Ҳар тўртта УЖМШдан биттаси мулкдорларнинг пулини “еб юбормоқда”
Ўзбекистондаги мингга яқин уй-жой мулкдорлар ширкатларининг чорак қисми 2022 йил давомида мулкдорларга молиявий зарар етказган. 50 га яқин ширкат раҳбари устидан жиноят иши очилган. Бу ҳақда Уй-жой фонди инспекцияси бошлиғи Азлар Содиқов маълум қилди.
Уй-жой фонди инспекцияси бошлиғи Азлар Содиқов 19 декабр куни АОКАдаги брифингда чиқиш қилиб, 2022 йилнинг 1 декабр ҳолатига қилинган ишлар бўйича ҳисобот берди.
УЖМШлардаги ўғриликлар
Уй-жой фонди инспекцияси кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи жами 1000 га яқин бошқарув органлари фаолиятини ўрганди.
Ўрганиш натижаларига кўра, 250 та уй-жой мулкдорлар ширкатлари томонидан жами 20 млрд сўм маблағ талон-тарож қилинган ёки уй-жой мулкдорларига зарар етказилган. Шундан, 50 га яқин ширкат раҳбарига нисбатан жиноий ишлар қўзғатилиб, 700 млн сўмга яқин маблағлар ширкатлар ҳисобига қайтарилган.
Шунингдек, кўп квартирали уйлар ва уларга тегишли туташ худудларда олиб борилган таъмирлаш-тиклаш ишлари ўрганилганда, жами қиймати 14 млрд сўм миқдорда 57 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Ҳозирда пудрат ташкилотларига нисбатан жиноий ишлар қўзғатилган.
Юзга яқин ширкат бошқарув қоидаларини бузгани учун жаримага тортилган
Кўп квартирали уйларнинг бошқарув органлари томонидан йиғиладиган мажбурий бадаллар маблағларининг шаффофлигини таъминлаш юзасидан ташкил этилган “Менинг уйим биллинг” тизими орқали ҳисоб юритилишини таъминлаш мақсадида махсус штаб ташкил этилган бўлиб, 3 ой мобайнида 1500 та мурожаат қабул қилинган. Шундан, 1200 таси жойида ижобий ҳал этилган, 200 тасига нисбатан мажбурий кўрсатмалар берилган, 100 га яқин ширкатлар бошқарув қоидаларини бузгани учун 300 млн сўм миқдорда маъмурий жарималар қўлланган.
Ертўлалар: 247 та ҳолатда жарима қўлланган
Кўп квартирали уйларнинг ертўлаларидан фойдаланиш тартиби ўрганилганда 550 та ҳуқуқбузарлик ва камчиликлар аниқланган. Шундан, 425 та ўзбошимчалик билан ертўлаларни эгаллаб олиш ёки қайта режалаштириш ишлари ҳамда 125 та ертўлаларнинг санитар тартибга риоя этилмагани аниқланган.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан жами 670 млн сўм миқдорда 247 та маъмурий жарима қўлланган, 290 та ертўладаги ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар аввалги ҳолатига қайтарилган.
Ноқонуний қурилмалар: жарималар умумий миқдори – 6 млрд сўм
Кўп квартирали уйлар ва туташ ҳудудларда жами 11 778 та ноқонуний қурилма аниқланган. Шулардан 3 500 тасига 6,0 млрд сўм маъмурий жарималар қўлланган, 6 800 таси мулкдорларнинг ўзлари томонидан аввалги ҳолатига қайтарилган.
Янги уйлар бўйича аризаларнинг ярмидан кўпи рад этилган
Янги уйларни фойдаланишга қабул қилиш ва реконструкция қилиш бўйича хулосалар олиш мақсадида инспекцияга қурилиш ташкилотлари томонидан 1055 та ариза келиб тушган. Шундан, янги уйлардан фойдаланиш учун 488 та аризага ижобий хулоса берилган. Қолган 567 та аризага тегишли уйлар фойдаланишга тайёр эмаслиги учун рад этиш хулосалари берилган.
Шу билан бирга, кўп квартирали уйларни турардан нотурарга, нотурардан турарга ўтказиш бўйича 550 та ариза келиб тушган. Шундан 335 та аризалар ихтисослаштиришга мослиги учун ижобий хулоса берилган. Қолган 197 та аризага ихтисослаштириш талабларига жавоб бермагани учун рад этиш хулосалари берилган.
Мавзуга оид
17:03 / 29.10.2024
Европаликлар уй-жойга пул тўлаш учун озиқ-овқат харажатларини камайтиришга мажбур бўлмоқда — сўровнома
18:15 / 14.10.2024
Уй сотиб олишга бўлган қизиқиш пасайишда давом этяпти
22:30 / 27.09.2024
“Уй-жой бозори ҳалиям ёввойи ҳолатда” – экспертлар билан катта суҳбат
08:00 / 19.09.2024