиф ва истаклар албатта инобатга олинади ва Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига олиб чиқилади, деди Президент.

Энг муҳими – ҳар бир фуқаро конституциявий ислоҳотларга дахлдор бўлиши ва “Бу – менинг Конституциям”, деб юксак ғурур ва ифтихор билан айта олиши керак.

Мавзуга оид