Ўзбекистон | 23:46 / 30.12.2022
26157
7 дақиқада ўқилади

Янги дарсликлар, қисқарадиган фанлар ва ойликлар. Президент ўқитувчилар билан учрашувда нималар ҳақида гапирди?

Устозлар билан мулоқотда Шавкат Мирзиёев туман, шаҳар ва вилоят халқ таълими бўлимларини танқид қилди, бу эски тизимдан воз кечиш кераклигини айтди. 11-синфлар 20-30 фоизли ойлик билан ишлаши мумкинлигини таъкидлади, мактабларда фанларни қисқартиришни таклиф қилди.

29 декабрь куни президент Халқаро конгресс марказига борди. У ерда бошланғич синфлар учун ишлаб чиқилган янги авлод дарсликлари тақдимоти билан танишиб, бир гуруҳ педагоглар билан учрашди. Тадбир давомида давлат раҳбари таълим соҳасидаги муаммоларни эслатиб, бу борада 2023 йилда кўплаб қарор, фармонлар чиқишини, қилинадиган ишлар кўплигини маълум қилди. Kun.uz учрашувда тилга олинган энг муҳим янгиликларни бир видеога жамлади.

Дастлаб тадбирда сўнгги 5 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида гапирилди, янги дарсликлар 1 январдан тажриба-синов тарзида мактабларга жорий этилиши маълум қилинди.

“Агар сўнгги 5 йиллигимизни, биргаликда ишлаганимизни инобатга олсак, биз мингта мактаб қурдик, бундан олдинги даврда бунинг 30 фоизини ҳам қилмаган эдик. Агар битта рақамда айтсак, 2022 йилда мана шу масалаларга 14 трлнга яқин пул бердик. Яқин 5 йил ичида яна 1 млн 200 мингта ўрин ташкил қиламиз. Бу ҳам ўзидан ўзи бўлмайди. Мактабларни қураверамиз, лекин унинг ичидаги муаллимларни ҳам тайёрлаш керак.

2023 йил 1 январдан бошлаб республиканинг 14 та ҳудудидаги мактабларда янги дарсликларни жорий этиш бўйича эксперимент бошланяпти, 1 сентябрдан эса 10 мингтасида бошланади. Сизларга бу нарсалар маъқул келяпти, тўғрими? Албатта, бу – биринчи қадамларимиз. Буларни борган сари сизлар ҳам такомиллаштирасизлар, бизнинг ҳам кенгашлар ўтириб, такомиллаштиради”, – деди президент.

Унинг айтишича, яқинда 14 та ҳудудга тажриба тарзида жорий этилаётган дарсликлардан кейинги босқичларда 5–11 синфлар учун ҳам ишлаб чиқилади. Шунингдек, президент ўқитувчиларнинг обрўсини кўтариш кераклиги ҳақида ҳам гапириб ўтди.

“Ҳозир фарзандларимиз ўзлари талаб қилишяпти: “Бизга кечаги таълим эмас, сифатли таълим керак”, – деяпти. 590 минг нафар муаллим ва мураббийларга мурожаат қилмоқчиман, фақат сизлар… Энг қиммат ва энг катта бойлигимиз – фарзандларимизни устозларга топширамиз. Агар ҳар биримиз ўзимиз, фарзандларимиз, невараларимизнинг эртанги кунини қолдирамиз десак, фақат ва фақат муаллимнинг обрўсини кўтаришимиз, фақат ва фақат уларнинг шароитини яратишимиз керак. Кўп миллатли Ўзбекистоннинг ҳар бир фарзандларини менинг фарзандим, эртанги кунимнинг пойдевори, замини – деб тарбия қилсак, албатта, биз натижага эришамиз”, – деди Мирзиёев.

Давлат раҳбари ўқитувчининг шароити яхши бўлса, жамиятнинг ҳам кайфияти ўзгаришини, бу бўйича ҳар қандай таклифларни ўрганишга тайёрлигини айтди. Сўнг имкон туғилса, ўқитувчиларнинг маоши оширилиши маълум қилинди. Қолаверса, ўқитувчилар учун ипотека шартлари енгиллаштирилиши мумкинлиги қайд этилди.

Мулоқотда алоҳида гапирилган мавзулардан яна бири – мактаблардаги таълим сифати ва фанлар масаласи бўлди. Шавкат Мирзиёев репетитор бир йилда болаларга тил ўргата олишини, аммо мактаблар 10 йилда ҳам бу ишни қила олмаслигини танқид қилиб, фанлар сонини қисқартириш, унинг ўрнига замонавийларини жорий этишни таклиф қилди.

“Мактабларда 22 та йўналиш, фан бор. Менинг назаримда, ҳозирги болаларга креатив йўналишлар, билим, информацион технологиялар қизиқ, қайсидир фанларни қисқартирсак ҳам бўлади. Энди биз қисқартиришга қўрқамиз, чунки комиссия, «роёно», «гороно», «облоно» бор, вазирлик бор. Бу – эски тизим. Бу эски тизимни ҳақиқатан бузолмас эканмиз, биз ҳозирги замонавий кадрни тайёрлай олмаймиз. Шунинг учун, менинг фикрим, 10 синфни тугатганидан кейин мактаб коллективи халқимиз, ота-оналарнинг олдида бир мажбуриятни олса, биз айтган 2 та тилга ҳам, битта касбга ҳам 10-синфни тугатганидан кейин берсак, шундан сўнг жойлардаги раҳбарлар, ҳокимлар 10-синфдан 11-синфга ўтганидан кейин ўзининг касби бўйича 30-50 фоизли ойлик бериб, 2 соат – 2 соат уларни ишлатса. Биласизларми, бу билан улар ҳаётга қанчалик тайёр бўлади. Агар 10-синфни тугатганларга 30-50 фоизли ойлик бериб ишлатсак, у ё олийгоҳга боради, ё иш билан бўлиб адашмайди, ўзининг йўлини топади”, – дея таъкидлади президент.

Бундан ташқари, Мирзиёев 10 мингдан ортиқ мактабдан 842 тасининг бирорта битирувчиси олий ўқув юртига кирмаганини эслаб, эски тизимдан воз кечишни, дарсликлар ўзгараётган экан, ўқитувчилар ҳам ўзгариши кераклигини: “Ўзгармасангиз хайрлашамиз. Шунинг учун ҳам бугун сизлар билан кўришиб, гаплашяпмиз”,– дея таъкидлади.

“Қиз фарзандни, онани ўқитсак, жамиятни ўқитган бўламиз”, – деб Мирзиёев нутқини давом эттирди. Унинг таъкидлашича, болаларни аёллар тарбиялайди, шунинг учун қизларни, оналарни ўқитиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.

Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари мактабда ўтилган фанлар бўйича ўтказилиши бўйича берилган таклиф маъқулланди. Президент бу номутаносибликка барҳам берилиб, мактабда ўтилмаган фанлар бўйича саволлар тузилмаслигини, бу бўйича топшириқ берилганини айтди.

Албатта, мактабларда фанлар сони қисқартирилиши, таълим сифати яхшиланиши муҳим, аммо мактаб ўқувчилари ва мажбурий меҳнат масаласи ҳам улар ичида аҳамиятлидир. Шавкат Мирзиёев мактаб ўқувчиларини мажбурий меҳнатга жалб қилишнинг асоратлари ҳақида ҳам гапирди. Унинг айтишича, буни тақиқлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш осон бўлмаган.

“Болалар пахтага 7-синфдан чиқарди. Тасаввур қилинг, ёш-ёш қизларимиз 20-25 кг юкни ҳар куни кўтаришга мажбур эди. Шу туфайли қанча касалликлар орттириб олинарди, баъзи ҳолатларда уни даволашга ҳам имконият бўлмасди.

Ваҳоланки, уларнинг қанчадан қанча орзулари бор эди, улар фарзанд кўриши керак эди. Энди у кунларга қайтмаймиз”, — деди Мирзиёев.

Учрашув давомида президентга мурожаат қилган ўқитувчилардан бири халқаро олимпиадаларга ўқувчиларни тайёрлаш учун етарлича манба ва мутахассис йўқлиги ҳақида гапирди. Бу борада 1-2 ой давомида алоҳида ўрганиш қилиниши ва манба, мутахассисларни тайёрлаш, таъминлаш борасида Халқ таълими вазирлигига топшириқ берилди.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

Мавзуга оид