22:07 / 22.12.2022
35125

Россия ва Хитойга боғлиқлик ортмоқда, олтин сотиш қисқарган, газ экспорти эса кўпайган – Ўзбекистоннинг 11 ойлик ташқи савдоси

Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида Хитой ва Россиянинг улуши 36,8 фоизга етган. Бу кўрсаткич, 2021 йил якунлари бўйича 35,6 фоизни, 2020 йил якунлари бўйича эса 33,2 фоизни ташкил қилган. Ҳисобот даврида олтин экспорт қилиш 14 фоизга камайган ва қимматбаҳо металлнинг экспортдаги улуши 20,3 фоизгача пасайган.

Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистоннинг 2022 йил январь-ноябрь ойларидаги ташқи савдо айланмасига доир ҳисоботни эълон қилди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида республика ташқи савдо айланмаси 44,97 млрд долларга етган. Бунда экспорт ҳажми 17,36 млрд долларни, импорт ҳажми эса 27,58 млрд долларни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда экспорт ҳажми 12 фоизга, импорт ҳажми 22 фоизга ўсган. Ташқи савдонинг салбий сальдоси 10,2 млрд долларни ташкил этган.

Пандемия инқирози ва халқаро бозорлардаги вазият ёмонлашуви фонида ҳукуматнинг бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларини Ўзбекистон ҳудудига олиб киришга қўйилган тўсиқларни юмшатиши импорт ҳажми сезиларли даражада ошишига ўз таъсирини ўтказган бўлиши мумкин.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Хитой ва Россияга боғлиқлик янада кучайган. Россиянинг Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми 8,33 млрд долларга етган ва бу борада Хитойни ортда қолдирган. Ҳар иккала мамлакатнинг умумий ТСАдаги улуши эса 36,8 фоизга етган. Бу кўрсаткич 2021 йил якунлари бўйича 35,6 фоиз, 2020 йил якунлари бўйича эса 33,2 фоиз бўлган.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлатдан фақатгина учта мамлакат – Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан ижобий ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 17 та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолмоқда. 

2022 йилнинг ўтган 11 ойида Ўзбекистон экспортида юқори улушга эга бўлган ҳамкор топ-10 давлат:

  • Россия – 2,8 млрд;
  • Хитой – 2,4 млрд;
  • Туркия – 1,4 млрд;
  • Қозоғистон – 1,3 млрд;
  • Қирғизистон – 866 млн;
  • Афғонистон – 665 млн;
  • Тожикистон – 463 млн;
  • Канада – 212 млн;
  • Туркманистон – 184 млн;
  • Эрон – 130 млн доллар.

Ўзбекистон импортида юқори улушга эга бўлган ҳамкор топ-10 давлат:

  • Хитой – 5,8 млрд;
  • Россия – 5,5 млрд;
  • Қозоғистон – 2,9 млрд;
  • Корея – 2,1 млрд;
  • Туркия – 1,5 млрд;
  • Германия – 856,5 млн;
  • Туркманистон – 674,3 млн;
  • Ҳиндистон – 595 млн;
  • Бразилия – 500 млн;
  • БАА – 378 млн доллар.

Олтин экспорти камайган

Ўзбекистон ноябрь ойида 557 миллион долларлик олтин экспорт қилди. Март ойидан кейин қимматбаҳо металл экспорти қайта тикланишига халқаро молия бозорида олтин нархлари қимматлашгани сабаб бўлиши мумкин. Умуман олганда эса январь-ноябрь ойларида 3,53 млрд долларлик олтин сотилган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 14,2 фоизга кам. Олтиннинг умумий экспортдаги улуши эса 20,3 фоизгача (2021 йилнинг мос даврида 26,5 фоиз) пасайган.

Газ ва нефть сотиш кўпайган, электр токи экспорти эса камайган

Расмий статистикага кўра, 2022 йил январь-ноябрь ойларида 910,9 млн долларлик табиий ёки сунъий газ экспорт қилинган. Бу кўрсаткич ўтган йилгига нисбатан 30,3 фоизга кўпроқ. Шунингдек, 148,4 млн долларлик нефть ва нефть маҳсулотлари сотилган. Бу кўрсаткич ҳам 2021 йилга нисбатан 2 баробарга кўп. Ўз навбатида, ҳисобот даврида 76,8 млн долларлик электр токи сотилгани қайд этилган ва экспорт ҳажми 17,9 фоизга камайган.

Ноябрь ойида 39,6 млн долларлик табиий газ экспорт қилинган бўлса, қарийб 28,5 млн долларлик газ импорти амалга оширилган. Электр токи экспорти 14 млн доллар, импорти эса 16,7 млн долларни ташкил этган. 

Эътиборли жиҳати, ўтган ойда ҳам Ўзбекистондан газ экспорти ва Хитойга Ўзбекистондан газ импорти бўйича ўзаро боғлиқ статистикада яна катта тафовутлар юзага келган. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон ноябрь ойида 39,6 млн долларлик газ экспорт қилган. Маълумот учун, Ўзбекистон фақат Хитойга газ экспорт қилиб келмоқда. Хитой статистикасига кўра, Ўзбекистондан ноябрда 114,2 млн долларлик газ импорт қилинган. Яъни ўзбек статистикасида Хитойга экспорт қилинаётган газ ҳажми 2,88 баробарга камроқ кўрсатилган. Октябрь ойида ҳам икки мамлакат статистик маълумотлари орасидаги фарқ 1,62 баробарни ташкил қилгани хабар қилинганди.

Давлат статистика қўмитасининг мазкур ҳолатга изоҳ беришича, пресс-релиз маълумотларига «дастлабки» ёки «тезкор» деган ёзув киритилган. Шу жиҳатдан белгиланган муддат ичида амалга оширилган товарлар экспорт-импорти миқдори ва қиймати, шу жумладан статистик қиймати ҳам кейинчалик ўзгариши мумкин.

Top