Инсофи йўқ “теплосет”, бефарқ ҳокимият – совуқда қолган ангренликлар иситиш тизимидан норози
Ангрен шаҳридаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли салкам 2 ойдан бери совуқ хонадонларда яшашга мажбур бўлмоқда. Шаҳар ҳокими ҳолатдан шахсан хабардор бўлишига қарамай, одамлар байрам кунларини ҳам музлаган “отопления”лар билан ўтказишяпти.
Ангрен шаҳри Тошкент вилоятининг йирик шаҳарларидан бири ҳисобланади. Шаҳарнинг Дорилфунун маҳалласи 45-уйда яшовчи аёл Малоҳат Аманқулованинг айтишича, 2 ноябрдан бери маҳалладаги кўп қаватли уйлар яхши иситилмайди.
“Неча йиллардан бери шунақа совуқ уйларда яшаймиз. Бизда октябрдан бошлаб хонадонлар совиб кетади, шу билан майгача давом этади.
Бошқарув сервис компанияси (БСК), “Иссиқлик манбаи”, ИЭСга мурожаат қилганмиз. Ҳаммаси: “Биз ҳеч нарса қилолмаймиз, носозлик туфайли шундай бўляпти”, дейишдан нарига ўтмайди.
Маҳаллада ҳоким ёрдамчилари бор, шуларга ҳам мурожаат қилдик. Ҳокимиятдан вакил келиб, аҳоли мурожаатларини ўргангандаям арзимизни айтдик”, – дейди Малоҳат Аманқулова.
Шунингдек, шу маҳалланинг 5/5 квартали 47-уйида яшовчи яна бир фуқаро ҳам хонадонлари совуқлигини, иситилмаган кун учун ҳам тўлов қилишни сўрашганини айтди.
“Хонадонлар даҳшатли даражада совуқ. 4-5 қават кийиниб, қалин пайпоқларда ухлаяпмиз. Ноябр ойида 20 кун “отопления” бўлмаганди, бир ИЭСда авария бўлади, яна бошқа ерда носозлик. Декабрда ҳам 20 кундан бери иссиқликсиз ўтирибмиз, буларнинг ҳаммасини мен қайд қилиб қўйганман”, – дейди Надежда Лебедова.
“Бу йил Ангренда иситиш тизими нол бўлди, тайёргарликни ёзда кўриш керак эди. Энди ҳозир тўғрилашдан нима фойда? Ҳозир БСКлар, ширкатлар қўлидан келганча ёрдам беряпти, иссиқлик келаётган манбанинг ўзи бетайин бўлса, булар қандай қилиб тайинли узатсин?
ИЭСдаги носозликлар – баҳона. Мен ўзим янги Ангрен ИЭСда инженер бўлиб ишлаганман, битта блокнинг меъёрида ишлаши учун 2-3 ой олдин тайёргарлик кўрилади. Бунинг учун кетадиган маблағ ҳам олдинроқ тайёрланиши керак. Айни қиш мавсумида қандай қилиб муаммони ўз-ўзидан ҳал қилишмоқчи? Маблағни қаердан олмоқчи? Ҳозир мана шуни деб қанча одам зарар кўряпти, сарф-харажат қилиб ётибди”, – деди у.
Ангреннинг Мустақиллик маҳалласида яшовчи Ислом Орипов бу тизимдан воз кечиб, котёлга ўтиш кераклигини таклиф қилмоқда.
“Иситиш муаммосидан анчадан бери қийналиб келамиз. Иссиқлик бир бор, бир илиқ, бир умуман йўқ. Ярим кечаси ҳам ўчириб қўйишади, уйда ёш болалар ҳам бор. Болалар совуқда шамоллаб ётишибди. Катталар-ку майли, чидаяпмиз. Бунинг устига 2 соатдан ортиқ чироқни ҳам ўчиради, иккала муаммо бирданига тўғри келиб қолади. “Отопления”ни бекор қилиб, икки контурли котёл қилиб, уйни иситган яхши эди, шунга ҳам қўймайди булар. Бу хизматдан умуман норозиман. Менимча, бу тизимни бекор қилиш керак ёки ҳар бир уйга мослама қўйишсин, даража ўлчайдиган қурилма ўрнатишсин. Бу сув нечадир градусда келиши керак, лекин шуни ҳам ололмаймиз. Доим авария… Хоҳласа ўчиради, хоҳласа ёқади”, – дея шикоят қилмоқда Ислом Орипов.
Ҳолатдан шаҳар ҳокими хабардор
24 декабр куни Ангрен шаҳар ҳокимияти ахборот хизматининг Telegramʼдаги расмий каналига бир видео жойланган. Унга кўра, ўша куни Ангрен ИЭСнинг 10-сонли энергоблокида авария юзага келган, вазиятни шаҳар ҳокими Алишер Райимов шахсан ўрганган.
Видео давомида корхона директори в.в.б. Абдунаби Нурматов интервью бериб, муаммолар юзасидан аҳолидан узр сўраган.
“Ҳурматли ҳамшаҳарлар, Ангрен ИЭС сизлардан узр сўрайди. Сабаби бизда энергоблокда носозлик пайдо бўлди, шунинг учун блокни тизимдан ўчириб, буни бартараф қилиш ишлари кетяпти. Бунинг оқибатида шаҳарга берилаётган иссиқ сув ҳарорати пасайиши кутилмоқда. Камчиликларни бартараф қилиш учун графиклар тузилди.
Эртадан (25 декабрдан) иссиқлик ҳароратини меъёрига кўтаришни бошлаймиз, 27 декабрда тўлиқ стабил ҳароратга чиқамиз”, – деган масъул ходим.
Аммо аҳоли мурожаатларига қараганда, бу “ўрганишлар” худди кўргазма учун қилингандек. Одамлар янги йил кечасини ҳам совуқ уйларда, қават-қават кийимлар билан ўтказишаётгани жойлардаги масъуллар ишига баҳо десак адашмаган бўламиз.
Дилшода Шомирзаева
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
18:24 / 30.10.2024
Совуқ тушди, аммо уйларга иссиқлик берилмаяпти. Нега?
22:40 / 07.10.2024
Ангренда кўмир кони кенгайтирилиши сабаб уйлари кўчган ёки бузилган аҳолига 60 млрд сўмдан ортиқ пул тўланади
09:51 / 07.07.2024
Ангренда машинани соатига 157 км тезликда бошқарган аёлга чора кўрилди
16:12 / 06.07.2024