Ўзбекистон | 16:12 / 06.07.2024
23146
2 дақиқада ўқилади

Ангренда аёл машинани аҳоли пунктида соатига 157 км тезликда бошқарди

Аёл қоидабузарлиги қайд этилган видеони Instagramʼдаги саҳифасига жойлаган ва йўлларда болалар кўп ўлаётгани ҳақидаги эътирозларга “У болачаларнинг тақдири онасининг қорнида ёзилиб бўлган” деб жавоб берган.

Фото: Видеодан кадр

Сўнгги кунларда содир бўлган ЙТҲ фонида аёл кишининг Equinox машинасида аҳоли пунктида соатига 157 км тезликда ҳаракатлангани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Маълум бўлишича, Instagramʼдаги саҳифасига исм-шарифи Мадина Шамсутдинова деб ёзилган аёл машинани Ангрен шаҳри Гурум маҳалласи кўчаларида тез бошқарган ва ҳолатни видеога олиб Instagramʼдаги саҳифасига жойлаган.

Видео остидаги изоҳларда Instagram фойдаланувчилари аёлга танбеҳ бериб, машиналарнинг тез юриши оқибатида болалар ҳалок бўлаётганини ёзганда у “У болачаларнинг тақдири онасининг қорнида ёзилиб бўлган” деб жавоб берган.

Аёлнинг Instagramʼдаги саҳифасида машина бошқараётиб телефондан фойдалангани акс этган видеолар ҳам бор. Ўйлаймизки, тегишли органлар унинг бу қоидабузарликларига чора кўради.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 июл куни Навоий вилояти Хатирчи туманида 2-синф ўқувчиси пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётганида уни жуда катта тезликда ҳаракатланган машина туртиб ўтиб кетади.

Қизча пиёдалар йўлакчасига йиқилган пайтда уни соатига 142 км тезликда кетаётган BYD машинаси босиб ўтиб кетади. Оқибатда, оғир тан жароҳатлари олган қизча воқеа жойида ҳалок бўлган.

Хатирчидаги ҳалокат тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиши ортидан жуда кўп фаолллар қоидаларни бузиб ҳаракатланадиган, одам босиб ўлдирадиган ҳайдовчиларга нисатан жазолар кескинлаштирилиши лозимлигини айтиб чиқишди. Айрим блогерлар эса республика ЙҲХББни тарқатиб юбориш кераклигини ҳам ёзишди.

Мавзуга оид