Жаҳон | 10:05 / 27.12.2022
12820
3 дақиқада ўқилади

Германияда Шольц Киевга танклар беришдан бош тортгани учун танқид қилиняпти

Бундестаг мудофаа қўмитаси раҳбари Украинага қурол-яроғ етказиб беришни фақат вазиятга муносабат билдириш билан чекланиб қолмасдан, бир неча ой аввалдан режалаштиришга чақирди.

Фото: EPA

Бундестаг мудофаа қўмитаси раҳбари Мари-Агнес Штрак-Циммерман Германия канцлери Олаф Шольцнинг Украинага қурол етказиб бериш сиёсатини танқид қилиб, Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатишни узоқ муддатли ва профилактик режалаштиришга чақирди. Бу ҳақда у 27 декабрь, сешанба куни чоп этилган RND нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Етказиб беришни бир неча ой олдин режалаштириш зарурлиги ҳақидаги саволга Штрак-Циммерман бу ёндашувни тўғри деб атади. «Бу тўғри қадам бўларди ва биз буни Украина армияси ва НАТО бўйича ҳамкорларимиз билан яқин алоқада қилишимиз керак. Россия Украинани террор қилишдан тўхтамайди. Германия ҳамкорлари билан яқин ойларда ёрдамни давом эттириш бўйича сценарий ишлаб чиқиши керак», - деди у вазиятга шунчаки муносабат билдирмасликка чақириб. Штрак-Циммерман: «Қуроллар тўсиқлар мавжуд бўлган жойларга олдиндан етказиб берилиши керак», деди.

Унинг сўзларига кўра, Германияда стратегия йўқ. «Бу муаммо. Украинанинг ёрдам чақирувларига доим жавоб бериш узоқ муддатли стратегия эмас», - дея хулоса қилди у.

Германиянинг Украинани жанговар танклар билан таъминлашдан бош тортиши «нафақат тушунарсиз, балки хавотирли даражада узоқни кўра олмайдиган қарор», деди Штрак-Циммерман. «Нима учун танкларни етказиб беролмаётганимизни турли баҳоналар билан тушунтиришдан жуда чарчадим. Айниқса, бу етказиб беришлар Россияга махсус провокация бўлишини эшитганимда. Биз ўзиюрар гаубицалар, зенит қуроллари, артиллерия тизимлари ва юқори қуролларни муваффақиятли етказиб бердик. Бу минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун керак эди. Танклар энди Россия кучларини сиқиб чиқариш учун муҳим қўшимча бўлади», деди у.

«Кимки Россияга қарши қандайдир қизил чизиқ шу тарзда кесиб ўтишини хаёл қилса, у қурбон эмас, тажовузкор ҳақида ҳикоя қилади», деди Штрак-Циммерман ва ғарб дунёси «Германиядан ҳаракат кутаётганини таъкидлади».

Аввалроқ Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба нега Германия ҳукумати Киевга Marder пиёда жанговар машиналари ва Leopard танкларини етказиб беришда иккиланаётганидан ҳайратда қолганини айтганди. Шольц Süddeutsche Zeitung газетасига берган интервьюсида Германия Украинага қурол етказиб беришда учта тамойилга амал қилишини тушунтирди.

«Биринчидан, биз Украинани имкон қадар қўллаб-қувватлаймиз. Иккинчидан, биз НАТО ва Россия ўртасидаги тўғридан тўғри қарама-қаршиликнинг олдини оламиз. Учинчидан, Германия якка ўзи ҳаракат қилмайди. Бу бизнинг қатъий ва айни пайтда мувозанатли сиёсатимиз мезонлари ва келаси йил ҳам шундай амал қилади», деди канцлер.

Украина Германиядан ғарб танкларини олиши учун 2023 йилда нима содир бўлиши кераклиги ҳақидаги саволга Шольц «урушнинг янада авж олиш хавфи»га ишора қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид