19:00 / 26.12.2022
24007

1600 ўринли ўқув биноси, 800 ўринли талабалар турар жойи УрДУ жамоаси учун байрам туҳфаси бўлди

Урганч давлат университетида бир вақтнинг ўзида 800 ўринли талабалар турар жойи, иккита ўқув биноси, технопарк ва замонавий кутубхонанинг очилиш маросими ўтказилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Хоразм вилояти ҳокимлиги, кенг жамоатчилик вакиллари, университет профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари иштирок этди.

Кимёвий технология факультетининг янги ўқув биноси 850 ўринга мўлжалланган бўлиб, бинода конференция заллари, спорт зали, 10 та лаборатория хонаси, 18 та ўқув аудиториялари ва бошқа зарурий хоналар мавжуд.

Тадбир иштирокчилари факультет янги биносининг ўқув аудиториялари, лаборатория хоналари билан танишдилар. Ҳозирда факультетда озиқ-овқат хавфсизлиги, ёғ-мой маҳсулотлари, гўшт маҳсулотлари ҳамда дон маҳсулотлари лабораториялари фаолияти йўлга қўйилган. Жаҳон тараққиёти банки маблағлари ҳисобидан 42 турдаги лаборатория жиҳозлари сотиб олиниб, фойдаланишга топширилган. Ушбу лабораториялар доимо ёш олимлар билан гавжум.

Шундан сўнг, Кимёвий технологиялар факультети ҳудудида жойлашган, янги реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилган 7-сонли талабалар турар жойининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу талабалар турар жойи тўрт қаватли бўлиб, 800 ўринга мўлжалланган. Бинода 8 та маданий дам олиш хонаси, 4 та дарс тайёрлаш хоналари, 8 та ошхона, 8 та ювиниш хоналари мавжуд.

Шу куннинг ўзида Урганч давлат университетида Техника факультетининг 1600 ўринли ўқув биноси ва 250 ўринга мўлжалланган талабалар кутубхонаси ҳам фойдаланишга топширилди.

Ташриф аввалида меҳмонлар факультетнинг илмий-инновацион кўргазмаси билан танишдилар. Факультет олимлари томонидан кўргазмадан жой олган барча илмий лойиҳалар тақдимот қилинди.

Техника факультетининг янги биноси университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан капитал таъмирланди. Бино 1600 ўринли бўлиб, 3 қаватли ўқув биноси, 1 ўқув-лаборатория биноси, мажлислар зали ҳамда спорт залларидан иборат. Бинода 33 та ўқув хонаси, 20 та лаборатория хонаси мавжуд.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, 250 ўринга мўлжалланган кутубхона Техника ва Филология факультети талабалари учун хизмат қилади. Кутубхона умумий фонди 24 мингга яқин. Ахборот-ресурс марказида талабалар учун қулайликлар яратилган. Иккита катта ўқув зали, компьютер хоналари, адабиётларни сақлаш фондлари мавжуд. Кутубхона доимий равишда талабалар билан гавжум.

Бир сўз билан айтганда, ушбу қулайликлар университет педагогик жамоасига ҳам бир қатор қулайликлар беради. Шунингдек, талабаларнинг сифатли таълим олиши, вақтдан янада самарали фойдаланиши учун хизмат қилади.

Урганч давлат университети ахборот хизмати Ⓣ

Top