Тошкентдаги “Азиа инвест” можароси Фарғонада такрорланяпти. Фуқаролар ҳукуматдан нажот кутмоқда
Ўтган йили Бош вазир даражасида муҳокама қилинган Тошкентдаги кўп қаватли турар жой мажмуаси билан боғлиқ низога ўхшаш ҳолат Фарғона вилоятининг Боғдод туманида ҳам кузатилмоқда. Одамларга сотилган янги уй-жойлар қурувчининг банкдаги кредити ва бошқа қарзлари учун хатланган. Хонадонларга кўчиб кирган ва бошқа турар жойга эга бўлмаган 46 оила ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатда кўчада қолиш арафасида.
Пойтахтнинг Яшнобод туманида кўп қаватли уйлар қуриб сотувчи «Азиа инвест» компанияси ва унинг минглаб мижозлари ўртасида юз берган йирик низо ҳали ёдингизда бўлса керак.
Ҳатто президент аралашувигача борган, Бош вазир ва махсус тузилган ҳукумат комиссияси ўрганган бу низо якунда фуқаролар фойдасига ҳал бўлганди.
Худди шунга ўхшаш ҳолат Фарғона вилояти Боғдод туманида “бўй кўрсатиш” арафасида.
Гап шундаки, туманнинг Мурувват маҳалласида Боғдод тажрибаси сифатида 50 та кўп қаватли уйлар қурилиши бошланган. Кичик туман учун катта лойиҳада туман ҳокимининг тегишли қарори асосида “SADDINSO-XABIBULLO” хусусий корхонаси ҳам 5 қаватли 20 хонадондан иборат уй-жойлар қуришга киришади.
Хусусий корхона ва фуқаролар ўртасида турар жой учун шартномалар тузилиб фуқаролар маблағлари ҳисобидан 32-, 42- ва 46-кўп қаватли уй-жойлар қуриб битказилади. Ҳозирги кунда уларда 46 оила истиқомат қилиб келади.
Аммо хонадонларга кўчиб кирган эгаларига ҳалигача кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилмаган. Бунга қурувчи фирманинг кредит, банк ва бошқа идоралардаги қарзлари билан боғлиқ муаммолари сабаб бўлмоқда.
Қурилиш корхонаси бошқа ҳудудларда ҳам бир қанча бинолар қурган ва мазкур қурилиш бинолари билан боғлиқ катта миқдорда қарздорлик вужудга келган. Шундан сўнг “SADDINSO-XABIBULLO” хусусий корхонасига нисбатан Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилиб, корхонани тугатиш бўйича қарор қабул қилинган. Боғдодда қурилган уйлар эса аукционга чиқарилган.
Нормуҳаммад Сиддиқов ҳам уй сотиб олиш учун пешона тери билан йиллар давомида пул йиғган эди. Энди у ўз уйидан айрилиб қолишдан хавотирда:
“15 кун вақтимиз қолди...”

“2021 йилда президентимиз ташаббуси билан қурилган янги уйлардан бирини 120 млн сўмга таъмирсиз, жиҳозсиз ҳолатда сотиб олгандик. Яшаш ҳолатига келтириш учун яна ёнимиздан анча пул сарфладик. Энди эса кимлардир келиб, уйларинг аукционга тушди, ҳаракатларингни қилинглар, уйни бўшатинглар, деб келяпти. Вилоят ҳокимига, сайёр қабулга мурожаат қилдик. Лекин натижа бўлмаяпти. Битта биз эмас, 46 та хонадонга шундай бўляпти. Ёш оилалар, ногиронлар, етимлар ҳам бор орамизда — ҳаммаси кўчада қоляпти. 15 кун вақтимиз бор экан уйни бўшатишга”, дейди у.
“Тошкентга қатнагани пулимиз йўқ...”
“Уйни “коробка” ҳолатида олганмиз. Ўзимиз таъмирлаб, жиҳозлаб қўйсак, қурувчи ташкилотнинг қарздорлиги бўлгани учун аукционга қўйилибди уйларимиз, 15 кун ичида бўшатиб қўйинглар, дейишяпти. Биз уйларга қанча пул сарфладик, энди эса кўчада қолишга тўғри келяпти. Ҳокимиятга, сайёр қабулга, прокурорга бордик. Тошкентга бориб судга беринглар, дейишяпти. Тошкентга қатнагани пулимиз йўқ-ку. 10 минг долларга икки хонали уй олганман ўзим, таъмири учун 5-6 минг доллар сарфлаганман, эшикларигача ўзимиз қўйганмиз.

Прокуратурадан, банкдан ходимлар келиб, огоҳлантириш бериб, қурувчининг қарздорлиги борлиги учун уйларинг аукционга қўйиляпти, деди. Тегишли одамларга учрашиш учун Тошкентга қатнагани йўлкира ҳам йўқ одамларда. “Дом”имизда ногиронлар кўп, нафақага кун кўришади”, дейди Қаҳрамон Ҳамдамов.
“Борадиган жойимиз йўқ...”
“Уйлар қурилмасидан аввал қурувчига 10 минг долларга берган эдик. Қурувчининг қарздорлиги борлиги учун уйларимиз аукционга қўйилибди энди. Уйни бўшатишни сўрашяпти, лекин бизнинг борадиган бошқа жойимиз йўқ, 3 йилдан бери яшаётган уйимиз бу.

Ҳокимиятга, прокуратурага, ички ишларга, сайёр қабулга бордик. Афсуски ҳеч қандай ёрдам бўлмаяпти. Фирманинг қарзлари учун биз жабрланувчи бўлиб уйсиз қолишимизга тўғри келяпти. Нега энди қурувчининг бизга тааллуқли бўлмаган бошқа жойдаги қарздорлиги бадалини биз тўлашимиз керак?!” дейди Улфатхон Тешабоева.
“SADDINSO-XABIBULLO” хусусий корхонаси вакили Ойбек Ғиёсовдан масала юзасидан изоҳ олдик.

“Мурувват маҳалласида 6 та 5 қават уй қурганмиз. 74 та уйни фуқароларга сотиб, расмийлаштириб берганмиз. Корхонага тақиқ тушгани учун 46 та уйни фуқаролар номига ўтказиб бера олмадик.
Ҳозирда корхонамизнинг бошқа объектлардаги камомади ҳисобига бу уйлар ҳам аукционга чиқариб юборилди. 46 та уй эгаларидан пулини олиб сотганимиз ҳақиқат.
Бу 46 та хонадонда яшовчи аҳоли кўпчилигининг бошқа яшашга жойи йўқ, кўпи ёлғиз аёллар, етимлар, қариялар, кўп фарзандли оилалар. Корхонанинг камомадларига бу оилаларнинг дахли йўқ, бошқа объектлар бўйича у. Шунинг учун бу уйларни корхонанинг камомадига аралаштирмаган ҳолда ҳал қилиш тарафдориман. Ҳолатга ечим топиб, уйларни фуқароларнинг номига расмийлаштириб бериш керак”, дейди у.
Муаммоли масалада фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилаётган адвокат Билолиддин Мамиров бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритилиши лозимлиги, банклар фуқаролар улушли мулк сифатида сотиб олган мулкларини гаров сифатида қабул қилмаслиги кераклигини таъкидлади.

“Шахсан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қурилган, кейинчалик “Боғдод тажрибаси” номи билан машҳур бўлган Боғдод тумани “Мурувват” МФЙ Гулистон қишлоғида қурилган кўп қаватли уй-жойлардан сотиб олган 46 нафар фуқаро уй учун тўлиқ пул тўлагани, лекин уйлари аукцион савдосига чиқиб кетгани юзасидан мурожаат қилди.
Боғдод туман ҳокимининг 2021 йил 2 июндаги қарори билан “Саддинисо Ҳабибулло” хусусий корхонасига кўп қаватли уй-жой қуриш учун ер майдони ажратилган. Шундан сўнг корхона ва жами 120 нафар сотиб олувчи фуқаролар томонидан уй-жой қуриш бўйича шартномалар имзоланган.
Мазкур шартномалар асосида корхона томонидан 74 та уй-жойлар нотариал тартибда фуқароларга ўтказиб берилган бир вазиятда қолган 46 нафар фуқарога уй-жой расмийлаштирилмасдан қолиб кетган.
Ваҳоланки, фуқаролар томонидан шартнома шартлари бажарилиб, 2021 йил июн-ноябр ойларида уй-жой учун барча тўловлар тўланган. Корхона раҳбари эса уй-жойни сотгани, корхона ҳисобрақамида тақиқ борлиги сабабли расмийлаштириб беролмагани, муаммолар ҳал бўлиши билан олди-сотди ҳужжатларини расмийлаштириб бериши ҳақида тилхатлар ёзиб берган.
Сотиб олувчилар эса 2021 йил ноябрда низоли хонадонга кўчиб кириб, капитал таъмирлаш ишларини бажариб, коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар билан ўз номидан шартномалар тузиб, тўловларни тўлаб, ҳозирга қадар яшаб келмоқда.
Бироқ уйлар фуқароларга олди-сотди шартномаси ёки топшириш-қабул қилиш далолатномаси асосида расмий равишда топширилмай, Universal Bank АТБга гаровга қўйилган ва 5,5 млрд сўм кредит маблағи олиниб, тақиқ қўйилган, кредит қарздорлари деярли қопланиб бўлинган.
Шу орада корхонанинг бошқа жойда амалга оширилган қурилишларида келиб чиққан қарздорликлари сабабли Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан 21.08.2023 йилда банкротлик тўғрисида иш қўзғатилиб, корхона раҳбари Ж.Ғиёсов ёки бошқарувчиси томонидан турар жойлар олди-сотди шартномаси расмийлаштириб берилмасдан келинмоқда.
Уй-жойлар аукцион савдоларига чиқариб юборилгани, олди-сотди шартномаси ёки топшириш-қабул қилиш далолатномаси асосида расмийлаштириб бериш юзасидан фуқаролар ҳокимият, прокуратура, сайёр қабул каби турли давлат идораларига мурожаат қилган, аммо судга шикоят қилиш бўйича маслаҳат бериш билан чекланилган.
Ушбу ҳолат бўйича биз томонимиздан юридик ёрдам кўрсатилиб, фуқаролар номидан даъво аризалари тайёрланди ва уни судга киритиш ишлари кетяпти.
Бундай ҳолат биринчи марта кузатилмаяпти. Аввал ҳам шунга ўхшаш вазиятда Бош вазир бошчилигида махсус комиссия тузилиб, фуқаролар ҳуқуқи тикланиши таъминланган, қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича вазифалар белгиланган эди. Лекин ҳозирги ҳолатда бу фуқароларга ҳеч ким ёрдам бергани йўқ.
Universal Bank томонидан кредит маблағи ажратилиб, уйлар гаровга қўйилиш жараёнида фуқаролар ҳуқуқлари бузилган. Чунки уй-жой қуриш шартномаси бўйича сотилгани, уй-жойлар қуриб битказиб бўлингани, у ерда фуқаролар яшаётгани, капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилгани, кредит таъминоти юзасидан келгусида жиддий муаммолар келиб чиқиш эҳтимолликлари инобатга олинмасдан, уйлар гаровга олинган.
Бундай ҳолатлар, такрорланмаслиги учун қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритилиши керак. Бу бўйича таклифлар берилган, лекин ижроси кечикаётгани сабаб фуқаролар жабр кўрмоқда. Банклар кўп қаватли турар жойларни гаров сифатида қабул қилмаслиги, буни тақиқлаш масаласи кўриб чиқилиши керак. Қурилиш компаниялари мажбуриятини бажармаганда фуқаролар ҳуқуқларини тиклашнинг аниқ механизмлари бўлиши керак. Ҳозирда умумий қонунчилик нормалари асосида 46 та оила ҳуқуқларини тиклаш юзасидан суднинг адолатли қарорини кутиб қоламиз”, дейди адвокат.
Қизиқ ҳолат! 2021 йил 1 ноябрда кўп қаватли уйлар қуриб фойдаланишга топшириляпти, лекин орадан 17 кун ўтиб, 18 ноябрда “SADDINSO-XABIBULLO” хусусий корхонаси ва ХАТБ Универсал банк ўртасида ипотека шартномаси тузилган. Қурувчи кўп қаватли уйларни гаровга қўйиб, банкдан 3,5 млрд сўм маблағ олган. Эътиборли томони, уйлар фуқароларининг ўз маблағлари ҳисобидан қурилган. Лекин қурувчи уйни гаровга қўйиб ХАТБ Универсал банкдан кредит олган. У пуллар қаерга сарфлангани эса мавҳум.
Кредит ажратиш билан боғлиқ саволларга жавоб олиш учун Қўқон шаҳрида жойлашган Универсал банкка бордик. Бироқ банк мутасаддилари саволларимизга жавоб беришни истамади.
Аввалроқ Тошкент шаҳри, Яшнобод туманида “Азия Инвест Фаворит” МЧЖга ҳали қурилмаган кўп қаватли турар жой мажмуасидаги хонадонларга тўлов қилиб қўйган мингдан ортиқ фуқаро алдангани, зарар миқдори 300 млрд сўмдан ортиқлиги маълум бўлганди. Бунинг ортидан қурувчи ва фуқаролар ўртасидаги муаммони ҳал қилиш бўйича бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилганди.
Шундан сўнг «новостройка»га пул тўлаб, алданган фуқаролар билан бош вазир Абдулла Арипов учрашиб, тез орада аҳолини рози қилиш учун барча чоралар кўрилишини айтди. 5 август куни бош вазир низоли вазият иштирокчилари билан яна учрашди. Муаммоли ҳолатни ҳал қилиш юзасидан жабрланганларга Бектемир туманидан кўп қаватли уйлар қуриб бериш таклифи берилди.
Фарғонадаги ҳолат ҳам Тошкентдаги “Азиа инвест Фаворит” МЧЖ ва фуқаролар ўртасида юзага келган вазиятга ўхшаш. Бунга ҳам бош вазир аралашадими? Буни эса вақт кўрсатади. Уйсиз қолаётган фуқаролар ҳукуматдан ёрдам сўрамоқда.
Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров
Тавсия этамиз
Божларни музлатган Трамп, урушдан силласи қуриган Судан – ҳафта дайжести
Жаҳон | 12:50 / 13.04.2025
Сирли эшиклар ва яширин йўлаклар: Тошкент метроси хавфсиз бошпана бўла оладими?
Ўзбекистон | 10:00 / 12.04.2025
Leapmotor автомобилларининг Ўзбекистонга импорти чеклангани юзасидан изоҳ берди
Ўзбекистон | 15:52 / 11.04.2025
“Яқин кунларда рекорд иссиқлик тўлқини кутилмоқда” – иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов
Ўзбекистон | 13:00 / 10.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
ЕЧЛ. "Барселона" ва "ПСЖ" қийинчилик билан яримфиналга чиқди
Спорт | 01:53
-
Қамчиқ довонида юк машинаси ёниб кетди
Ўзбекистон | 01:32
-
OpenAI компанияси ўз ижтимоий тармоғини яратиш устида иш олиб бормоқда
Фан-техника | 00:30
-
АҚШ икки ой ичида Суриядаги қўшинларини босқичма-босқич олиб чиқишни бошлайди
Жаҳон | 00:07
Мавзуга оид

14:42 / 11.04.2025
Рақобат қўмитаси қурилишни вақтида тугалламаган қурилиш компаниясига нисбатан иш қўзғатди

14:09 / 08.04.2025
Тошкентнинг Қорасарой кўчасида туннел қурилиши бошланди

13:10 / 02.04.2025
Ноқонуний иморатлар ҳақидаги маълумотларни Қурилиш вазирлигига юбориш мумкин

13:38 / 28.03.2025