Ўзбекистон | 11:44 / 20.12.2022
27274
6 дақиқада ўқилади

UzAuto'нинг чўнтагига бюджетдан миллиардлаб пул: ким ёлғон гапиряпти?

Иқтисодиёт вазири ўринбосари UzAuto'га 224,5 млрд сўм субсидия берилаётганини инкор қилди ва депутатлар “нотўғри тушунгани”ни айтди. Ғаниев бунга кескин эътироз билдирди. “Қанақасига бошқа талқиндаги жавоб билан бу ерда ўтирганларни чалғитяпсизлар? Ҳамма ўқишни билади, нима кераги бор бунақа ёлғоннинг?” – деди у.

Қонунчилик палатаси ва АОКА суратлари

Вазирлар Маҳкамаси Олий Мажлисдан тугаб бораётган 2022 йилги давлат бюджети ҳақидаги қонунни ўзгартиришни сўради. Қонунчилик палатаси 19 декабр кунги ялпи мажлисида бунга рози бўлди.

Мажлисда чиқиш қилган молия вазири Темур Ишметовнинг айтишича, экспорт қилинадиган мамлакатларда маҳаллий автосаноат корхоналари тўлайдиган транспорт харажатларини қоплаш мақсадида Иқтисодиёт вазирлигига 224,5 млрд сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Депутат Дониёр Ғаниев бунга эътироз билдирди. Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси бўйича депутатларга берилган тушунтириш хатида ажратилаётган маблағлар транспорт харажатларини эмас, автомобиллар экспорт қилинаётган мамлакатларда ундириладиган утилизация йиғимларини қоплаш учун деб ёзилган.

“Ҳозирги иқтисодий ҳолат фискал харажатларимизни тартибга солишни, оптималлаштиришни талаб этяпти. Чунки иқтисодий ўсиш йил бошидагидай эмас. Қолаверса, асосий экспорт қиладиган маҳсулотларимизнинг нархи тушган. Геосиёсий вазиятни ҳаммамиз билиб турибмиз. Харажатларимизни оптималлаштириш талаб этилаётган вазиятда, экспорт билан шуғулланаётган 2та монопол компанияни (UzAuto Motors ва SamAuto назарда тутилмоқда – таҳр.) субсидия билан қўллаб-қувватлаяпмиз. Энг ёмони, бу маблағлар билан экспорт амалга оширилаётган давлатлар аҳолисининг чўнтагига тўғридан тўғри пул соляпмиз. Яъни утилизация йиғимини қоплаб бериш орқали экспортга йўналтирилаётган автомобилнинг россиялик ёки беларуслик харидор учун арзон бўлишини таъминлаяпмиз. Бу қанчалик тўғри ва устувор?” дея савол қўйди Ғаниев.

Дониёр Ғаниев / Мажлис трансляциясидан кадр

Тимур Ишметов депутатнинг саволига “Ўзавтосаноат” вакиллари жавоб бериши кераклигини айтиб, уларни излади, лекин мажлисда компания вакилларидан на офлайн, на онлайн ҳеч ким қатнашмаётгани ойдинлашди.

Шундан кейин иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов сўз олиб, ҳолатга изоҳ берди.

Илҳом Норқулов (юқори чапда) /  Мажлис трансляциясидан кадр

“Бу нарсага аниқлик киритмоқчи эдим. Ижтимоий тармоқларда ҳам сал нотўғри талқинлар чиқиб кетди. Фракциялар йиғилишида бу саволга жавоб берилган. Бу ерда утилизация бўйича йиғим қайтариб берилмаяпти, балки 2020, 2021 ва 2022 йилларда мамлакатимиз экспортёрларининг (нафақат автомобил экспортёрлари) транспорт харажатларини компенсация қилиш назарда тутилган ва унинг манбаси утилизациядан тушадиган пуллар сифатида кўрсатилган. Бу ижтимоий нуқтайи назардан қанчалик адолатли деяпсиз. Бу ерда “Ўзавтосаноат” ҳақида гап кетмаяпти. Шу нарсага аниқлик киритишимиз керак.

Ҳозирги кеча-кундузда қарашимиз керакки, денгизга чиқиш имконияти мавжуд бўлган қўшни мамлакатларимиз ҳам, биз билан рақобатлашадиган бозорларда ўз экспортёрларига транспорт бўйича субсидиялар беряпти. Бу пул маблағлари фақат 2022 йил учун эмас, балки олдинги йиллар учун ҳам йиғилиб келган. “Ўзавтосаноат” бунча маблағни қайтариб олиш даражасидаги экспортни амалга оширмаган”, – деди Норқулов.

Молия вазири эса “Ўзавтосаноат” вакиллари мажлисда қатнашмаётгани боисидан улардан ёзма тушунтириш олинишини айтди.

Депутат Дониёр Ғаниев ҳукумат вакилларининг жавобидан қониқмади ва кескин эътироз билдирди.

“Мени бу жавоб билан ёлғончига айлантиришяпти. Истасангиз тушунтириш хатини ўқиб беришим мумкин. Бу ерда “экспорт қилинадиган мамлакатларда маҳаллий автомобил саноати корхоналари томонидан тўланадиган утилизация йиғими харажатларига давлат бюджетидан маблағ ажратиш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига – 224,5 млрд сўм”, – дейилган, ҳеч қанақа транспорт харажати, ҳеч қанақа текстиль ёки бошқа соҳадаги экспортёрлар ҳақида гап кетмаяпти.

Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси бор, қўшни бўлмаган мамлакатга экспорт амалга оширилса 50 фоизгача, GSP доирасида Европага экспорт амалга ошириладиган бўлса, 70 фоизгача транспорт харажатларини субсидия қилади. Бу умуман бошқа жамғарма. Қолаверса, фракцияда сизнинг ҳамкасбингиз UzAuto Motors'га 137,5 млрд сўм, SamAuto'га 87 млрд сўм берилаётганини айтдилар. Сиз ҳозир мени ёлғончи қиляпсиз, мен вазир имзо қўйган тушунтириш хатидан ўқиб беряпман. Ўзингизнинг ҳамкасбингиз берган жавобдан келиб чиқиб, савол беряпман. Қанақасига бошқа талқиндаги жавоб билан, бу ерда ўтирганларни чалғитяпсизлар?

Ҳамма ўқишни билади, нима керак бор бунақа ёлғоннинг? Ундан кўра тўғри жавобини бера қолинглар. Нима кераги бор, жамоатчиликнинг олдида бизни нотўғри тушунгандай қилиб кўрсатишни. Берамиз денглар, бизнинг эътирозимиз йўқ. Барибир берасизлар. Фақат бугунги кунда бу қанчалик тўғри, деган фикрни сўраяпмиз, холос. Ёлғон маълумотлар билан гапни айлантиришнинг кераги йўқ”, деди Ғаниев.

Илҳом Норқулов эса нотўғри тушуниш бўлганини, у масалага тўғри жавобни бераётганини билдирди.

“Мен яна тушунтириш бериб ўтмоқчиман. Бошидан айтдим сизга, бу ерда сал нотўғри тушуниш бўлган. Бу нарсани биз ҳам ичкарида муҳокама қилдик ва буни Молия вазирлиги ҳамда тегишли корхоналар билан гаплашиб олдик. Сизга аниқлаштирилган жавобни беряпмиз, агар рози бўлсангиз, бу бўйича яна учрашув қилиб, қўшимча маълумот берамиз”, деди иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари.

Шуниси эътиборлики, аввалроқ депутат Расул Кушербаев 224,5 млрд сўм масаласида Иқтисодиёт вазирлигига таянган ҳолда (!) аниқлик киритган, утилизация йиғими учун (!) компенсация сифатида берилаётган бу пулнинг ҳаммаси ҳам UzAuto Motors'га кетмаслигини ёзганди. Унга кўра, пулнинг 137,5 млрд сўми UzAuto Motors'га, 87 млрд сўми SamAuto'га ўтказиб берилади.

Бундан ташқари, иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича, экспорт қилишда транспорт харажатларининг бир қисми қоплаб бериладиган товарлар рўйхатида автомобил ҳам, автобус ҳам йўқ.

2022 йилги давлат бюджети харажатларини 2 триллион сўмга оширишга оид қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида бирданига учта ўқишдан ўтказилиб, қабул қилинди.

Мавзуга оид