Жаҳон | 10:53 / 05.01.2023
6247
3 дақиқада ўқилади

Хорижий махсус хизматлар Германия электр тармоқларини кузатяпти - ОАВ

Украинадаги уруш фонида Германиянинг асосий инфратузилма объектлари тўғрисида очиқ маълумотлар ҳажмини камайтириш керак, деб ҳисоблайди мамлакат Конституцияни ҳимоя қилиш федерал идораси.

Фото: AP

Хорижий разведка хизматлари ва бошқа диверсия гуруҳлари Германиянинг рақамли, электр ва газ тармоқлари ҳақида маълумот олиш учун интернетда тизимли равишда қидирув ишлари олиб боряпти. Бу ҳақда 5 январь, пайшанба куни Süddeutsche Zeitung газетаси Конституцияни ҳимоя қилиш бўйича федерал идора (BfV) томонидан ишлаб чиқилган «Иқтисодиёт хавфсизлиги» йўриқномасига таяниб хабар берди.

Ушбу ҳужжатга кўра, интернетда эркин мавжуд бўлган нашрлар кўпинча жуда батафсил маълумотларни ўз ичига олади. Бу дастлаб бўлимлар ёки иқтисодий бозор иштирокчилари учун мўлжалланган тақдимот материалларига ҳам, объектлар ёки маршрутларнинг жойлашишини кўрсатадиган хариталар ёки диаграммаларга ҳам тегишли. Бошқа нарсалар қаторида, аксилразведка фаолияти билан шуғулланувчи BfV ҳукуматга, саноат бирлашмаларига ва корхоналарга ҳужумларнинг эҳтимолий мақсадлари ва улар заиф томонларини кўрсатмаслик учун бундай маълумотлар, хариталар ва қурилиш режаларининг интернетда эълон қилиниши ҳажмини камайтиришни тавсия этяпти.

Бундан ташқари, немис компаниялари фавқулодда вазиятлар бўйича батафсил кўрсатмаларни интернетда жойлаштирмоқда, бу эса душман разведка агентликлари ва террористик гуруҳларга ҳужумдан сўнг «сигнализация жараёнларини тўхтатиш ёки ҳеч бўлмаганда бузиш» имкониятини беради, дейилади федерал агентлик хабарида. Украинадаги уруш ва бошқа янги таҳдидлар муносабати билан Германия қонунчилигида мустаҳкамланган шаффофлик нуқтайи назаридан корхоналарнинг мажбуриятларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарур. Шу тариқа, деярли учдан бир қисми давлатга тегишли бўлган Deutsche Telekom телекоммуникация концерни Германиянинг ўзига хос «рақамли харитаси» - «Инфратузилма атласи»ни тузиш учун ундан талаб қилинадиган маълумотларнинг бир қисмини тақдим этишни тўхтатмоқчи.

Октябрь ойида диверсия натижасида Германия шимолида темирйўл ҳаракати бир неча соатга деярли бутунлай фалаж бўлиб ҳолатга келиб қолганди. Deutsche Bahn концерни ва Германия Транспорт вазирлиги оддий техник носозлик эҳтимолини истисно қилди. Бундестагнинг Европа ишлари бўйича қўмитаси раиси Антон Хофрейтер инфратузилмага етказилган зарар ортида Россия турган бўлиши мумкинлигини тан олди.

«Биз биламизки, кабеллар Германиянинг икки хил жойидан атайлаб узилган. Бу атайлаб қилинган ва маъносиз ҳаракат экани аниқ», - деди ўша пайтда транспорт вазири Фолькер Виссинг.

«Россиянинг Украинага қарши тажовузкор уруши ички хавфсизликда ҳам бурилиш нуқтаси бўлди. Биз бунга тайёрланяпмиз. Ўта муҳим инфратузилмамизни ҳимоя қилиш энг муҳим вазифадир», - деди октябрь ойида Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер.

Мавзуга оид