Ўзбекистон | 12:11 / 22.12.2022
11203
3 дақиқада ўқилади

“Ички ишлар вазирлиги бунга қаршими?” – парламентда ИИВ жамғармасидаги пулларнинг бир қисми бюджетга ўтказилиши таклифи маъқулланмади 

2023 йилда суд ва прокуратуранинг бюджетдан ташқари жамғармаларидаги пулларнинг бир қисми бюджетга ўтказилади. Парламентда депутат Дилмурод Исмоилов нега катта даромад манбасига эга бўлган Ички ишлар вазирлиги жамғармасидаги пуллар бюджетга ўтказилмаслиги борасида эътироз билдирди. Kun.uz муҳокамани ёзиб олди. 

Фото: Олий Мажлис

22 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2023 йилги бюджет қонуни 2 ва 3-ўқишларда кўриб чиқилди. Депутат Дилмурод Исмоилов парламент эътиборини келаётган йилда суд ва прокуратура органларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига солиқлар ва йиғимлар, маъмурий жарималар, молиявий санкциялардан келиб тушадиган маблағларнинг бир қисми республика бюджетига ўтказилиши белгиланаётганига қаратди. 

“Аммо жуда катта маблағлар манбасига эга бўлган ички ишлар органлари масаласи эътибордан четдан қолган. Ички ишлар органларининг бюджетдан ташқари маблағлари жамғармаларидан келиб тушган маблағларни ҳам назарда тутиш лозим деб ҳисоблайман”, – деди депутат. 

Муҳокама қуйидагича давом этди:  

Тимур Ишметов (молия вазири): Таклиф ўринли, мантиқли. Буни ҳам қабул қилиш мумкин деб ҳисоблаймиз.  

Дилмурод Исмоилов: Кечаги муҳокамаларда давлат бошқарув органларида ички ишларни назарда тутганмиз деган жавоб бўлди, аммо ички ишлар органлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ҳисобланади. Жуда катта жарималар (ҳисобига) бюджетдан ташқари маблағлар шакллантиришда катта маблағ манбасига эга.  

Нуриддинжон Исмоилов (спикер): Молия вазирлиги жон деб (Ички ишлар вазирлигини ҳам) қўшади, аммо бу қанчалик тўғри, ИИВнинг позицияси қандай?  

Шарофиддин Назаров (Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси): Бу масалани ҳам ўрганиб кўрдик, бу бўйича ИИВ вазирининг хати ҳам бор, унда тушумларни ошириш масаласи бор.  Бу йилга мўлжалланган янги тадбирлар бор, ўша тадбирларни ошириш учун... биринчи навбатда йўл ҳаракатини тартибга солиш масаласи бор, бир қанча бошқариладиган чорраҳаларда янги ускуналар қуриш масаласи... 

Нуриддинжон Исмоилов: Демак, тушунишимча, Ички ишлар вазирлиги бунга қаршими?  

Шарофиддин Назаров: Улар бизга киритган хатида ҳатто қўшимча маблағ ажратишни сўраган.  

Нуриддинжон Исмоилов: Унда, Тимур Алимжонович, сизлар киритган вариантни қолдираверайлик, қўшилмаган бўлса, қўшилмасин. Чунки улар ҳам маблағларини нимадирларга ажратади-ку.  

Шарофиддин Назаров: Ҳукумат томонидан уларга вазифалар қўйилган экан 2023 йил учун. Уни молиялаштириш керак. 

Тимур Ишметов: Аслида биз бунда Ички ишлар вазирлигини ҳам инобатга олганмиз, бу редакцияда юридик криминология тушиб қолгандек бўляпти, аммо амалиётда ҳам керак бўлган вақтда ҳар қандай вақтда президент фармони билан вазирликларнинг бюджетдан ташқари маблағлари бюджетга ўтказилади. Буни ҳам давом эттирамиз. Вазирликнинг даромадлари кўпроқ бўлса, бюджетга маблағ керак бўлган вақтда ҳар қандай вазирликнинг жамғармаларидан, рози бўладими, рози бўлмайдими, ечиб оламиз. 

Нуриддинжон Исмоилов: Демак, ҳукумат томонидан (лойиҳа) қандай киритилган бўлса, қолдирамиз.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид