Ўзбекистон | 22:40 / 07.10.2024
7709
2 дақиқада ўқилади

Ангренда кўмир кони кенгайтирилиши сабаб уйлари кўчган ёки бузилган аҳолига 60 млрд сўмдан ортиқ пул тўланади

Тошкент вилояти ҳокимлигига кўра, ушбу ҳудудда яшовчи барча мулкдорларнинг розилик хатлари олинган ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

«Ўзбеккўмир»га қарашли кўмир кони кенгайтирилиши муносабати билан Тошкент вилоятидаги Чинниобод маҳалласида яшовчи фуқароларга мулкларини бошқа жойга кўчириш ёки бузиш учун 60 миллиард сўмдан ортиқ компенсация тўланади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, биринчи босқичда 91 нафар мулкдорга 13,1 миллиард сўм компенсация маблағи тўлаб берилган бўлса, иккинчи босқичда эса 95 та кўчмас мулкни (73 та турар, 1 та нотурар, 21 та бўш ер) бошқа жойга кўчириш ишлари учун 49,2 миллиард сўм компенсация маблағи талаб этилмоқда.

Халқ депутатлари вилоят, Ангрен шаҳар Кенгашлари қарорларига асосан мулкдорлар билан очиқ муҳокамалар ўтказилиб, барча мулкдорларнинг розилик хатлари олинган ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Шунингдек, 77 та мулкдор билан нотариал келишув битимлари тузилди ҳамда 18 та кўчмас мулк объектлари (18 та бўш ер) мерос ҳужжатларини расмийлаштиргандан сўнг, нотариал келишув битимлари тузилади.

7 октябр куни пойтахт вилояти ҳокими Зойир Мирзаев маҳаллада бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан танишди, аҳоли билан суҳбатлашди. «Маҳаллий аҳолидан иборат штаб ва ишчи комиссия тузилди. Компенсация тўловларини тўлаш муддатлари ва бу борадаги ишлар шаффофлиги бўйича келишиб олинди», дея таъкидлади ҳокимлик.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Унга мувофиқ, ерни фойдали қазилмалар конларини қидириш ва қазиб олиш мақсадида компенсация эвазига олиб қўйиш жамоат эҳтиёжлари сифатида эътироф этилади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид