Иқтисодиёт | 08:00
3139
2 дақиқада ўқилади

Иккиламчи уй-жой нархлари бироз кўтарилди

Тошкент шаҳри иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар ўтган икки ойга нисбатан пасайишидан сўнг августда барқарорлашди: уй-жой нархи 0,2 фоизга кўтарилиб, бир метр квадрат учун 1128 долларни ташкил этди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда 2024 йил август ойида кўчмас мулк бозори фаолиятида бироз пасайиш кузатилди. 

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига кўра, август ойида 22,2 мингта кўчмас мулк олди-сотди битимлари рўйхатга олинган, бу июл ойига нисбатан 3,5 фоизга кам бўлиб, савдолар сони 23 мингтани ташкил этган.

Ҳудудлар кесимида кўчмас мулк билан боғлиқ битимларнинг энг катта пасайиши Сирдарё (22,6 фоиз) ва Хоразм вилоятларида (13,2 фоиз), шунингдек Тошкент шаҳрида (9,7 фоиз) қайд этилди.

Август ойида республика бўйича иккиламчи бозор уй-жой нархлари ўртача 0,7 фоиз, йиллик ҳисобда эса (ўтган йилнинг август ойига нисбатан) 9,7 фоизга ошди.

Ҳудудлар кесимида иккиламчи бозор уй-жой нархлари сезиларли даражада Хоразм (21,4 фоиз), Сурхондарё (14,6 фоиз), Бухоро (13,4 фоиз) ва Қашқадарё (13,3 фоиз) вилоятларида кўтарилган.

Тошкент шаҳри иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар ўтган икки ойдагига нисбатан пасайишидан сўнг августда барқарорлашди: уй-жой нархи 0,2 фоизга кўтарилиб, бир метр квадрат учун 1128 долларни ташкил этди.

Пойтахтнинг аксарият туманларида иккиламчи уй-жойлар нархи ўзгаришсиз қолди, фақат Миробод ва Олмазор туманларида нархлар мос равишда 1,7 фоиз ва 1,3 фоизга қимматлашди.

Тошкентнинг яна учта туманида нархлар бироз пасайди — Шайхонтоҳурда - 1,1 фоиз, Сергелида – 0,9 фоиз ва Чилонзорда – 0,6 фоиз. Йиллик ҳисобда Тошкентда иккиламчи уй-жойлар нархининг ўсиши 4,2 фоизни ташкил этди.

Мавзуга оид