Жаҳон | 23:14 / 22.12.2022
26133
2 дақиқада ўқилади

Немис разведкаси Россия учун ишлаган жосусни фош қилди 

Германия разведкаси ходими махфий маълумотларни Россия разведкасига етказиб турган. 

Фото: DPA

Spiegel нашри Германияда юз берган жосуслик можароси ҳақида хабар берди. Федерал разведка хизмати (BND) ходими яширинча Россия учун ишлагани маълум бўлди. Офицер Карстен Л. ҳибсга олиниб, унинг квартираси ва BND офисида тинтув ўтказилди. Нашрнинг ёзишича, Федерал жиноий полиция бошқармаси Карстенни 21 декабр куни давлатга хиёнатда гумон қилиб ҳибсга олган. 

Маълумотларга кўра, у махфий маълумотларни Россия разведкасига етказиб турган. Терговнинг бошқа тафсилотлари ҳозирча ошкор этилмаган. Spiegel нашрига кўра, канцлер Олаф Шолц бир неча ҳафта олдин содир бўлаётган воқеалардан хабардор қилинган. 

Сўнгги йилларда Германияда Россия фойдасига ишлаётган жосуслар бир неча бор фош қилинган эди. 

Ноябр ойида Дюсселдорф суди захирадаги подполковникни бир йилу тўққиз ойлик шартли қамоққа ҳукм қилди. У Россия разведкаси билан боғланиб, уларга Германиянинг захира аскарлари ҳақида маълумот берган. 

Баҳорда Мюнхен суди Аугсбург университети олимига бир йиллик шартли жазо тайинлади. У Россияга Европа ракета тизими ҳақида маълумот берган. 

BND билан боғлиқ сўнгги шов-шувли жосуслик можароси 2014 йилда рўй берди. Шу пайтда ташқи алоқалар бўлимида почта ва махфий маълумотларни рўйхатга олиш учун масъул разведка ходими ҳибсга олинди. Маълум қилинишича, у 2008 йилдан бери АҚШ Марказий разведка бошқармаси жосуси бўлган ва америкаликларга деярли 220 папка ҳужжат, жумладан 3500 нафар немис агентларининг ҳақиқий исмларини берган. 

Spiegel нашрига кўра, кейинчалик у ўзини русларга жосус сифатида таклиф қилган ва BND ҳужжатларидан учтасини Россиянинг Мюнхендаги бош консуллигига юборган. Мюнхен суди уни давлатга хиёнат қилгани учун саккиз йилга озодликдан маҳрум қилган эди. 

Мавзуга оид