Россия космик саноатининг йўқотишлари 50 млрд рублни ташкил қилиши мумкин
Биргина ўтган йилнинг ўзида Роскосмоснинг зарари 31 миллиард рублни ташкил қилган. Россиянинг Украинага бостириб киришига жавобан Ғарб санкциялари туфайли вазият янада оғирлашди.
Жорий йил натижаларига кўра, Россия космик саноатининг йўқотишлари 50 млрд рублдан ошиши мумкин. «Бугунги кунда Роскосмосдаги молиявий-иқтисодий вазият шуни кўрсатадики, юмшоқ қилиб айтганда, бу ерда ҳаммаси жойида эмас. 2021 йилда давлат корпорациясининг зарари 31 миллиардни ташкил этди», - деди Роскосмос давлат корпорацияси раҳбари Юрий Борисов 21 декабрь, чоршанба куни «Ведомости» нашрига интервьюда.
«24 февралдан кейин юзага келган вазиятни - бир қатор халқаро шартномалар, жумладан, двигателларни етказиб бериш, ишга тушириш хизматларини рад этишни ҳисобга олсак, ҳаммаси ёмонлашди. 2022 йил охиригача режалаштирилган йўқотишлар 50 миллиард рублдан ошади», - деди Борисов. Унинг сўзларига кўра, йўқотишларнинг асосий манбаси «корхоналар ишини нотўғри ташкил этиш билан» боғлиқ.
«Компаниялар давлат буюртмаси ёки давлат корпорациясининг ўзи буюртмаларини бажаришни зиммасига олди, лекин уларни ўз вақтида бажармади. Сабаблари бошқача - электрон компонентлар базасини етказиб бермасликдан тортиб, меҳнат интизоми, жараённи нотўғри ташкил этишгача», деб тушунтирди Роскосмос раҳбари.
Юрий Борисов, шунингдек, давлат корпорациясининг дебиторлик қарзлари ҳажми камайганини эълон қилди. «У (қарз) пасайиб бормоқда. Менежерлар сифатида бизга ҳам, Молия вазирлигига ҳам назорат қилувчи орган сифатида мос келадиган оқилона чегараларгача, 2024 йил ўрталарига қадар қисқартирамиз», деб умид қилмоқда Роскосмос бош директори.
3 март куни ўша пайтда Роскосмосга раҳбарлик қилган Дмитрий Рогозин давлат корпорацияси АҚШ санкцияларига жавобан АҚШга ракета двигателларини етказиб беришни тўхтатаётгани ҳақида хабар берди. У, шунингдек, Роскосмос АҚШга етказиб берилган Россиянинг РД-180 ракета двигателларига техник хизмат кўрсатишни тўхтатиши ҳақида маълум қилди. Унинг прогнозларига кўра, Россиянинг Америка ракеталари учун ракета двигателларини етказиб беришдан бош тортгани сабабли АҚШга етказилган зарар тахминан 4 миллиард долларни ташкил қилади.
Шу билан бирга, Роскосмос бош директорининг биринчи ўринбосари Максим Овчинников АҚШга двигателларни етказиб бериш "Энергомаш"га ўз даромадининг учдан бир қисмини - йилига 10-12 миллиард рублни олиб келишини айтди. 24 февраль куни, Россиянинг Украинага бостириб киришидан сўнг, АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия космик саноатига қарши санкцияларни эълон қилди. Бунга жавобан Рогозин Франция Гвианасидаги Куру космодромидан «Союз» ракеталарини учириш тўхтатилиши ва у ердан россиялик мутахассислар чақириб олинишини эълон қилди.
Мавзуга оид
15:35 / 05.11.2024
Россия армиясига ёлланган яна бир ўзбекистонлик 5 йилга қамалди
09:50 / 05.11.2024
Россия КХДРга ҳарбий ёрдам учун 600 000 тонна гуруч таклиф қилмоқда
09:30 / 05.11.2024
Россиядаги «ватанпарварлик акциялари» 91 млрд рублга тушди
01:01 / 05.11.2024