Ўзбекистон | 23:13 / 05.12.2025
449
3 дақиқада ўқилади

Устюртда «Ўзбекнефтгаз» ва SOCAR қўшма лойиҳаси ишга тушди

Лойиҳа Устюрт минтақасида Ўзбекистон ва Озарбойжон ҳамкорлигида фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиб олишни назарда тутади.

Фото: Getty images

Озарбойжоннинг SOCAR давлат компанияси ва «Ўзбекнефтгаз» билан биргаликда Қорақалпоғистоннинг Устюрт минтақасида фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиб олиш лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Бу ҳақда Озарбойжон Энергетика вазирлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, Озарбойжон энергетика вазири Парвиз Шаҳбазов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида Тошкент шаҳрида энергетика соҳасида янги лойиҳаларни ишга тушириш ва қуриш маросимида иштирок этди. Тадбирда видеоконференция шаклида Туркия, БАА, Саудия Арабистони, Хитой, шунингдек, Озарбойжон каби давлатлар билан Ўзбекистон томонидан турли ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳалар тақдим этилди.

Маросимда сўзга чиққан вазир Парвиз Шаҳбазов икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли Озарбойжон-Ўзбекистон муносабатлари стратегик иттифоқчилик даражасига кўтарилгани, бу жараёнда давлат раҳбарларининг шахсий ишончи ва дўстлиги беқиёс ўрин тутишини таъкидлади.

Шаҳбазов SOCAR ва «Ўзбекнефтгаз» билан биргаликда Устюрт минтақасида фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиб олиш лойиҳасини амалга ошириш бошланганини маълум қилди.

«Ушбу лойиҳа энергетика соҳасидаги шериклигимизнинг стратегик аҳамиятини яна бир бор тасдиқлайди, икки мамлакатнинг углеводород соҳасида билим ва технологиялар алмашинувини мустаҳкамлаш, минтақавий энергетика интеграцияси, энергия таъминотида биргаликда иштирок этиш учун замин яратади», деди у.

Вазирнинг қўшимча қилишича, минтақавий аҳамиятга эга яна бир стратегик муҳим лойиҳа тарихда биринчи марта Озарбойжон, Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетика тизимларини боғлайдиган Транскаспий энергетика йўлаги лойиҳасидир. Ушбу ташаббус келажакда Озарбойжоннинг транзит ролини ҳисобга олган ҳолда кенгайтирилади ва Осиё ва Европа ўртасидаги Ўрта коридор бўйлаб қайта тикланадиган энергияни узатиш учун янги имкониятлар яратади.

2025 йил 24 июлда SОCАR ва «Ўзбекнефтгаз» ўртасида Ўзбекистон ҳудудида жойлашган инвестиция блокларида геология-қидирув ишлари лойиҳасини амалга ошириш бўйича «Қидирув, ишлаб чиқиш ва маҳсулот тақсимоти тўғрисида»ги битим имзоланган эди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид