Жаҳон | 21:19 / 21.12.2022
58408
15 дақиқада ўқилади

Олов билан ҳимояланган ер, Озодистон ва «форслаштириш». Жанубий Озарбойжон ёхуд Эрон Озарбойжони тарихи

Эрон-Озарбойжон чегарасида ҳар икки давлатнинг йирик ҳарбий машғулотлари бўлиб ўтди. Теҳрон ўз машғулотлари билан Бокунинг Жанубий Озарбойжон борасидаги позицияси ва оятуллоҳ режимини танқид қилувчи чиқишларига жавоб бермоқчи бўлди. Бироқ Туркия-Озарбойжон кучлари ҳам жавоб юришини амалга оширди. Яқинда Озарбойжон парламентида мамлакат номини Шимолий Озарбойжон деб ўзгартириш, бу орқали Эрон таркибида ҳам Озарбойжон ерлари ва миллати борлигини бутун дунёга билдириш таклиф қилинди. Озарбойжон замини қачон иккига бўлинган эди?

Ҳақиқий тарихий Озарбойжон — бу Жанубий Озарбойжон

Озарбойжон (Азербайжан) номи анча тарихий номдир. Бу номнинг илдизи милоддан аввалги асрларда ишлатилган Атропатене номига бориб тақалади. Расмий равишда бу номдан Аҳамонийлар даврида Атропатес шаклида, сатраплик (вилоят) номи сифатида фойдаланилган.

«Атропатес» ёки «Атропатане» номи қадимги форсчадан «олов билан ҳимояланган ер» маъносини беради. Ҳозирги Жанубий Озарбойжон ерларига тўғри келувчи ҳудуднинг бундай аталашига қадимги ривоятларга кўра зардуштийлик пайғамбари Зардуштнинг шу ерда туғилган деб ҳисобланиши (ҳозирги кунда олимлар бу борада турли хил фикрда) сабаб бўлган. Шунингдек, пайғамбар туғилган жой сифатида бу ерда кўплаб оташпарастлик ибодатхоналари бўлган ва уларда сўнмас оловлар ёқилган.

Шимолий ва Жанубий Озарбойжон

«Атропатане» номи вақт ўтиши билан aссимиляцияга учраб боради ва қадимги янги-форс тилида Ādharbādhagān ёки Ādharbāyagān деб атала бошланади. Бу ном эса кейинги асрларда ҳозирги Азербайжан шаклига келади.

Юқорида айтилганидек, қадимги Атропатене ва Атропес ҳудуди ҳозирги мустақил Озарбойжон ерларига эмас, балки Эрон Озарбойжони ерларига тўғри келади. Яъни Озарбойжон номи билан аталган ҳақиқий тарихий ҳудуд бу Жанубий Озарбойжондир.

Қадимги Атропатене ҳудуди

Туркийлашув ва давлатчилик

Жанубий Озарбойжон ерларига туркий халқлар Салжуқийлар даврида кенг кўламда кўчиб кела бошлайди. XI асрда бошланган туркий Озарбойжон халқи шаклланиши XV асргача давом этади.

Илк Озарбойжон давлатчилиги деб ҳисобланувчи Отабегилар давлати асосан Жанубий Озарбойжон ва Нахчивон ерларида ҳукмронлик қилган. Бу давлат таркибига Табриз, Ардебил, Ганжа каби шаҳарлар кирган. Машҳур ёзувчи, хамсачилик анъанаси бошлаб берган шоир Низомий Ганжавий ҳам шу даврда яшаб ўтганди.

Отабегилар давлатини пойтахт Табризни эгаллаган Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди тугатади. Хоразмшоҳ ўлдирилгач бу ерлар ҳам Мўғуллар империяси таркибига қўшиб олинади.

Кейинги асрларда Жанубий Озарбойжон ерлари турли туркий сулолалар томонидан бошқарилади. Озарбойжонликлар асос солган тарихдаги энг кучли давлат, шубҳасиз, 1502 йилда ташкил топган Сафавийлар давлати эди. Ардабиллик туркий уруғлардан бўлган Исмоил Сафавий пойтахти Табриз бўлган улкан Сафавийлар давлатига асос солади. Сафавийлар даврида шимолий Озарбойжон ерлари ҳам империяга қўшиб олинади ва озарбойжонликлар шимолдаги ерларга ҳам анча мустаҳкам ўрнашади.

Сафавийлар давлати

Айнан шу даврда шиа оқими намояндалари бўлган Сафавийлар ўлкада шиаликни тарғиб қилади. Озарбойжондаги туркий қабилалар орасида ҳам шиалик кенг тарқалади.

Сафавийлар давлати кучсизланиб, тарқоқликка юз тутгач бироз вақт Усмонлилар назоратида бўлган Жанубий Озарбойжон ерлари Нодиршоҳ афшор даврида яна Эронга бўйсундирилади.

Бўлиниш

Айнан Нодиршоҳ вафотидан сўнг, XVIII аср ўрталаридан замонавий Озарбойжон хонликлари даври бошланади. Эронда юз берган бўлиниш ва тартибсизликлар ортидан Озарбойжон ерларида бир нечта мустақил хонликлар ташкил топади. Шимолий Озарбойжонда Боку, Шамахи, Талиш, Ганжа, Қорабоғ, Дарбанд, Нахчивон, хонликлар ташкил топган бўлса, Жанубий Озарбойжонда Ардебил, Занжон, Маку, Қазвин, Табриз, Сераб, Урмия, Халхал, Меренд хонликлари пайдо бўлади.

Озарбойжон хонликлари
Фото Озарбойжон таълим вазирлиги

Эрондаги Зендлар сулоласи Озарбойжон хонликлари устидан ҳукмронликни тиклай олмайди. Бироқ тез орада саҳнага туркийларнинг қожар уруғидан бўлган Оға Муҳаммадхон чиқади. Эронни бирлаштирган Оға Муҳаммадхон мустақил Озарбойжон хонликларини ҳам тугата бошлайди. Кўплаб Озарбойжон хонликлари (асосан жанубий) Қожарларга бўйсундирилади. Оға Муҳаммадхон Кавказга катта юриш уюштириб, Грузияни мағлуб этади ва Тбилисини эгаллайди.

Бу пайтда Кавказ учун курашга Россия империяси ҳам қўшилади. Оға Муҳаммадхон Россия таъсирини камайтириш учун иккинчи Кавказ юришига тайёрланаётганда, 1797 йил Шушада заҳарлаб ўлдирилади.

1804 йилда Биринчи Эрон-Россия уруши бошланади. Қарийб ўн йил давом этган уруш Россия фойдасига Гулистон шартномаси тузилиши билан тугайди. Сулҳга кўра, Эрон Грузия, Доғистон ва Шимолий Озарбойжоннинг катта қисмини Россияга беради. Арманистон, Жанубий Озарбойжон ва Нахчивон Эрон таркибида қолади.

Тез орада Иккинчи Эрон-Россия уруши бошланади ва у 1828 йил Туркманчой шартномаси имзоланиши билан якунланади. Шартномага биноан, Арманистон, Нахчивон ва Шимолий Озарбойжоннинг сўнгги ҳудудлари ҳам Россияга ўтиб кетади. Арас дарёси ўзаро чегара этиб белгиланади.

Туркманчой шартномасининг имзоланиши
Фото: Wikipedia

Арасдан шимолда жойлашган Боку, Шамахи, Қорабоғ, Ганжа ҳамда Талиш (буниси жанубда) хонликлари ерлари Россия назоратига ўтади. Жанубдаги Табриз, Ардебил, Занжон, Урмия, Қазвин каби Озарбойжон шаҳарлари эса Эрон ихтиёрида қолади. Шу тариқа Озарбойжон халқи ва ҳудуди иккига бўлинади.

Миллий озодлик ҳаракатлари ва «форслаштириш»

Эрон Озарбойжони бўлинишдан сўнг ҳам анча вақт шимоллик қардошлари билан алоқани сақлаб қолади.

1905 йил Эронда конституцион инқилоб юз беради. Мамлакатда тартибсизликлар бошланади. Вазиятдан фойдаланган жанубий озарбойжонликлар 1908-1909 ва 1920 йилда ўз мустақил давлатлари — Озодистонни тузишга интилади. Бу ҳаракатга бошчилик қилган Муҳаммад Хиёбоний тўлиқ мустақилликни эмас, балки кенг ҳуқуқлар берилган мухториятни талаб қилади. Хиёбоний большевиклар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортади ва улардан ёрдам олмайди.

Муҳаммад Хиёбоний. Фото: Wikipedia

Бироқ Теҳрон жанубий озарбойжонликларга ён бермайди ва барча норозилик ҳаракатларини бостиради.

1925 йил Эронда ҳокимиятга Ризо Шоҳ Паҳлавий келгач, мамлакатда «форслаштириш» сиёсатини бошлаб юборади.

Ризо Шоҳ «ягона Эрон халқи» тушунчасини ёйишга ҳаракат қилади. Мамлакатнинг форсий бўлмаган ҳудудларида (Жанубий Озарбойжон, Курдистон, Луристон, Хузистон каби) форс тилининг тарқалишига алоҳида эътибор берилади.

Хусусан, Ризо Шоҳ таълим, матбуот ва иш юритишда озарбойжон тилидан фойдаланишни тақиқлайди. Озарбойжондаги барча йирик лавозимларга форслар тайинланади. Туркий тилдаги топонимлар форсчага алмаштирилади. Энг ёмони, Теҳрон мақсадли равишда минтақада иқтисодий дискриминация сиёсатини олиб боради. Бундан ташқари, жанубий озарбойжонликлар мавсумий ишлаш учун борадиган Шимолий Озарбайжон билан чегара ёпиб қўйилади.

Шоҳнинг бундай сиёсати Эрон Озарбойжонида баланснинг бузилишига олиб келади. Иқтисодий дискриминация сабаб озарбойжонликларнинг катта қисми иш қидириб мамлакат марказий қисми, Теҳронга кўча бошлайди. Натижада кўп миллатли форс шаҳарларида озарларнинг миллий ўзига хослиги, тили аста-секин йўқолиб, ассимиляцияга учрайди.

Бироқ, Эроннинг Озарбойжонга нисбатан олиб борган иқтисодий, маданий ва лингвистик тазйиқлари қарши томоннинг ҳам уйғонишига сабаб бўлади. Озарбойжонликлар уларга нисбатан қилинаётган айирмачилик сиёсати ортидан миллий аньаналарни кучайтиради.

Чунончи, 1945 йилда бу ерда СССР ҳомийлигида ҳатто мустақил давлат ҳам тузилади. Озарбойжон халқ ҳукумати дея аталган бу республика Озарбойжон ССР ёрдамида ҳукумат шакллантиради ва шимол билан бирлашиш бўйича ишлар олиб боради.

Озарбойжон халқ ҳукумати республикаси вакиллари

Бироқ бу республика ташкил топганидан бир йил ўтиб тугатилади. 1946 йил СССР қўшинлари Ғарб босими остида Эронни тарк этади. Шу йилнинг декабр ойида форс қўшинлари Жанубий Озарбойжон пойтахти Табризга кириб келади.

Ушбу республика тугатилишида Эрон армияси ўзини ўта тажовузкор тутади. Улар маҳаллий аҳолига нисбатан ўта аёвсиз муносабатда бўлади, деҳқонларнинг соқоли ёқиб юборилиб, калака қилинади, уларнинг аёллари ва қизлари зўрланади. Уйлари талон-торож қилиниб, чорва моллари олиб кетилади.

Бу жараёнда умумий ҳисобда14 мингга яқин жанубий озарбойжонлик ўлдирилади (жанубий озарбойжонликлар 500 нафар эронлик амалдорни қатл қилганди). Жанубий Озарбойжон мухторияти тугатилади.

Кейинги йилларда ҳам Жанубий Озарбойжонда «форслаштириш» сиёсати жадал олиб борилади.

Ислом инқилоби даврида (1978-1979 йиллар) озарбойжонликлар инқилобнинг асосий кучи бўлади. Табризда 100 минг киши қатнашган инқилобни қўллаб-қувватловчи намойиш бўлиб ўтади. Мамлакатда бошланган ўзгаришлар фонида озарбойжонликларда мустақилликка эришиш учун қулай имконият пайдо бўлади. Аммо улар бундан фойдаланмайди.

Озарбойжонликларнинг мустақиллик учун жиддий курашмагани сабаби, инқилобдан сўнг улар Эрон ҳукуматидаги юқори мансабларни эгаллай бошлагани эди. Хусусан, 1981 йил президентликка сайланган, ҳозирги Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий этник озарбойжон. Шу йили унинг бош вазири бўлган Мир Ҳусайн Мусавий ҳам этник озарбойжон бўлган. Шубҳасиз, сиёсатчиларга мустақил Озарбойжон давлатини тузиб, уни бошқаргандан, бутун Эронни бошқариш манфаатлироқ кўринганди.

Али Хоминаий ва Мир Ҳусайн Мусави

Оятуллоҳ тузуми миллий тушунчаларни рад этди ва фақат диний бўлинишни инобатга олади. Шу боис, Озарбойжонга ҳеч қандай мухторият берилмайди.

СССР тарқалиб, мустақил Озарбойжон республикаси ташкил топгач, Эрон Боку билан илиқ муносабатларни йўлга қўяди. Чегаралар очилади ва қардош халқлар оилалари яна кўришади. Теҳрондагилар жанублик озарбойжонлар шимолга ҳам шиаликни ёйишидан умид қилганди. Бироқ бу юз бермай, Шимолий Озарбойжон дунёвийликни танлагач, чегараларга тўсиқлар қўйиш бошланади.

Шимолий Озарбойжон ва Туркия таъсирида жанубда ҳам миллий ҳаракатлар кучаяди ва озар тилини тиклаш талаби қўйилади.

2003 йил Эрон шимоли-ғарбида йирик намойишлар бўлиб ўтди. Теҳрон бунга жавобан намойишларни куч билан бостирди ва митингларда қатнашган 19 ёшли озарбойжонлик талабани ошкора қатл қилди.

2006 йилда Эрон газеталаридан бирида озарбойжон тилини масхара қилувчи карикатура пайдо бўлди ва бу янги норозиликлар тўлқинига сабаб бўлди. Лекин ҳукумат яна куч ишлатиб, бу намойишларни ҳам бостирди.

2006 йилги карикатура. Унда бола суварак билан гаплашмоқчи бўлиб унга форсча «сооск» (суварак) дея гапиряпти. Суварак эса «намана» (озарча «нима?») дея жавоб бермоқда. Фото: Wikipedia

2011 йил бутун Эронда бўлиб ўтган норозилик акцияларида озарбойжонликлар ҳам қатнашди ва ҳукуматдан дискриминацион сиёсатни тўхтатишни, озарбойжон тилига ҳурматни тиклашни талаб қилди. Айнан шу воқеалардан кейин Теҳроннинг позицияси янада кескинлашди — Озарбойжон миллий ташкилотлари аъзолари қамоққа олинди ёки қатл қилинди.

Ҳозирги вазият — кескинлашув

2022 йилда эронлик қиз Маҳсин Амини ўлими ортидан бошланган янги норозилик намойишлари фонида Озарбойжонда яна миллий масалалар кўтарилди. Нафақат Озарбойжон, балки бутун Эронда миллий республикалар мухторияти ҳақида тез-тез гапирилмоқда. Оятуллоҳ режими аёллар учун баъзи ён беришларга борди. Бироқ миллий масалаларда ҳеч қандай ўзгариш йўқ.

Боку оятуллоҳ режимини тинмай танқид қилмоқда, Теҳрон эса Бокуни. Шимолликлар жануб билан бирлашиш, уларни курашга қўзғаш ҳаракатларини олиб боряпти.

Озарбойжон билан чегарадаги машғулотлар доирасида дарёдан ўтиш машқини бажараётган Эрон аскарлари
Фото: Tasnim

17 октябр куни Эрон Озарбойжон билан чегарада йирик ҳарбий машғулотлар бошлади. 20 ноябрда эса бунга жавобан Туркия ва Озарбойжон ҳам Эрон билан сарҳадларда «Қардошлик мушти» номли қўшма машғулот ўтказишга киришди.

Ҳар икки томон Арас дарёси устида (ўз ҳудудига қисмида) кўприк ўрнатиб, ундан танкларни олиб ўтиш машқини бажарди. Бу жиддий сигнал бўлиб, Арас дарёси юқорида айтилганидек икки давлат чегарасининг катта қисмини белгилаб берувчи дарёдир.

Озарбойжон расмийси «озарбойжонлик ҳарбийлар керакли пайтда Арасни кечиб ўтишга тайёрлиги»ни айтди ва «дарёнинг нарига томонидаги душманларга видеони кўриш»ни тавсия қилди.

Эрон билан чегарадаги машғулотлар доирасида дарёдан ўтиш машқини бажараётган Озарбойжон-Туркия аскарлари
Фото: Trend news agency

Бу машғулотларда Туркиянинг қатнашиши минтақадаги вазиятни мураккаблаштирди. Турклар машғулотларга ўзлари билан F-16 қирувчи самолётларини ҳам олиб келди. 6 декабр куни Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акар машғулотларга изоҳ берар экан, шундай деди: «Биримизнинг дўстимиз, иккинчимизнинг ҳам дўстимиз, биримизнинг душманимиз эса шубҳасиз иккимизнинг ҳам душманимиздир».

25 ноябр куни Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Боку Эрондаги озарларни ҳимоя қилиш учун қўлидан келадиган барча ишни қилишини айтди. Бу эса, албатта, Теҳронда кескин норозиликка сабаб бўлди.

Foto: Qazet

Ҳозирда вазият уруш ёқасида бўлмаса-да, анча жиддий. Икки томон ҳам бир-бирини бемалол кескин танқид қилмоқда. Чегарадаги машғулотлар ҳар икки томонни сергаклантирди. Эронда вазият нотинч, ички норозилик кучайган. Бундай пайтда диктатураларга ташқи уруш катта ёрдам беради. Бу орқали эътиборни ички муаммолардан чалғитиш мумкин. Жумладан, 1980-1988 йиллардаги Эрон-Ироқ уруши оятуллоҳ режимини жиддий мустаҳкамлаганди.

Ҳозир ҳам Эрон минтақада уруш бошлаш эҳтимоли паст. У шунчаки Жанубий Озарбойжонга босимни ошириши мумкин. Боку ҳам Эронга бостириб кириши эҳтимолдан йироқ, ҳатто Туркия уни қўллаб-қувватласа ҳам. Озарбойжон шундоқ ҳам азалий рақибга эга.

Жанубий Озарбойжонда ички мустақиллик кураши бошланиши варианти ҳам ишончсиз. Чунки озарбойжонларнинг катта қисми ассимиляцияга учраган, қишлоқлик консерватор озарбойжонлар учун эса шиалик миллий ўзликдан муҳимроқ. Улар шиа Эрони билан бирга бўлишга қарши эмас.

Фақатгина талабалар ва миллий зиёлилар мустақиллик учун курашга тайёр, аммо уларнинг сони кўп эмас. Маълумотларга кўра, Эрондаги барча озарбойжонларнинг адади 15 миллиондан 20 миллионгача. Бу Шимолий Озарбойжон аҳолисидан икки баравар (10 миллион) кўпроқ.

Бироқ Жанубий Озарбойжон минтақасининг ўзида (Ғарбий ва Шарқий Озарбойжон, Занжон ва Ардебил вилоятлари) 10 миллион атрофида озарбойжон яшайди. Қолганлар бутун Эрон бўйлаб тарқалган. Бу ўн миллиондан қанчаси миллий эркинлик руҳига эгалиги номаълум.

Боку яна ўн йиллар давомида жанублик қардошларига миллий ҳаракат руҳини сингдириши, уларни турли соҳада қўллаб-қувватлаши аҳволнинг Боку фойдасига ўзгаришига олиб келиши мумкин. Бунда дунёвийлик тарғиботи ҳам анча самарали бўлиши мумкин. Чунки эронликлар оятуллоҳнинг мутаассиб тузумидан чарчаган. Бироқ ҳозир на Табриз ўзи курашни бошлай олади ва на Теҳрон бунга йўл қўяди. Бокунинг вазиятга аралашиши эса интервенцияга айланади ва 1980 йилги Ироқ ҳолатини такрорлайди.

Муҳаммадқодир Собиров

Мавзуга оид