Катта шаҳарларда қурилаётган объектлар, айниқса кўпқават уйлар сони сезиларли даражада ошган. Бу қурилишлардан чиқадиган чанг бир муаммога айланган бўлса, энди қурилиш ва таъмирлаш ишлари натижасида ҳосил бўладиган шовқинлар ҳам аҳолини безовта қилиб қўймоқда. Буни пойтахт мисолида ҳам кўриш мумкин.

“Усталар билан жанжал ҳам қилгандим”

Kun.uz Тошкент шаҳрининг қурилиш давом этаётган турли туманларида яшовчи аҳоли билан суҳбатлашди. Уларнинг аксари қурувчилар тунги уйқу вақтларида ҳам ишлашларини айтишди.

Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчаси

Яккасарой тумани Бошлиқ мавзесида яшовчи фуқаро шовқин аҳолининг иш, ўқиш унумдорлигига таъсир қилиши ҳақида гапирди:

Ёнимизда уй қуриляпти. Исталган вақтда тақирлатишни бошлайди, бу ёқимсиз овозлар кечаси ҳам безовта қилиб қолиши мумкин. Нафақат яшаш жойимда, балки ўқиш жойимда ҳам дарсда ўтирганимизда дрел овози эшитилади, халал беради. Одатда кундуз куни ёки тушда безовталанамиз. Унча тез-тез эмас, лекин ўша безовта бўлган вақтимиз бутун кунга етарли бўлади. Асаб бузилади, фикрни жамлай олмайман, шахсан мен. Ўқишим борлигини ҳисобга олсак, уйда мана шу қурилишни деб дарс қилолмайман, хайрият кечаси улар ҳам дам олади, лекин мен дам олмайман, кундузи қилолмаган дарсларимни ёзиб чиқаман.

Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчаси

Аҳоли гавжум ва зич яшайдиган ҳудудларда қурилиш қилишларига қаршиман. Агар қилишса ҳам, қурилиш бўлаётган жой атрофи овоз ўтказмайдиган тўсиқлар билан ўралиши керак. Ёки қурилиш бўладиган соатлардан аҳолини огоҳлантириш керак.

Янгиҳаёт тумани, Ўзар маҳалласи

Янгиҳаёт туманидаги Янги Чоштепа 70-уйда яшовчи фуқаро қурилиш қилиш олдидан ҳеч ким уларни огоҳлантирмаслигидан нолиди:

Мен Янгиҳаёт туманидаги Янги Чоштепа мавзесида яшайман. Бу ерда ҳали уйлар қурилиши давом этяпти. Деразани қачон очсак ҳам қурилиш шовқини эшитилиб туради. Бу ерда тун бўйи ҳам қурилиш қилишади. Эрталабдан яна қурилиш давом этади. Бир марта ухлолмай чиқиб, усталар билан жанжал ҳам қилгандим. Биз яшаётган уйдан 30 метр масофада қурилиш қилишаётган эди, шовқини жуда баланд эшитилади. Яна бир муаммо нафақат қурилиш давомида, умуман қўшинларимиз ҳам уйида таъмирлаш ишларини қилса, бошқаларни огоҳлантирмайди. Бу эса келишмовчиликларни келтириб чиқаради