Қирғизистон президенти Ўзбекистон билан умумий чегара ўрнатилганини эълон қилди
Қирғизистон ва Ўзбекистон умумий чегара ўрнатиш ва барча чегаравий келишмовчиликларни ҳал қилишга келишиб олдилар. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров маълум қилди.
«Кеча биз қўшни Ўзбекистон билан чегара масаласига нуқта қўйдик», - деди у.
Жапаровнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон Тошкент билан келишилган ҳолда чегара ҳудудларидаги қирғиз қишлоқларини сув билан таъминлаш мажбуриятини олади. Шу билан бирга, Қирғизистон раҳбари бирор ҳужжат имзоланган ёки имзоланмаганига аниқлик киритмаган.
У мамлакатда Андижон сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши бўлаётган норозиликларга шахсий мақсадларини кўзлаган кучлар туртки берганини таъкидлади. «Уларнинг асосий мақсади амалга ошмади, чунки одамлар муаммо қандай ҳал қилинаётганини тўлиқ тушунишди», деди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон бош вазири Оқилбек Жапаров унинг мамлакати Ўзбекистон билан чегарадаги можарони тинч йўл билан ҳал этиш бўйича келишиб олганини маълум қилганди.
Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасининг узунлиги 1300 км дан ортиқ. Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин унинг чизиғи бўйлаб бир неча ўнлаб баҳсли қисмлар шаклланди. Қарийб 30 йил давомида Бишкек ва Тошкент чегарани демаркация ва делимитация қилиш борасида келиша олмади. Томонлар 2017 йилнинг кузида жараённи фаоллаштиришга муваффақ бўлишди, 2022 йил бошида 50 га яқин баҳсли участкалар мавжуд бўлган сўнгги 230 км чегара ҳудуди қолган эди. Кузда икки давлат парламентлари чегара масалаларини ҳал этиш бўйича келишувларни ратификация қилган эди.
Мавзуга оид
21:34 / 05.11.2024
Қирғизистонлик аёллар 10 нафаргача фарзанд кўришга чақирилди
19:40 / 05.11.2024
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги 3 та чегара божхона постларида транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилади
18:09 / 05.11.2024
Туркия Қирғизистоннинг ташқи қарзидан кечди
17:12 / 05.11.2024